Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғоналик 5 ёшли қизчанинг ўлимига оид мудҳиш жиноят тафсилотлари маълум қилинди

Фарғоналик 5 ёшли қизчанинг ўлимига оид мудҳиш жиноят тафсилотлари маълум қилинди

Фото: «uznews.uz»

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида жорий йилнинг февраль ойида 5 ёшли қизни йўқолиши ва кейинчалик унинг вафот этган ҳолда топилиши ижтимоий тармоқларда тарқалиб, анча шов-шувга ва турли хил гап-сўзларга сабаб бўлди. Хўш, аслида нима бўлган эди? Мудҳиш жиноят қандай содир этилди? Боғча тарбияланувчисининг ўлимида айбдор ким?

Мазкур ҳолат бўйича Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган, деб хабар бермоқда «ЎзА».

Дастлабки тергов натижасига кўра, Қўштепа туманида яшовчи 1998 йилда туғилган Акмал Абдураҳмонов Олтиариқ тумани Полосон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 5 ёшли Кибриё Ғоффоралиевани 2018 йил 5 февраль куни ўзи қатнайдиган 6-мактабгача таълим муассасасидан чиқиб кетаётганида ўғирлаган. У ўзининг велосипедида Олтиариқ тумани Тинчлик маҳалласи ҳудудидан ўтган Тошкент-Марғилон-Андижон йўналишидаги темир йўлнинг 244 километр 6-пикетида атроф қоронғу бўлишига қарамай, қизчани қаровсиз ҳолда ташлаб кетган.

Қаровсиз қолган К.Ғоффоралиева темир йўлдан ўтиб бораётган 62-поезднинг бўртиб чиққан қисмларига урилиб, ҳаёти учун хавфли бўлган кўплаб тан жароҳатлари олиши оқибатида воқеа жойида вафот этган. Ички ишлар идоралари томонидан олиб борилган тезкор қидирув давомида мазкур жиноятни содир этган А. Абдураҳмонов қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди айни пайтда А.Абдураҳмоновга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқмоқда.

– Мазкур жиноят ишида судланувчи А.Абдураҳмонов оғир оқибатларга сабаб бўлган одам ўғирлаш ҳамда одамнинг ўлимига олиб келган ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган ва ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имкониятидан маҳрум бўлган шахсни хавфли аҳволга солиб қўйиш каби жиноятларни содир этганликда айбланмоқда, – дейди жиноят ишлари бўйича Тошлоқ туман суди раиси Азамат Ҳабибуллаев. – Судланувчи тегишлича Жиноят кодексининг 137-моддаси (одам ўғирлаш) ва 117-моддаси (хавф остида қолдириш) жиноятларини содир этганликда айбланган.

Судланувчи А.Абдураҳмоновга нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Мурғак бир қизча бевақт ҳаётдан кўз юмди. Мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчисининг ўлими ҳамда содир этилган бу мудҳиш жиноят барчани жунбушга келтирди.

Жиноят ишини суд мажлисида кўриш бошланиб, ҳозирги кунда суд тергови давом этмоқда.

Мазкур жиноят иши бўйича тўлиқ тафсилотлар ҳамда суднинг ҳукми ҳақида яна маълумот берилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг