Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳаммаси «замҳоким»дан бошланган экан. Ортиқхўжаев кимларга таҳдид қилгани маълум бўлди

Ҳаммаси «замҳоким»дан бошланган экан. Ортиқхўжаев кимларга таҳдид қилгани маълум бўлди

Фото: Vohapress.uz

Кечадан буён Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларни шарманда қилиш, ҳатто жисмонан йўқ қилиб юбориши мумкинлиги муҳрланган аудиосидан кенг жамоатчилик ларза келиб турибди.

Бош прокуратура баёнот бериб, ҳолат ўрганилаётганини маълум қилганидан сўнг ҳадемай ҳокимнинг қаҳрига кимлар, қачон ва нима учун учраганига ойдинлик киритилишига шубҳа қолмаган эди (амалдорга қандай чора кўрилиши — алоҳида ва ҳозирча башорат қилиб бўлмайдиган мавзу). Бироқ воқеалар ривожи жамоатчиликни кўп куттирмади. Аён бўлдики, Ортиқхўжаевнинг «оташин нутқи» «Kun.uz» мухбирларига қаратилган экан! Бу ҳақда сайтнинг ўзи маълум қилмоқда.

Сайтнинг ёзишича, мазкур таҳдид «...шаҳар ҳокимидан Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов билан боғлиқ воқеанинг эртасига «Kun.uz» мухбирлари Раҳматилла Исроилов, Шерзод Эгамбердиев ва Баҳодир Аҳмедов ҳоким қабулида бўлган чоғда янграган. Ўша куни ҳоким Олмазор тумани ҳокимининг эндиликдаги собиқ ўринбосари А.Ваҳобов ва мухбирларни ўз ҳузурига чорлаб, уларни яраштирмоқчи, ўртадаги тушунмовчиликни ҳал қилмоқчи бўлган. Аммо пойтахт раҳбари томонларни муросага келтира олмагач, журналистларга таҳдид қилишга ўтади. «Таҳририят ҳоким билан учрашув вақтидаги аудиоёзувни Ваҳобов ва «Kun.uz» ўртасидаги низоли вазият қасд олишга айланиб кетмаслиги ҳамда шаҳар ҳокимининг обрў-эътиборига путур етказмаслик учун оммага ошкор қилиш фикридан воз кечган эди», дея алоҳида қайд этади «Kun.uz». Шунингдек, қўшимча қиладики: «...16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда шу воқеага оид аудиоёзув тарқалишига таҳририятнинг алоқаси йўқ».

Тарқалган аудиода ўша кунги «суҳбат манзараси» тўла акс этмаган, шу боис таҳририят: «...Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзлари ёзиб олинган тўлиқ форматдаги аудиоёзувлар «Kun.uz» таҳририятида мавжуд бўлиб, белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага тақдим этилиши» мумкинлиги айтади.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 14 август куни Олмазор тумани ҳокими ўринбосари А.Ваҳобов «Kun.uz» журналистларига ташланиб, таҳририят мулки бўлган техника воситасини (штатив) синдириб ташлайди. Айни ҳолат тасвири оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши ортидан катта шов-шув келиб чиққанди. Воқеликнинг эртасига Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати А.Ваҳобов билан интервью уюштиради ва унда туман ҳокими ўринбосари журналистни ўта оғир жиноятда айблаб (пора бериш), гўёки унинг «йўриғига юрмагани» учун ўзи ҳақида танқидий материал тайёрлаганини айтади.

Ўз навбатида журналист ҳоким ўринбосари туҳмат қилаётганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилади.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар прокуратураси ҳолат юзасидан бир эмас, икки бор терговга қадар текширув ўтказиб, ҳар икки ҳолатда ҳам туман ҳокими собиқ ўринбосарининг хатти-ҳаракатларидан жиноят аломатларини топмайди, гўё...

Пойтахт прокуратураси куни кеча оммавий ахборот воситалари ходимлари учун фавқулодда матбуот анжумани уюштириб, «Kun.uz»&«замҳоким» можароси бўйича ахборот бериш асносида «бир тўхтамга келиб олиш» таклифини илгари сурганди. Бироқ шаҳар прокуратурасининг бу тадбири «емагани»дан хабарингиз бор

«Xabar.uz» ахборот-таҳлилий портали воқеалар ривожини диққат билан кузатиб боради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг