Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Журналистлар учун янги платформа яратилади

Журналистлар учун янги платформа яратилади

Фото: АОКА

АОКА пресс-холида «Медиада шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш: ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатлар» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев ўз фикрларини билдирди:

«Ахборотни етказиб бериш эҳтиёжи билан биргаликда шахснинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш талабларини ҳам бажариш керак. Тезкорлик билан бирга шахсга зиён етказмаслик, унинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишимиз керак.

Чунки бизда шунақа ҳолатлар бўляптики, аксарият ҳолларда турли ахборотни узатиш ҳаракатида бевосита шахсга доир маълумотлар очиқланяпти. Бундай ҳолатлар ўша шахсга зарар етказяпти. Бизда шахсга оид маълумотларни ҳимоя қилиш бўйича қонунда белгиланган талаблар бор. Лекин бу талаблар бажарилмаяпти.

Бунинг учун нима қилишимиз керак? Авваламбор, қонунчиликдаги талаблар нимадан иборат? Шахсий ҳаёт бор ва сўз эркинлиги бор. Ўртадаги чегара қаердан ўтган? Қайси жиҳатларга эътибор беришимиз керак?

Шу масалаларга биз сизлар билан жавоб топишга ҳаракат қиламиз. Бизга бу масалаларни шарҳлашда Адлия вазирлиги ва унинг қошидаги махсус Марказ ходимлари ёрдам беришади».

Асаджон Хўжаев, шунингдек, ОАВ ходимлари, журналистларнинг медиа-маконда ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишлари бўйича янги платформа яратилишини маълум қилди.

«ОАВ ходимлари, журналистлар медиа-маконда ўз ҳақ-ҳуқуқлари, баҳсли ҳодисалар бўйича фикрлари билан бўлишиб, шу фикрлар юзасидан малакали юристлар, адвокатлар хулосасини олиб боришлари учун янги платформа яратилади — махсус веб-сайт очилади.

Бу бўйича Адлия вазирлиги билан ҳамкорликни режалаштириб қўйдик. Бу ерда малакали ҳуқуқшуносларнинг, хусусан айнан медиа йўналишидаги юристларнинг шарҳлари, видеолавҳалари, саволларга ёзган жавоблари, изоҳлари жойлаштириб борилади.

Биринчидан, бу ресурсдан 24 соат фойдаланиш имкон бўлади. Иккинчидан, муайян масала ёки баҳсли вазият бўйича юрист томонидан берилган хулоса доим ўша саҳифада туради, уни кўчириб олиб, кўриб, турли вазиятларда қўллаш, фойдаланиш мумкин бўлади.

Бу, биринчидан, ОАВ вакилларининг ҳуқуқий онгини оширишга ёрдам беради, билимларини кучайтиради. Иккинчидан, бу давлат бошқаруви органидаги ОАВ билан ишловчи ходимлар, ахборот хизматлари, матбуот котибларининг самарали малакага эга бўлишига, билмаган масалалар бўйича жавоб олишларига хизмат қилади», деди АОКА раҳбари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг