Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ИИБ ходимларига пора бермоқчи бўлган 15 нафар шахс қўлга олинди

ИИБ ходимларига пора бермоқчи бўлган 15 нафар шахс қўлга олинди

Фото: «ngs42.ru»

Шу йилнинг сентябрь ойидан ноябрь ойи охирига қадар 15 нафардан ортиқ фуқаро ички ишлар органлари ходимларига пора таклиф этиш эвазига ишини ноқонуний тарзда ҳал этмоқчи бўлганида далилий ашёлар билан қўлга олинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, Фарғона вилояти Риштон туманида жорий йилнинг 16 сентябрь куни Риштон тумани халқ таълими бўлимининг махсус таъмирлаш эксплуатация хизмати таъминотчиси Б.А. Боғдод тумани кўмир тарқатиш омборидан Риштон туманидаги умумтаълим мактаби учун кўмир маҳсулотларини олиб, уларни бошқа фуқароларга ноқонуний равишда сотаётгани юзасидан аниқланган маълумотларни ҳужжатлаштирмаслик ҳамда жавобгарликка тортмаслик учун ички ишлар органида хизмат олиб бораётган ходимга пора таклиф этган. Уни бераётган вақтида вилоят ИИБ ва прокуратура органлари ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан фуқаро Б.А.га нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, 2018 йилнинг 25 сентябрь куни Хоразм вилояти Хонқа туманида ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида фуқаро Х.И. 4 нафар шериги билан автомашиналар тўхташ жойида таваккалчиликка асосланган қимор ўйинларини ўйнаб ўтирганлиги аниқланган. Шундан сўнг, фуқаро Х.И. ҳолатни қонуний расмийлаштирмаслик эвазига ИИБ ходимларидан бирига пора таклиф қилиб, хизмат хонасида пул бераётган вақтида ички ишлар ва прокуратура органлари ходимлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Шунингдек, жорий йилнинг 25 сентябрь куни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида фуқаро Ж.М. қўшнисини ҳақоратлаб, уриб ҳуқуқбузарлик содир этган ҳолати юзасидан ходимга пора таклиф қилиб, ишни бости-бости қилмоқчи бўлиб, ходимга пул бераётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари вакиллари томонидан қўлга олинган.

Бундан ташқари, ана шундай ҳолатлар 2018 йилнинг 21 сентябрь куни Қашқадарё вилоятининг Китоб туманида, 29 сентябрь куни ушбу вилоятнинг Косон туманида, 6 октябрь куни Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида, 22 октябрь куни Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида, 30 октябрь куни Жиззах вилоятининг Жиззах шаҳрида, 5 ноябрь куни Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида ва яна бир нечта вилоятларда ҳам фуқаролар томонидан шу турдаги жиноятлар содир этилган.

Жумладан, 19 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида жойлашган меҳмонхоналардан бирининг иш бошқарувчиси Р.Ф. ўзи ишлаётган меҳмонхонада аниқланган қўшмачилик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштирмаслик ва тергов органига тақдим этмасликни сўраб, Самарқанд вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимига пора таклиф қилган.

Ушбу ҳолат юзасидан 20 ноябрь куни вилоят ИИБ ва прокуратура органлари вакиллари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Р.Ф. ходимга хизмат хонасида хорижий валютадаги пулларни пора сифатида бераётган вақтида далилий ашёлар билан қўлга олинган.

Юз берган ана шундай барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига мувофиқ пора бермоқчи бўлган фуқароларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўз навбатида, фуқароларимиздан мамлакатимизда жорий этилган қонун-қоидаларга қатъий амал қилишини сўраш билан бирга, пора берганлик учун ҳам жазо муқаррар эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз, дейилади ИИВ матбуот хизмати хабарида.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг