Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Андижон шаҳри жиноятлар ўчоғига айланмоқдами? Сенатор жавоб беради

Андижон шаҳри жиноятлар ўчоғига айланмоқдами? Сенатор жавоб беради

Олий Мажлис Сенати аъзоси Фарҳод Боқиев.

Куни кеча Олий Мажлис Сенати қўмитасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан Андижон вилоятида амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

Таъкидлаш жоизки, Андижон вилоятида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоясини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Ҳамкорликда кўрилган тизимли чоралар натижасида 2019 йил давомида вилоятда содир этилган умумий жиноятлар 133 тага, яъни 3,8 фоизга камайишига эришилган. Бу яхши кўрсаткич, албатта.

Бироқ умумий аҳвол мақтангудек эмас. Бунинг биринчи сабаби ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш борасида жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлар етарли даражада олиб борилмаганлигига тақалади. Мана, аҳвол:  вилоятда 463 нафар  аёллар, 1 233 нафар ёшлар ҳамда 1 394 нафар ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилишига йўл қўйилган.

Бу борада Андижон шаҳрида вазият нисбатан оғирлашганини алоҳида қайд этиш жоиз. Вилоятда жиноят содир этган ёшлар ва ишсизларнинг ҳар тўртинчиси ҳамда аёлларнинг ҳар учинчиси шаҳар ҳиссасига тўғри келмоқда.

2020 йилнинг биринчи чорагида вилоятда олди олиниши мумкин бўлган жиноятлар масаласида айрим камчиликларга йўл қўйилган ва  бунинг оқибатда шу каби 492 та турли жиноий қилмишлар содир этилган.Ўз навбатида вилоят бўйича 243 та оғир ва ўта оғир жиноятлар қайд этилган бўлиб, уларнинг 82 таси Андижон шаҳрига тўғри келади.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, вилоятда, айниқса, Андижон шаҳрида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликни жиловлаш борасида самарали натижаларга эришилган, деб бўлмайди. Боиси, жиноятларнинг ўз вақтида олдини олиш чоралари мавжуд бўлган бўлса-да, сектор ва бошқа мутасадди идоралар раҳбарлари томонидан ўз вақтида зарурий чора-тадбирлар белгиланмаган.

Шу билан бирга, вилоят ИИБ пробация гуруҳларининг фаолияти ҳам лозим даражада ташкил  қилинмаганлиги, жиноятчиларни қидириб топиш ва суд ҳукмининг ижросини таъминлаш чоралари кўрилмаганлиги оқибатида пробация гуруҳлари назоратида туриб жазо ўтаётган жами 28 нафар, шу жумладан, Андижон шаҳрида 6 нафар шахс жазони ижро этишдан бўйин товлаб хориж ва МДҲ давлатлари ҳамда республиканинг бошқа ҳудудларига қочиб кетган.

Яна бир жиҳат. Тезкор хизмат фаолияти етарли даражада ташкил қилинмаганлиги сабабли 2020 йилнинг биринчи чораги давомида вилоят бўйича қидирув эълон қилинган 963 нафар шахсларнинг 912 нафари ушланмасдан қолган ҳамда 132 та жиноятларни фош этиш чоралари кўрилмаган. Улар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, асосий қисми, яъни  310 нафар ёки қарийиб 33 фоизи Андижон шаҳрига тўғри келади.

Бундан ташқари, вилоят ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳисоб-қайд этиш интизомини бузиш ҳолатларига йўл қўйилиб, 2019 йилда 245 та ва 2020 йил биринчи чорагида 30 та ҳолатлар бўйича қабул қилинган қарорлар прокуратура органлари томонидан бекор қилиниб, ҳисобга қўйилиши таъминланган. Хусусан, ҳисоб-қайд этиш билан боғлиқ ҳолатларнинг ҳар учинчиси (275 тадан 95 таси ёки салкам 35%) биргина Андижон шаҳрига тўғри келган.

Таъкидлаш жоизки, вилоят прокуратура органлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунчилик ижроси бўйича 2019 йил ва 2020 йилнинг биринчи чорагида туман-шаҳар ИИБ бошлиқлари номига 65 та тақдимнома киритилган бўлса, шундан бор-йўғи 28 нафар ходимга интизомий чора қўлланилган, холос.

Андижон вилоятига бошқа ҳудудлардан ёки қўшни мамлакатлардан келиб жиноят содир этиш ҳоллари одатий тус олган. Жумладан, бошқа ҳудуддан келиб жиноят содир этиш ҳоллари 2019 йилда 70 тани ташкил қилган бўлса, унинг асосий қисми Андижон шаҳрида (23 та) ташкил этган. 2020 йилнинг биринчи чорагида эса жиноятларнинг 62 фоизи асосан Андижон шаҳрида содир этилган. 

Юқоридаги рақамлар ҳудудда «жиноятчиликни жиловлаш» ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида кечиктириб бўлмас чора-тадбирларни амалга оширишни тақазо этади. Хусусан,  вилоятда очилмай қолаётган 132 та жиноятларни фош этиш ҳамда 912 нафар қидирувдаги шахсларни қидириб топиш бўйича тезкор-қидирув ишларини жадаллаштириш керак. Фуқароларнинг соғлиғига нисбатан, айниқса оила-турмуш муносабатлари доирасида содир этилаётган ҳар бир жиноятнинг сабабларини ўрганиб, олдини олиш бўйича аниқ чоралар белгилаш зарур.

Шунингдек, Халқ депутатлари Андижон вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари сессияларида ҳар ойда туман-шаҳар сектор раҳбарлари, ҳар чоракда вилоят даражасидаги сектор раҳбарлари иштирокида криминоген вазият мураккаб, энг кўп жиноят содир этилаётган маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш борасида йўл қўйилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш борасидаги вазифалар ҳақида масъул мансабдор шахсларнинг ҳисоботини эшитиб боришни йўлга қўйиш шарт. 

Фарҳод Боқиев, Олий Мажлис Сенати аъзоси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг