Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Маҳалла раиси 300 минг сўм пора билан қўлга тушди

Маҳалла раиси 300 минг сўм пора билан қўлга тушди

Фото: «navoitoday.uz»

Хазорасп тумани «Саидлар» маҳалласида яшовчи фуқаро С.А. уй-жойга муҳтожлиги сабабли амалий ёрдам сўраб маҳалла раисининг қабулига борди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.М мурожаатчини уй-жой қуриш учун ер участкаси олишга эҳтиёжи бўлган фуқаролар рўйхатига киритиш учун қўшимча ҳаражатлар борлигини билдирди. Лекин маҳалла раисининг мансаб мавқеидан фойдаланиб, қўл урган порахўрлик, таъмагирлик ҳаракатлари узоққа чўзилмади.

«Xabar.uz»га маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Хазорасп туман бўлими ходимлари томонидан фуқаро С.А.нинг аризасига асосан тезкор тадбир ташкил этилган.

Департаментнинг Хазорасп туман бўлими томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Хазорасп тумани Питнак қишлоғи «Саидлар» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.М. лавозими бўйича маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги уй-жой масалалари билан шуғулланувчи жамоатчилик комиссиясининг раиси ҳисобланиб, маҳалладоши С.А.дан якка тартибдаги уй-жой қуриш учун ер участкаси олишга эҳтиёжманд бўлган фуқароларнинг рўйхатига киритиш учун ҳамда туман ҳокимлиги томонидан ажратиладиган ер майдонини ижобий ҳал қилиб беришни ваъда қилганлиги аниқланди. Тадбир давомида маҳалла раиси фуқаро С.Ага қилинган ваъда эвазига бериши лозим бўлган 300 минг сўм пулларни пора тариқасида олаётган вақтда ашёвий далиллар билан  қўлга олинди.

Хозирда мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Хазорасп туман бўлими томонидан фуқаро Б.М.га  нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича вилоят прокуратурасига юборилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг