Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Cирдарёда ушланган ҳоким ўринбосари ва унинг ҳамтовоғига нисбатан суд ҳукми ўқилди

Cирдарёда ушланган ҳоким ўринбосари ва унинг ҳамтовоғига нисбатан суд ҳукми ўқилди

Охирги пайтларда фирибгарлик орқали мўмай даромад олишга қаратилган жиноятларга кўзимиз тушиб қолади.

Ҳаётда шундай қинғир ишлар бўладики, у ҳақда эшитган вақтимизда беихтиёр «Туппа-тузук одам эди-ку, нима жин уриб номақбул ишларни қилибди?» — дея ҳайрон қоламиз. Аслида бунинг сабаби нафс балосига ва текин бойлик ортиришга бориб тақалади.

Суд амалиётида бунга мисоллар етарлича топилади.

Масалан, М.Холбеков Сирдарё вилояти ҳудудий «Чорванасл» маркази Гулистон тумани етакчи мутахассиси лавозимида ишлаб келиб, бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктириб, фуқаро М.Каримованинг ишончига кириб, Гулистон тумани ҳокими ўринбосари Б.Салиметовга 400 АҚШ доллари миқдорида пора бериш эвазига, Гулистон тумани, «Юлдуз» массивида кам таъминланган оилалар учун қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойлардан хонадон олиши учун рўйхатга қўйиб, ёрдам кўрсатиш ҳақида алдаб, Гулистон тумани ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими маъмурий биносида фуқаро М.Каримовадан 400 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шундан сўнг, М.Холбековнинг аризасига асосан шу куни тезкор тадбир давом эттирилиб, Гулистон тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Б.Салиметов фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида, хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаро М.Каримовани Гулистон тумани, «Юлдуз» массивида кам таъминланган оилалар учун қурилаётган кўп қаватли арзонлаштирилган уй-жойлардан хонадон олиши учун рўйхатга қўйиб, ёрдам бериш эвазига олдиндан талаб қилган 400 АҚШ долларини М.Холбековдан Гулистон шаҳри, «Ўзбекистон» шоҳ кўчаси, Сирдарё вилояти Товар хом-ашё биржаси биноси яқинида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд, мазкур жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиб, Б.Салиметовга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 3-қисми «в» банди билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 2 йил 6 ой муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравари миқдорида-73.500.000 сўм жарима жазосини, М.Холбековга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25,168-моддаси 2-қисми «б» банди, 28,211-моддаси 1-қисми билан ЖКнинг 45, 59, 61-моддалари тартибида 2 йил муддатга давлат органларида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 2 йил 2 ой озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Гувоҳи бўлганингиздек, алдов ва фириб йўли билан топилган бойлик Б.Салиметов ва М.Холбековга буюрмади, улар топган-обрўсини тушириб, эл-юрт олдида уятга қолгани бўлди.

Хулоса қилиб айтганда, ноннинг ҳалоли ширин. Кўпни кўрган кексаларимиз бекорга «Яримта нон - ҳузури жон» дейишмаган. Алдов, фириб, умуман, жиноий йўл билан топилган ноҳалол бойлик ҳеч кимга, ҳеч қачон буюрмайди.

Б.Мамадаминов,
Сирдарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

У.Джумаев,
Жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг раиси

Манба: sxabar.uz

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг