Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бунақаси кам учрайди: бир хил жиноятга ҳар хил жазолар...

Бунақаси кам учрайди: бир хил жиноятга ҳар хил жазолар...

Фото: «Forbes Украина»

Суд амалиётидаги баъзи ишлар одамнинг ҳафсаласини пир қилади. Масалан, суд бир жиноий гуруҳ аъзоларини жавобгарликка тортар экан, ўша гуруҳ раҳбарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлайди. Бироқ гуруҳнинг бошқа аъзоларини эса 18 йил, 16 йилга «кесиб» юборади?! Йўқ, бу ҳинд киноларидаги чучмал сюжет эмас, балки Ўзбекистон суд тизимда бўлган реал воқеликдир. Бу манзарани кўрган, эшитган одамнинг кўнглидан нималар ўтади?! Буям майлику-я, жавобгарликка тортилган жиноий гуруҳнинг айрим аъзоларининг шикоятидан сўнг тайинлаган 18 йиллик жазо муддатлари олти-етти йилга қисқартирилади. Бироқ шикоят ёзмаганларнинг жазо муддати 16 йиллигича қолиб кетаверади?! Бунисига нима дейсиз?

Бу ҳақда «Advokatnews.uz» сайти «Адолат устиворлиги сари» адвокатлик ҳайъати адвокати Кадир Юлчиевга таяниб ёзмоқда. Мақола шундай давом этади:

«Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати (11.11.2018 й.)  ЖИБ Тошкент вилоят судининг 2012 йил 3 августдаги ҳукмига кўра 18 йилга озодликдан маҳрум этилган (мазкур жазо ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанциясида 12 йилга камайтирилган) икки нафар маҳкум  Э. ва А.ларнинг адвокатлари томонидан назорат тартибида берилган шикоятига кўра жиноят ишини кўриб чиқиб, ажрим чиқаради.

Ажримдан маълум бўлишича (бу ёғини жиндек сабр ва чидам билан ўқийсиз, суд ҳужжатидаги баёнлардан келиб чиқиб келтирилмоқда — таҳр.) маҳкум Э. бир корхонанинг норасмий раҳбари сифатида фаолият кўрсатиб, ушбу корхонанинг бошқарувчиси ҳамда бошқа корхонанинг раҳбари лавозимида ишлаган А., шу корхона бош ҳисобчиси ва бошқа шахслар билан жиноий фаолият олиб бориш ҳақида олдиндан тил бириктириб, уюшган гуруҳ тузиб ва унга раҳбарлик қилиб, 2009 йил 10 октябрдан бошқа бир корхона раҳбари лавозимида ишлаган К. (шу шахсни эслаб қолишингизни тавсия қиламиз) ҳамда бошқалар раҳбарлик қилиб келаётган уюшган гуруҳлар билан жиноий уюшмага бирлашиб, жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб, 2011 йил якунига қадар фаолияти давомида ихтиёрида бўлган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини талон-торож қилиш, қонунга хилоф равишда жуда кўп миқдордаги валюта қимматликларини ўтказиш, солиққа доир қонунчликни бузиш, такроран мансаб сохтакорлиги, жуда кўп миқдорда пора олиш ва бериш, юридик шахсларнинг қатъий ҳисобдаги ҳужжатлари, штамплари, муҳрлари, бланкаларини эгаллаш ва уларни нобуд қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш жиноятларини содир қилишда айбли деб топилган.

Энг эътиборга молик жиҳатлардан бири эса, адвокатлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлардан маълум бўлишича, мазкур маҳкумларга доир жиноят иши бўйича жиноий уюшманинг ташкилотчиси ва раҳбари ҳисобланган шахсга ЖИБ Занигота туман суди 2018 йил 8 январдаги ҳукми билан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо — 4 йилу 4 ойдан ошиқроқ муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Шу боис Олий суд ЖИБ судлов ҳайъати «бундай ҳолатда, суд қарорларининг Э. ва А.ларга нисбатан жазо тайинлаш қисмини адолатли деб бўлмайди» деган хулосага келади. Шулар ва бошқа асосларга кўра Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати ўз ваколатларидан келиб чиқиб, ҳукмни ўзгартиради ва Э.га 6 йилу 8 ой, А.га 6 йилу 9 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлайди.

Жиноий гуруҳ бошлиғига озодликни чеклаш жазоси раво кўрилган бир пайтда унинг аъзолари 6-7 йилга озодликдан маҳрум қилинар экан, демак, шунга асос бордир. Зеро, ҳар ҳолда, 18 йил қаердаю 6-7 йил қаерда?

Бироқ адвокат эътирози эса сал бошқачароқ йўналишда: «Агар эътибор қилган бўлсангиз, Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати икки нафар шахснинг адвокатлари томонидан киритилган назорат тартибидаги шикоятлар асосида жиноят ишини ўрганар экан, биринчи инстанция суди томонидан мазкур жиноят иши бўйича судланганларга «қилмишларига номувофиқ меъёрда жазо тайинлаган» деб топган бўлса-да, фақат шикоят қилган икки нафар маҳкумга тайинланган жазоларнигина камайтириш билан чекланиб, «суд қарорининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилсин», дея ажрим чиқарган. Оқибатда худди шу жиноят иши бўйича судланган жиноий гуруҳнинг ёппасига айбланган бошқа аъзоларига тайинланган ўша «қилмишларига номувофиқ меъёрда»ги кўп йиллик жазолар қолиб кетаверган. Уларга тегишли қисм нега ўзгаришсиз қолдирилмаганлиги эса асосланмаган. Энди айтингчи, шу адолатга тўғри келадими? Қолаверса, юқори инстанция суди қуйи инстанция судларининг хатоларига нафақат ўзи кўрган жиноий ишда дуч келганида, балки бошқа қайсидир йўл билан ўзига етган далиллар асосида аниқлаганида ҳам уларни бартараф қилиши шарт эмасми? Олий суддек идора ўзининг қуйи тизимларида ноҳақликка йўл қўйилганини кўра-била туриб унга кўз юмиши мумкинми? Ваҳоланки, мавжуд қонунчиликка кўра Олий суд жиноят иши ҳужжатларини ўз ташаббуси билан ҳам назорат тартибида қайта кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ушбу ажрим билан жазоси енгиллаштирилганларнинг шериги сифатида қайд этилганлардан бири, яъни К.га тайинланган жазо ҳам (биринчи инстанция суди 16 йил, кассация инстанцияси суди 11 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайилаган) худди Э. ва А.га берилгани каби асоссиз равишда жуда ортиқча бўлганлиги боис уни ҳам қайта кўриб чиқишни сўраб адвокат Р.Далимов томонидан Олий судга мурожаат ёзилган. Аммо Олий суд судьяси З.Файзиев томонидан берилган «қисқа ва лўнда» жавобда мазкур шахсга нисбатан чиқазилган ҳукмнинг тўғри эканлиги айтилади, холос.

Бундай қуп-қуруқ жавоб эътироздан бошқа нарсани келтириб чиқармайди. Айниқса, мазкур жиноят ишида маҳкумлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ижтимоий хавфига ҳуқуқий баҳо берилмасдан, ёппасига деярли бир хил жазо тайинланган. Ҳеч бўлмаса айбланувчиларнинг лавозими ва вазифасига, қайси бири жиноий гуруҳ етакчисию, қайси бири оддий ижрочи эканлигига ҳам эътибор қаратмаган. Ҳатто жазонинг жарима қисми ҳам ҳаммаси учун тийин-тийинигача бир хил. Шу боис ҳам кассация инстанцияси Э. ва А.га берилган 18 йиллик жазоларни 12 йилга, К.га тайинланган 16 йиллик жазони 11 йилга камайтирган (бошқа маҳкумлар бўйича ҳам жазолар шу каби деярли пропорционал қисқартирилган). Шундай бир ҳолатда юқори инстанция саналадиган Олий суд ҳайъати айрим маҳкумларга берилган жазо муддатларини кескин қисқартириб, бошқаларини ўзгаришсиз қолдирар экан, буни албатта асослаб бериши керак эмасми? Агар шундай тушунтириш берилмаса, адвокатни қўя турайлик, бошқа маҳкумлар, оддий халқ бундай турлича муносабатни қандай баҳолайди?

Бунинг устига, яна аниқ мисолимизга қайтадиган бўлсак, Э. ва А.лар учун жазо муддатини енгиллаштиришга асос қилиб олинган «қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, ёши, оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани, муқаддам судланмагани, жиноятларни содир этишдаги иштирок даражаси», етказилган зарарни тўлаганлиги каби жиҳатлар жазоси ўзгаришсиз қолган маҳкум К.да ҳам мавжуд. Қолаверса, К.нинг соғлиғи ҳам айни пайтда анча ёмон бўлиб, бир қанча оғир хасталикларга чалинган, ҳатто қамоқдалик пайтида оғир жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказгани боис юриш ва тик туриш имконидан ҳам маҳрум бўлиб қолган.

Хуллас, мен адвокат сифатида, ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда К. бўйича ёзилган шикоят мазмуни Олий суд судьяси томонидан ўрганиб кўрилмасдан, унга номигагина жавоб берилган деб ҳисоблайман. Чунки аксарият шикоятларга Олий суддан мана шунақа асослантирилмаган жавоб келишига ўрганиб қолганмиз.

Шуларни ўйласанг, мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида ҳали ечимини кутаётган муаммолар жуда кўплигини тан олмасликнинг иложи қолмайди. Аммо, энг муҳими, уларни бартараф этиш бўйича қандай аниқ чоралар кўрилмоқда деган саволга, шахсан менда, жўяли жавоб йўқ...»

...Таҳририят мазкур жиноят иши ҳужжатлари билан тўлиқ таниш эмас. Шу боис адвокатнинг бу масаладаги мулоҳазаларини ҳимоя қилиш фикридан ҳам йироқ. Умуман, бу ўринда келтирилган мисол кимнидир ҳимоя қилишни назарда тутмайди. Балки, асосий гап, битта жиноят иши бўйича «алоҳида мақом»га эга гуруҳ раҳбарига енгилроқ, бошқа — қилмиши деярли бир хил бўлган маҳкумларга  бир-биридан кескин фарқ қилувчи жазолар тайинлангани, дарҳақиқат, жиддий ўйлаб кўриладиган масала. Зеро, қонун барчага баробар, илло адолатнинг мазҳаби бўлмайди.

P.S.: Юқорида мисол келтирилган масала бўйича адвокат томонидан жорий йилнинг 18 январь куни Олий судга назорат тартибида такрорий мурожаат қилинган бўлиб, ҳалигача жавоб келмаган. Ваҳоланки, Жиноят-процессуал кодексининг 514-моддасида энг узоқ муддат 2 ой эканлиги кўрсатилган: «Назорат тартибидаги шикоят бир ойгача бўлган муддатда, иш талаб қилиб олинадиган ва текшириладиган ҳолларда эса икки ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг