Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Айбсизлик презумпциясининг Тергов департаментига алоқаси йўқми?

Айбсизлик презумпциясининг Тергов департаментига алоқаси йўқми?

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти сайтига навбатдаги хабар жойлаштирилди. Унда фибиригарликда айбланаётган 33 ёшли З. А.га (аёл) оид жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари поёнига етгани айтилади. Бироқ хабар сарлавҳаси нақ ҳукмнинг ўзгинаси денг: «Фирибгар аёлга нисбатан тергов ҳаракатлари якунланди»!

Конституцияга кўра (26-модда), жиноят содир этишда айбланаётган шахс то иши судда кўрилиб, айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Демак, З. А.ни ҳозирданоқ «фирибгар аёл» дея дўмбира чалвориш Конституциянинг айни тамойилига тамомила зиддир. Асосий Қонунга тескари бундай хатти-ҳаракатлар бирорта жамоа хўжалиги ёки бозор маъмурияти эмас, қонун устуворлигини таъминлашга масъул бўлган орган томонидан содир этилаётгани оддий мантиқ не, ҳатто соғлом ақлга сиғмайди.

Хабар мазмунидан фирибгарликда айбланаётган аёлга тоғни ўпириб кетмаган кўринади, зарар миқдори қисман қопланганидан келиб чиқилса, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўллангани ҳам катта савол туғдиради, рости. Жиноят иши материаллари билан таниш эмасмизку-я, бироқ ҳозирги мураккаб шароит, шунингдек айбланувчининг аёл киши экани эътиборидан унга нисбатан ҳеч йўғи уй қамоғи қўллансаям терговчиларнинг асакаси кетмасмиди, дейсан-да. Бундан оғир жиноят содир этганларга озмунча меҳрибонлик кўрсатилмаяптими?! Тизим ходимларини тикка ҳақорат қилган яллачи-ку, битта узр билан қутулиб кетаётганини айтманг...

Энг қизиғи, хабар ниҳоясида аёлни қандай жазо кутиб турганини эслатиш ҳам ёддан кўтарилмаган: «...Мазкур жиноятни содир этган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 5-8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади». Рост, қонунда шундай. Бироқ қайд этилган жазоларнинг қайси бири қўлланиши ҳали номаълум-ку?! Бу — суд ваколатидаги масала. Шундай экан, бундай мазмундаги хабарларни ҳукм оҳангида эмас, ахборот тариқасида берилиши мақсадга мувофиқдир. Йўқса, айбсизлик презумпцияси деган тамойил ИИВ учун етти ётга айланиб бораверади...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг