Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Блогер Адлия вазирлигидан узр сўради

Блогер Адлия вазирлигидан узр сўради

Фото: «Xabar.uz»

Шу йилнинг 11 июнь куни порталимизда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиевнинг «Меҳнатнинг таги меҳнат. Роҳат қачон?» номли блогпости эълон қилинган эди. Блогерлар чемпионатининг финали учун тақдим этилган ушбу блогпостда муаллиф 2018 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсундирилиши белгилангани, шу муносабат билан Адлия вазирининг 2018 йил 19 апрелдаги 122-ум-сонли буйруғи асосида 1 июлдан туманлар (шаҳарлар) ФҲДЁ бўлимлари, никоҳ уйлари ҳокимият тасарруфига ҳамда ФҲДЁдаги архивлар Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилаётгани, бироқ бу жараёнда Адлия вазирлиги меҳнат қонунчилигига зид равишда барча ФҲДЁ ходимлари билан меҳнат шартномасини бекор қилмоқчи экани ҳақида ёзган эди.

Мақолада Адлия вазирлиги меҳнат қонунчилигига зид равишда барча ФҲДЁ ходимлари билан меҳнат шартномасини бекор қилмоқчилиги, Адлия вазирлиги бўла туриб қонун доирасидан четга чиқаётгани, ўз буйруғини меҳнат қонунчилигида белгиланган нормалар доирасида қайта кўриб чиқиши мақсадга мувофиқ бўлиши ёзилган ва Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 98-моддаси бузилган деб таъкидланган.

Мақола эълон қилингач, турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Хусусан, Блогерлар чемпионатининг махсус платформасида Адлия вазирлиги номидан ёзилган раддияда ва бошқа бир неча мустақил ҳуқуқшунослар томонидан берилган шарҳларда блогпост муаллифи қонун ҳужжатларини нотўғри талқин қилгани маълум бўлди.

Чунончи, аниқланишича, Хушнудбекнинг мақоласида тилга олинган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 98-моддаси корхона, яъни юридик шахснинг мулкдори алмашган, худди шунингдек, у қайта ташкил этилган (қўшиб юборилган, бирлаштирилган, бўлиб юборилган, қайта тузилган, ажратилган) ҳолатларга нисбатан татбиқ этилади. ФҲДЁ органлари эса Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари тўғрисидаги низомнинг (рўйхат рақами 2272, 30.09.2011 йил) 2-бандига асосан юридик шахс мақомига эга эмас. ФҲДЁ органлари ходимлари учун иш берувчи бўлиб ҳудудий адлия органлари ҳисобланади. Мақолада келтирилган хатдаги Самарқанд вилоят адлия бошқармасининг ФҲДЁ ходимларига огоҳлантириши Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмининг 1-банди ҳамда 102-моддаси биринчи қисмининг 1-банди доирасида берилган.

Ушбу ҳаракатларнинг қонуний амалга оширилганини Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1998 йил 17 апрелдаги 12-сонли қарори ҳам тасдиқлайди, дейилади хатда. «Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланилиши ҳақида»ги ушбу қарорнинг 23-бандида корхонанинг алоҳида бўлмаган тармоғи (хизматлар, бўлимлар, участкалар, цехлар ва ҳ.к) фаолияти тугатилаётганда, корхона ўз фаолиятини тўлиқ давом эттираётган бўлса, кўрсатилган тармоқда ишловчи ходим билан меҳнат шартномасининг бекор қилинишига фақат ходимлар сони (штати) ёки иш хусусияти ўзгариши асослари бўйича йўл қўйилиши мумкинлигини белгиланган. Хушнудбекнинг мақоласида келтирилган огоҳлантириш хати Самарқанд вилояти адлия бошқармаси томонидан юқорида кўрсатилган қонун ҳужжатларига асосан тўғри берилган.

Адлия вазирлиги юқоридагилардан келиб чиқиб ва мазкур масала Адлия вазирлигининг ишчанлик обрўсига зарар етказиши мумкинлигини эътиборга олиб тегишли раддия берилишини сўраган.

Блогер Хушнудбек Худойбердиев вазирликнинг эътирози ўринли эканини тан олди
ва Блогерлар чемпионатининг махсус платформасида раддия берди:

«Ҳурматли муштарийлар,

юқоридаги блогпостда «Табибнинг ўзи бемор» қисмида ФҲДЁ ходимлари билан меҳнат шартномасини бекор қилиш жараёнида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги ҳақида ёзган эдим.

Бироқ ушбу жараёнлар Меҳнат кодекси 98-моддаси бўйича тартибга солинмаслиги, ФҲДЁ органлари алоҳида юридик шахс бўлмаганлиги сабабли корхона сифатида қаралмаслиги нуқтаи назаридан блогпостнинг ушбу қисмидаги даъво нотўғри  эканлигини билдириб қўймоқчиман.

Яъни Самарқанд вилояти адлия бошқармаси томонидан берилган огоҳлантириш хати қонун ҳужжатларига асосан тўғри берилган.

Қонун талаби бўйича, раддия ўша материал чиққан жойда берилиши кераклигини инобатга олиб, мазкур изоҳимни узрнома сифатида қабул қилишингизни сўрайман. Бироздан сўнг, ушбу блогпостдан «Табибнинг ўзи бемор» қисми олиб ташланади, бу ҳақида ташкилотларчиларга илтимоснома юбордим.

Тўғри тушунганингиз учун раҳмат».

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг