Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Иш дегани бундоқ бўлибди, йигит?!»

«Иш дегани бундоқ бўлибди, йигит?!»

Фото: «gorod55.ru»

Пешонасига алимент тўлашдек қисмат ёзилганлар ҳақида ёппасига салбий фикр айтиб бўлмас, балки? Тақдир-да, инсон ўзини қандай синовлар кутаётганини аввалдан билолмайди. Турмуш масаласида ҳам гап шу: қарс икки қўлдан. Турмуш йўллари айро тушишига бир томонни айблаш қийин. Ришта узилиб, қайта боғлашнинг имкони қолмадими, бу ёғига норасидалар таъминоти ёддан чиқмаса, бас. Бу энди, асосан, эрнинг зиммасидаги вазифа.

Шаҳрисабзлик Қ.Ж. ва Г.Ю.нинг ҳам тақдири ўхшамади: ўртада уч нафар фарзанд борлиги ҳам оила сақлаб қолинишига камлик қилди, қисқаси. Сўнг суд... алимент...

Қ.Ж. 2015 йилнинг буёғига белгиланган алиментни вақтида тўлаб келди. Аммо 2019 январига келиб, тўлов тақа-тақ тўхтади. Шундан кейин МИБнинг Шаҳрисабз туман бўлими ходимлари енг шимариб ишга тушишгач, қарздор бирдан хушёр тортди. Алимент тўловидаги узилишларни тушунтиришга ҳаракат қилди. Бироқ қонун тошдан қаттиқ: у қарздорнинг важ-карсонларига қараб ўтирмайди. Зиммадаги мажбурият адо этилмаса, жавобгарлик нақд.

Бюро ходимлари билан суҳбатдан кейин қарздор Қ.Ж. гапдан кўра амалий ҳаракатга ўтди. Ва... бир йўла 5 йиллик — жами 27 миллион сўм алимент пулларини олдиндан тўлаб берди.

 Унинг бундай ҳаракатини мақтаб бўлмас, ҳар ҳолда, биров учун пул бераётгани йўқ. Бироқ алимент тўловидан бўйин товлаб юрганларга таққосланса, мана бу ишинг яхши бўлди, дейиш керакдай.

Айтганча, Бюронинг Яккабоғ тумани бўлими ходимлари фуқаро Т.В.нинг алимент тўламай юргани сабаб безовта қилишларига тўғри келганди. Ўзаро суҳбатда эътиборни фақат ундирувгагина эмас, икки томоннинг муросасига ҳам қаратишганди, денг. Натижа кутилганидан аъло бўлди: эр-хотин ярашди, алимент кун тартибидан олиб ташланди. Бундан икки фарзандининг хурсандлигини айтинг...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг