Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ишсизлар учун касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказлари. Бу ҳақда нима биласиз?

Ишсизлар учун касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказлари. Бу ҳақда нима биласиз?

Фото: «Tayloq.uz»

Ишсизлар кимлар?

Ўзбекистон Республикасининг аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги ва меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ўн олти ёшдан пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар (бундан таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно) ишсиз деб ҳисобланади.

Ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган шахслар ишсиз деб эътироф этилади.

Марказлар кимлар учун?

Ўзбекистон Республикасининг «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги қонуни 23-моддасига мувофиқ меҳнат органларида рўйхатга олинган ва ишсиз деб эътироф этилган шахсларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш қуйидаги ҳолатларда, агар:

— ишсиз шахс зарур касб малакасига эга бўлмаганлиги туфайли унга мақбул келадиган иш танлаш мумкин бўлмаса;

— ишсиз шахснинг касб кўникмаларига мос келадиган иш йўқлиги сабабли унинг касбини (мутахассислигини, машғулот турини) ўзгартириш зарур бўлса;

— ишсиз шахс аввалги касби бўйича иш бажариш қобилиятини йўқотган бўлса амалга оширилиши мумкин.

Ўқув марказига ишга жойлаштириш бўйича иш берувчи, бандликка кўмаклашиш туман (шаҳар) марказлари ва ишга жойлашиш хоҳишини билдирган шахс ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома ҳамда Марказ йўлланмалари мавжуд бўлган ишга жойлаштиришга муҳтож ишсиз ва банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, касб-ҳунар коллежларини ва академик лицейларни битирган доимий ишга эга бўлмаган шахслар ўқишга қабул қилинади.

Ўқув марказида ўқишга қабул қилишни ташкил этиш ўқиш бошланишидан камида етмиш кун олдин Ўқув маркази директори томонидан тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар ёки Тошкент шаҳри Бандлик бош бошқармаси билан келишган ҳолда тасдиқланадиган Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказига қабул қилиш режаси асосида амалга оширилади.

Қандай ҳужжатлар тақдим қилинади?

Номзодлар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

— ариза;

— паспорт нусхаси (ҳужжатларни топшириш вақтида паспортнинг асли кўрсатилади);

— маълумотини тасдиқловчи ҳужжатнинг асл нусхаси (диплом ёки аттестат);

— соғлиғи тўғрисида маълумотнома (086 — шакл);

— ишга жойлаштириш бўйича уч томонлама шартнома нусхаси;

— Бандликка кўмаклашиш туман (шаҳар) маркази томонидан берилган йўлланма;

— 3,5 x 4,5 см. ўлчамдаги 4 дона рангли фотосурат.

Номзодлардан мазкур бандда кўрсатилмаган бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. 

Кириш имтиҳонлари тест шаклида ўтказилади

Ўқув марказига номзодларни ўқишга қабул қилиш тест синовлари натижаларига кўра тўпланган балларнинг рейтинг тизими бўйича амалга оширилади.

Тест синовлари натижаларига кўра энг юқори балл тўплаган номзодлар тегишли квота доирасида ўқишга қабул қилинади.

Ўқиш жараёни, муддати ва амалиёт ҳақида батафсил

Ўқиш жараёни 40 ҳафтадан иборат бўлиб, 2 та семестрга бўлинади. Бунда ҳар бир семестр 12 ҳафтадан, ишлаб чиқариш амалиёти 15 ҳафта ва якуний малака имтиҳони 1 ҳафта этиб белгиланади.

Барча ўқув машғулотлари учун икки академик ўқув соати давомийлиги 80 дақиқа этиб белгиланади.

Ишлаб чиқариш амалиёти 90 кун, ҳафталик юкламаси 36 соат, бир кунлик 6 — 8 соатдан иборат бўлиб, жами 540 соатни ташкил этади.

Назарий таълим бериш жараёнида ўқувчилар томонидан олинган билимларни мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш, олинадиган мутахассислик бўйича зарур лаёқатга, кўникмаларга ва амалий иш тажрибасига эга бўлиш ишлаб чиқариш амалиётининг мақсади ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш амалиёти, қоидага кўра, ташкилотнинг ихтисослашувига боғлиқ ҳолда ушбу мақсад учун махсус ажратилган, ўқувчилар ўқишни тугатгандан кейин ишга жойлашиши мумкин бўлган ўқув-ишлаб чиқариш жойларида ўтказилади.

Ушбу қоидалар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 октябрдаги «Ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш минтақавий марказларида ўқишга қабул қилиш, касб-ҳунарга ўқитиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорида келтирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг