Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ишхона ёпилгани сабабли бошқа ишга ўтган ҳомиладор аёлларга нафақа тўлиқ бериладими?

Ишхона ёпилгани сабабли бошқа ишга ўтган ҳомиладор аёлларга нафақа тўлиқ бериладими?

Фото: «dobrenok.com»

Савол: «2017 йил 14 сентябрь куни ишхонам ёпилди. Мен 2017 йилнинг 15 сентябрь куни билан бошқа ишга қабул қилиндим. Ҳозир 1 февралдан бошлаб ҳомиладорлик таътилидаман. Янги ишхонам уларда 6 ой муддат вақтгача ишламаганим боис ҳомиладорлик нафақа пулининг 50 фоизини тўлаб беришини айтишмоқда. Бунга асос қилиб «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарори билан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тайинлаш тартибига ўзгартиришлар киритилгани кўрсатилмоқда.

Унга мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдори ҳақиқатда ишланган вақтга боғлиқ ҳолда табақалаштирилиши, шу билан бирга ишланган вақт биринчи маротаба ишга кирганлар учун ҳам, ўз меҳнат фаолиятини 12 ойдан кўп танаффусдан кейин давом эттираётганлар учун ҳам ҳисобга олиниши ва ишга олинган кундан бошлаб 6 ойгача — 50 фоиз; 6 ойдан 12 ойгача — 75 фоиз; 12 ойдан ортиқ — 100 фоиз тўланиши кўрсатилган.

Мен узлуксиз равишда 6 йилдан бери ишлаб келганман. Ишхона ёпилгани сабаб бошқа ишга ўтишга мажбур бўлганман. Юқоридаги қарорнинг менга нисбатан қўлланилиши асослими? Кейин қарорда янги ишга биринчи маротаба кираётган деган жойи бор. Мен ёш она сифатида сизларга мурожаат қилишимнинг сабаби бундай вазиятлар доимий ишлаб келаётган аёлларга нисбатан қўлланилиши асослими ёки йўқ, шунга аниқлик киритишдир».

Ушбу саволга Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази юрисконсульти Нодира Тошева қуйидагича жавоб берди:

— Ўзбекистон Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан ходимларга ишга қабул қилинган кундан бошлаб:

— 6 ойгача ишлаган ходимларга — 50 фоиз;

— 6 ойдан 12 ойгача ишлаган ходимларга — 75 фоиз;

— 12 ойдан ортиқ ишлаган, шунингдек, олдинги ишлаган ишхонасида меҳнат шартномаси бекор қилиниб, янги ишхонасига ишга қабул қилинган даврда меҳнат стажида узилиш бўлмаган ходимларга — 100 фоиз миқдорда нафақа тўланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, олдинги ишлаган ишхонангиз билан меҳнат шартомаси бекор қилиниб, ҳозирги ишхонангизга ишга қабул қилинган даврда меҳнат стажингизда узилиш бўлмагани туфайли ҳомиладорлик ва туғиш таътилига Сизга 100 фоиз миқдорда нафақа тўланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг