Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ИИБ ходими хоразмлик журналистнинг ноутбуги ва телефонини олиб қўйди

ИИБ ходими хоразмлик журналистнинг ноутбуги ва телефонини олиб қўйди

Фото: «Xabar.uz»

Ўзининг ўткир қалами билан танилган журналист, «Қишлоқ ҳаёти» газетаси ва «Муштум» журнали мухбири Болтабой Матқурбоновнинг шахсий ноутбуги ва телефони ИИБ ходимлари томонидан олиб қўйилган.

Давлатназар Рўзметов бир неча кундан бери ўз буюмларини қайтариб ололмай сарсон бўлаётган журналист билан суҳбатлашган:

— 21 июль куни мени қишлоғимиздаги ИИБ таянч пунктига чақиртиришди. У ерда ўзини Қўшкўпир туман ИИБ ходими Атабаев Дониёр деб таништирган, фуқаролик кийимидаги йигит мендан Маҳмуд Ражабов билан қандай алоқам борлиги ҳақида суриштирди. Мен унга шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб билан ҳамкасб сифатида дўстона алоқам борлигини билдирдим. Шундан кейин у билан ижтимоий тармоқлардаги ёзишмаларимни аниқлаш учун телефон ва ноутбукни кўрсатишимни сўради. Уйга бориб, мен уларга Маҳмуд Ражаб билан ёзишмаларни барчасини кўрсатдим. Улар эса ҳеч қандай ҳужжат кўрсатмасдан, ноутбукни олиб кетишларини, эртага ИИБга борсам, қайтариб беришларини айтишди.

Мен 23 июль куни Қўшкўпир туман ИИБга бордим. Ноутбукни сўрасам, телефонингизни ҳам беришингиз керак экан, деб уни ҳам олиб қўйишди. Телефоним ва ноутбукни обдон текшириб, уларда диний экстремизм билан боғлиқ маълумотлар йўқлиги ҳақида далолатнома тузишди, лекин менга нусхасини беришгани йўқ!

Мендан тортиб олинган нарсаларни эса, энди Хоразм вилоят ИИБ терговчиси Умрбек Йўлдошевдан олишимни билдиришди. Бир неча бор вилоят ИИБ биносига мендан олинган шахсий буюмларни олмоқчи бўлиб бордим. Терговчи ҳали менга келтиришмади, дейди, Дониёр Атабаев мен Умрбек Йўлдошевга бердим дейди! Менинг айбим нима билмайман!

30 йилдан ортиқ умримни ёшларга таълим бериш ва журналистикага бағишладим. Халқимизга ва давлатимизга ҳалол хизмат қилдим! Фақат уйимизга ИИБ ходимлари келиб менга тегишли нарсаларни олиб кетиши оиламдагиларни хавотирга солиб қўйди. Очиғи, мен ўзим учун қўрқмайман, яқинларимни сиқилишидан хавотирланаман, холос! — дейди журналист.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг