Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Депутат қамалиши мумкинми?

Депутат қамалиши мумкинми?

Олий Мажлиқ Қонунчилик палатаси мажлиси.

Фото: parliament.gov.uz

Қонунчилигимизга кўра, сайлов куни 25 ёшга тўлган ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида камида 5 йил муқим яшаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қонунчилик палатасининг депутати бўлиши мумкин. Депутат 5 йил муддатга сайланади.

Депутатлар ўз ваколатлари даврида ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас. Илмий ва педагогик фаолият бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига кўра қуйидагилар иммунитет ҳуқуқидан (Иммунитет ҳуқуқи — «immunity» лотинча «immunitas» сўзидан олинган бўлиб, бирор нарсадан озод қилиш — конституциявий ҳуқуқда айрим тоифадаги давлат мансабдор шахсларининг имтиёзи бўлиб, уларнинг дахлсизлигини англатади) фойдаланадилар:

— депутатлар,

— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари,

— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман),

— Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил;

— судьялар;

— прокурорлар.

Иммунитет ҳуқуқига эга шахслар ушлаб турилиши ҳамда ички ишлар органига ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб келиниши мумкин эмас.

Депутатларнинг дахлсизлиги депутатнинг барча хатти-ҳаракатлари, шу жумладан, у парламент мажбуриятларини бажармаётган вақтда содир этган хатти-ҳаракатлари учун ҳибсга олишни ёки суд жавобгарлигига жалб қилишни тақиқланганида ифодаланади. Депутат дахлсизликдан фақат депутатлик мандати амалда бўлган муддат мобайнида фойдаланади. Депутат дахлсизликдан ўзи аъзо бўлган палата томонидан маҳрум этилиши мумкин. Дахлсизлик агар депутат бевосита жиноят устида қўлга олинган ҳолларда ўз-ўзидан бекор қилинади (бу ҳолатда палата фақат депутатни таъқиб қилишни тўхтатишни талаб этиши мумкин). Дахлсизликдан маҳрум этилган ҳолларда парламент аъзосининг жиноятини баҳолаш палатанинг дахлсизликдан маҳрум этиш тўғрисидаги қарорида кўрсатилмаган далилларга асослана олмайди. Парламент мандати муддати тугаганидан сўнг депутат олдин содир этган ва ўзининг дахлсизлиги туфайли илгари таъқиб қилинмаган хатти-ҳаракати учун суд жавобгарлигига жалб этилиши мумкин.

Депутат ўзининг ваколатлари муддати мобайнида дахлсизлик ҳуқуқига эга бўлади.

Тегишли халқ депутатлари Кенгашининг розилигисиз депутат мазкур ҳудудда жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Депутат тегишли халқ депутатлари Кенгашида овоз бериш чоғида фикр билдиргани ёки нуқтаи назарини баён этгани учун ҳамда ўз ваколатларини амалга ошириши билан боғлиқ бошқа ҳаракатлари учун, шу жумладан, ваколатлари муддати тугаганидан кейин ҳам жавобгарликка тортилиши мумкин эмас. Агар шундай хатти-ҳаракатлар муносабати билан депутат ҳақорат ва туҳмат қилишга ёки қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган бошқа қонунбузарликларга йўл қўйган бўлса, у дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда жавобгарликка тортилади.

Жиноят процессуал кодексининг 239-моддасига кўра, Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзосига нисбатан — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тегишли палатаси ёки унинг Кенгаши розилиги билан қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиши мумкин.

Дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш мумкинми?

Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишинча вилоят, туман, шаҳар прокурорининг ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан халқ депутатлари Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилади. Сенатор этиб сайланган депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ҳал этилади.

Депутатни жавобгарликка тортишга розилик олиш тўғрисида қуйи прокурор томонидан киритилган тақдимномани юқори турувчи прокурор чақиртириб олиши мумкин.

Депутатни жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тўғрисидаги прокурор тақдимномаси тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан кўриб чиқилади, сессиялар оралиғидаги даврда эса мазкур халқ депутатлари Кенгаши раҳбари ёки унинг вазифасини бажарувчи мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор кейинчалик тегишли халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Халқ депутатлари Кенгашининг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори дарҳол тегишли прокурорга юборилади.

Депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик олган прокурор иш юритиш тамомланган кундан эътиборан уч кунлик муддат ичида тегишли халқ депутатлари Кенгашига ишни тергов қилиш, судда кўриб чиқиш натижалари тўғрисида хабар қилиши шарт.

Тегишли халқ депутатлари Кенгашининг депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилишга розилик беришни рад этиши унга нисбатан жиноят ишини юритишни ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазони назарда тутадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни истисно этадиган ва бундай ишларни тугатишга сабаб бўладиган ҳолат ҳисобланади.

Халқ депутатлари Кенгашининг қарорига рози бўлмаган тақдирда, юқори турувчи прокурор тегишинча юқори Кенгашга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига ёки Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига қарорни бекор қилиш ва масалани тегишли халқ депутатлари Кенгаши қайта кўриб чиқиши учун топшириш тўғрисида тақдимнома киритишга ҳақлидир.

Агар депутат ўзи халқ депутатлари Кенгаши депутати бўлган вилоят, туман ёки шаҳар ҳудудидан ташқарида жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса, депутатни жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш талаб қилинмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг