Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Божхона ходимига 9400 доллар пора таклиф қилинган

Божхона ходимига 9400 доллар пора таклиф қилинган

Божхона органларида коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу иллатга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ўз самарасини бермоқда.

Давлат божхона қўмитаси Коррупцияга қарши курашиш ва ўз хавфсизлик бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ва Фарғона вилояти божхона бошқармалари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган кўп босқичли тезкор тадбир давомида, давлат бюджетига ундирилиши лозим бўлган божхона тўловларини тўламаслик мақсадида божхона ходимига пора беришга уринган шахснинг кирдикорлари фош этилди.

Ушбу шахс томонидан муқаддам республикамизга 1 та контейнерда товар-моддий бойликлар олиб кирилганида, маълумотлар ва юклар ўртасидаги тафовутлар сабаб, контейнер Фарғона вилоятидаги манзил божхона постига қадар божхона кузатуви остида етказилади, белгиланган тартибда божхона кўриги ўтказилади ва бу жараёнда 800 млн сўмлик товарлар йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилмагани фош бўлади ҳамда белгиланган тартибда божхона тўловлари ундирилади.

Божхона назоратининг бу каби шакллари, табиийки, тадбиркорнинг божхона ходимлари кўзини шамғалат қилиш имконини бермасди. Шу боис кейинги гал юкларни олиб киришда ушбу шахс божхона тўловларидан қочишга уриниб, божхона ходимларини йўлдан оғдириш режасини тузади.

2020 йилнинг декабрь ойида божхона ходимларидан бирининг телефон рақамларини топиб қўнғироқ қилади ва учрашиб гаплашиб олишни таклиф қилади.

Ўзаро учрашишганида эса ушбу шахс тез кунларда унга тегишли контейнерлар хориждан етиб келишини ва мазкур контейнерларни божхона постига ўрнатилган инспекцион кўрик мажмуаси орқали сканердан ўтказмасликни ҳамда «Хавфни бошқариш тизими»да хавф гуруҳига киритмасликни сўрайди. Акс ҳолда ушбу контейнерлар божхона кўригидан ўтказилиши мумкин эди. Шу сабабли, нотаниш шахс божхона ходимига пора таклиф қилади.

Аммо ўз ишига виждонан ёндошган божхона ходими касбига садоқат намунасини кўрсатиб, белгиланган тартибга мувофиқ зудлик билан бу ҳақида ўз раҳбариятини хабардор қилади. Шундан сўнг пора таклиф қилган шахснинг жиноий ҳаракатларини фош қилишга қаратилган режа-топшириқ ишлаб чиқилади.

2021 йил январь ойининг бошларида «тадбиркор» божхона ходимига жами 9400 АҚШ доллари ва 1 дона қимматбаҳо қўл соатини пора тариқасида беради. Тезкор тадбир айнан шу ерга келганида тугатилиши мумкин эди, аммо бу вақтда контейнерлар ҳали Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келмагани боис тезкор тадбирнинг иккинчи босқичига старт берилади.

2021 йилнинг 14-15 январь кунлари кутилган 3 та контейнер «Чуқурсой техник идора» чегара-божхона пости орқали республикамизга кириб келади ва белгиланган тартибдa инспекцион кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилади.

Табиийки, контейнердаги юклар билан уларга тегишли ҳужжатлар ўртасида тафовутлар аниқланади ҳамда чуқурлаштирилган божхона кўригидан ўтказиш белгиланади.

Юкларни божхонада расмийлаштириш учун юк эгаларининг хоҳишига биноан контейнерлар Фарғона вилоятидаги «Қўқон» ташқи иқтисодий фаолият божхона постига йўналтирилади. Ушбу постга етгунга қадар контейнерлар божхона пломбалари билан муҳрланган ҳолатда бўлади ва уларни йўл давомида очиш мумкин эмас.

Лекин контейнерлар Данғара туманидаги қишлоқлардан бирига келтирилгач, кўздан пана жойда улардаги пломбаларга шикаст етказилмаган ҳолатда очилади ҳамда контейнердаги қиймати баланд бўлган товарлар – велосипедлар ва уларнинг эҳтиёт қисмларини қиймати паст бўлган бошқа товарларга алмаштиришаётган вақтда тезкор ходимлар томонидан фош қилинади.

Шунингдек, бу ерда контейнернинг темир асосларини кесиб очишда фойдаланилган мосламалар, бунда қирилган ва ранги кўчган қисмларни бўяш учун бўёқ ва бошқа ашёвий далиллар ҳам олинди.

Шундай қилиб, воқеа жойида тезкор ходимлар томонидан қиймати 4 млрд 160 млн сўмлик 2200 дона болалар, 800 дона катталар, 327 дона турли ўлчамдаги велосипед товарлари, велосипед эҳтиёт қисмлари ва бошқа товарлар, шунингдек, пора тариқасида тақдим қилинган 9400 АҚШ доллари ва 1 дона қўл соати ҳолатга аниқлик киритилгунга қадар ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида вақтинча сақловга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг