Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ» –Шавкат Мирзиёев

«Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ» –Шавкат Мирзиёев

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда президент Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида содир бўлган фожиали ҳолатларга муносабат билдирди.

Шунингдек, Ҳозирги тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермаслиги таъкидланди.

– Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби! – дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Президент ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарурлигини қайд этди.

Вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари, барча сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида ушбу талабларга қатъий амал қилинишини таъминлаши шартлиги қайд этилди.

– Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Маълумки, одил судловнинг ажралмас қисми – адвокатура, ушбу институтнинг адолат қарор топишидаги ўрни беқиёс.

Ўзбекистонда бугун 4 минг атрофида адвокат фаолият кўрсатиб, 8,5 минг аҳолига ўртача битта шундай мутахассис тўғри келмоқда.

Адвокатларнинг 43 фоизи Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган бўлиб, вилоятларнинг 20 та туманида бирорта ҳам адвокатлик фирмаси рўйхатдан ўтмаган.

Адвокатлик фаолиятини бошлаши учун ёш мутахассислардан 2 йил юридик стаж талаб этишни бекор қилиш, талабаликдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартибини жорий этиш кераклиги таъкидланди. Юридик олий ўқув юртларида «адвокатлик фаолияти» мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрланадиган бўлди.

Давлат томонидан тақдим этилган адвокатларни танлашнинг очиқ-ошкора тартиби йўқлиги боис айрим терговчилар ўзига таниш адвокатларни чақириб, айбланувчига таъсир ўтказиш ҳоллари учраб туради. Масалан, Тошкент шаҳрида давлат томонидан адвокатларга ўтган йили 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлса, ушбу маблағнинг тенг ярми 20 та адвокатлик фирмасига берилган (жами 746 та шундай фирма мавжуд).

Шу сабабли тегишли вазирликларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини ишга тушириш топшириғи берилди. Бу дастлаб пойтахтимизда эксперимент тариқасида жорий этилади.

Шунингдек, ўта оғир жиноятда айбланаётган шахсларнинг иши бўйича, ундан ташқари, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган ҳолатларда ҳам адвокат иштирокини мажбурий этиб белгилаб қўйиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Адвокатлик фаолияти жозибадорлигини ошириш, бу касб эгаларининг ҳимояси ва кафолатини кучайтириш бўйича қонун ҳужжатлари пакетини ишлаб чиқиб, муҳокамага олиб чиқилади.

Суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бугунги давр талабидир. Жорий йил якунига қадар Олий судда ягона «Адолат» ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш вазифаси юклатилди.

Бунда барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилади.

Судлар жорий йилда видеоконференция алоқа тизими билан 100 фоиз қамраб олиниши лозимлиги таъкидланди.

Видеоселектор йиғилишида навбатдаги муҳим масала – коррупцияга қарши кураш борасида ислоҳотлар муҳокама қилинди.

Жумладан, 143 та давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилиб, 35 та идорада талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ва хизмат кўрсатиш вақти 2 ҳисса қисқарди. Бюджет харажатлари, давлат харидлари, ер, бино ва иншоотларни олди-сотди қилиш жараёнларига ошкоралик ва очиқлик тамойиллари жорий этилди.

Маълумки, кеча, 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этиш ҳақидаги фармонни қабул қилди.

Агентлик тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан бирга қуйидаги вазифаларни амалга оширади.

Биринчидан, барча вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари ўз ҳудудларида, тармоқ раҳбарлари ўз тизимларида Агентлик билан бирга бир ой муддатда Коррупциядан ҳоли дастурини ишлаб чиқади. Бунда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда соҳаларни рақамлаштириш энг асосий вазифа бўлади.

Иккинчидан, коррупциянинг олдини олишда таъсирчан парламент ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилади. Жумладан, Агентлик коррупцияга қарши курашиш ишларининг ҳолатини таҳлил қилиб, ҳар йили Президент ва Олий Мажлис палаталарига миллий ҳисобот киритиб боради.

Шунингдек, Агентлик кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бирга аҳоли ва тадбиркорларнинг коррупцияга муносабатини ўрганиб бориши ва давлат идоралари фаолиятини баҳолаб бориши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Учинчидан, коррупцияга қарши курашишда кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор берилади. Бунинг учун Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университетида коррупция муаммоларини ўрганиш бўйича алоҳида ўқув модули, махсус кафедра ва магистратура мутахассислиги очилади. Шунингдек, раҳбар ходимлар, айниқса, ҳокимларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини шакллантириш бўйича малака ошириш курслари ташкил этилади.

Мутасаддилар йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ижросини ташкил этиш юзасидан ахборот берди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг