Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Адлия вазирлиги: ходимлардан солиқ қарздорлиги йўқлиги ҳақидаги маълумотнома талаб қилиш ноқонуний

Адлия вазирлиги: ходимлардан солиқ қарздорлиги йўқлиги ҳақидаги маълумотнома талаб қилиш ноқонуний

Айрим давлат идораларининг иш берувчилари томонидан ходимлардан солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома талаб этилаётганлиги ҳолати кўплаб учрамоқда. Маълумотнома, асосан, ходимга иш ҳақи ҳисоблаш пайтида талаб этилмоқда. Иш берувчининг мазкур талаби қонунда назарда тутилмаган.

Шу сабабли, адлия органлари жойларда бу каби маълумотномалар талаб этилиши ҳолатлари юзасидан сўровнома асосида (ташкилотларга кириб бормаган ҳолда) мониторинг тадбирини ўтказди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, қонун ҳужжатлари билан жисмоний шахслардан қуйидаги ҳолларда солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотномалар талаб этилиши мумкинлиги белгилаб қўйилган, масалан:

– фуқаролар турар жойларни алмаштириш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимлигига ариза берганда ёки мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатсиз  15 йил давомида ер участкасига эгалик қилган шахс мурожаат этганда;

– мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик амалга оширилганда;

– кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш битимлари нотариал тасдиқланганда ва бошқа шу кабиларда.

2018 йилнинг июнь ойидан бошлаб давлат хизматлари марказлари томонидан жисмоний шахсларга солиқ қарздорлиги мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотномалар бериш хизмати жорий этилди. Сўнгги  5 ой давомида марказлар томонидан 81 мингдан ортиқ маълумотномалар берилган.

Мониторинг натижалари, асосан, тиббиёт, мактаб ва мактабгача таълим муассасалари иш берувчилари томонидан шу каби маълумотномлар талаб этилаётганлигини кўрсатди.

Хусусан, Ўзбекистон туманида (Фарғона) 75 та ва Жондор туманида (Бухоро) 65 та ҳолатда тиббиёт муассасалари ходимларидан иш берувчилари маълумотномалар талаб этганлиги фактлари аниқланди.

Бу каби маълумотномалар талаб этилишининг сабабларидан бири сифатида, айрим ҳолларда солиқ органларининг ер ва мулк солиқларини ўз вақтида ундиришда амалий ёрдам бериш ҳақидаги хатлари асос бўлиб, бунда ходимлар давлат хизматлари марказига мурожаат этишга мажбур бўлишган.

Бундан ташқари, фуқаролардан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш пайтида ер тузиш ва кадастр органлари томонидан бундай маълумотномаларни талаб этилганлиги ҳолатлари ҳам учради.

Шундай қилиб, ходимлардан солиқ қарздорлиги мавжуд эмаслиги ҳақидаги маълумотнома талаб этилаётганлиги ҳолати нафақат уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказмоқда, шу билан бирга давлат хизматлари марказларида сунъий навбатларнинг ортишига сабаб бўлмоқда.

Аҳоли учун эса ноқулайликлар туғдириб, бюрократик сансалорликни бартараф этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Манфаатдор идора ва ташкилотлар, зарур ҳолларда, солиқ органларидан бу каби маълумотларни сўровнома юборган ҳолда мустақил олишлари мумкин.

Бунда, ходимда солиқ қарздорлиги аниқланса, иш берувчи қарздорликни ундириш ҳақидаги суд ёки давлат ижрочисининг ҳужжати асосида унинг ойлик маошидан ушлаб қолиш ҳуқуқига эга.

Ҳозирда Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда иш берувчилар ўз ходимларидан ҳар хил маълумотномаларни ноқонуний талаб этиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрмоқда.

Вазирлик иш берувчи қонунда белгиланмаган маълумотномалар ёки ҳужжатлар тақдим этишни талаб қилса ёхуд бунга мажбурласа, вазирликнинг 1008 қисқа рақамли ишонч телефонига ёки info@minjust.gov.uz электрон почтаси ва ижтимоий тармоқлар (Фейсбукдаги «Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией» гуруҳи, Одноклассники ва бошқалар) орқали мурожаат этишга чақирмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг