Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фуқарони сарсон қилган ва қўрқитган нотариус ишдан олинди

Фуқарони сарсон қилган ва қўрқитган нотариус ишдан олинди

Фото: «Антикор»

Тошкент шаҳридаги Олмазор туман 7-сон давлат нотариал идораси нотариуси А.Қувондиқова сансалорликка йўл қўйгани учун ишдан бўшатилди. Бу ҳақда «Инсон ва қонун» газетаси хабар берди.

Мақолада нотариус фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини амалга оширишда беғараз кўмак кўрсатиш, унга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, улар билан қўпол муомалада бўлмасликни унутгани сабаб ишдан олингани ёзилган.

Мазкур давлат нотариал идорасига квартира ҳадя шартномасини тасдиқлаш масаласида мурожаат қилган С.Аманова зарур ҳужжатларни тақдим этганига қарамасдан, нотариус томонидан ҳадя қилувчининг умумий мулкига нисбатан суд орқали вафот этган турмуш ўртоғининг ҳам улуши белгилаб берилиши лозимлиги тўғрисида нотўғри талаб қўйилган.

Ушбу ҳолат бўйича Адлия вазирлигининг масъул ходимлари томонидан нотариусга масалани судга мурожаат қилмасдан ҳал этиш йўллари тушунтирилган. Бироқ А.Қувондиқова бу тушунтиришларни рад этиб, қўполлик билан фуқаро С.Амановадан ортиқча ҳужжатлар талаб қилишда давом этган.

Натижада фуқаро бошқа нотариусга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Ушбу нотариал ҳаракат қисқа муддатда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда расмийлаштирилган.

Мурожаат юзасидан вазирликка чақирилган нотариус А.Қувондиқова масъул ходим иштирокида фуқаро С.Аманова билан қўпол муомалада бўлиб, уни ҳақорат қилган. Шунингдек, мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида холисликни таъминлашга салбий таъсир қилиш мақсадида фуқарога босим ўтказиб, унга нисбатан маҳалла фуқаролар йиғинидан салбий тавсифнома олганини айтиб, қўрқитишга уринган.

Хуллас, нотариус фуқаронинг бир неча кун мобайнида овора бўлишига, шунингдек, вазирликка такроран шикоят билан мурожаат қилишига сабаб бўлган.

Оқибатда ички меҳнат тартиби қоидаларига асосан А.Қувондиқова билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг