Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўғли билан келинига шаръий никоҳ ўқиган ота жазоланди

Ўғли билан келинига шаръий никоҳ ўқиган ота жазоланди

Фото: «Sxabar.uz»

Қонуний никоҳдан ўтмаган ёшларга шаръий никоҳ ўқиган икки нафар мулла энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жаримага тортилди.

ФҲДЁ томонидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла ёки имом-хатиб жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилганди.

Шунга қарамай, Сирдарё вилояти Боёвут туманининг «Ширин» маҳалласида яшовчи 86 ёшли Н.Н. махсус диний маълумотга эгалиги тўғрисида хужжати бўлмаган ҳолда 2020 йил 25 июнь куни ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтмаган Қ.И. ва А.Г.ларга шаърий никоҳ ўқиб қўйган.

Қ.И. 86 ёшли Н.Н.га келиб, унинг қонуний никоҳи ҳали суд орқали бекор қилинмаганлиги, лекин биринчи турмуш ўртоғи билан бирга яшамаётганлигини айтиб, ҳозир бошқа аёлга уйланаётганлиги сабабли уларни шаърий никоҳлаб қўйишни сўраган. Н.Н. эса қонуний турмуш ўртоғи бўлган (ҳатто, улар бирга яшашмаса-да, никоҳи қонуний) фуқарони бошқа аёлга никоҳлаб, қонун бузилишига сабаб бўлган.

Шу туфайли Н.Н.га нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилди.

Яна, 1957 йилда туғилган, Боёвут тумани «Истиқлол» маҳалласида яшовчи С.Р. ҳам гарчи ваколати бўлмаса-да, 2020 йил 26 март куни ўғли С.Р. ва А.С.ларга шаърий никоҳ ўқиган. С.Р. ўғлини 2018 йилдан буён қонуний турмуш ўртоғи С.О. билан бирга яшамаётганлиги сабабли уни уйлантиришни мақсад қилган. Аввалига, бу масалада расмий имом-хатибларга мурожаат қилганлиги, аммо суд томонидан ўғлининг биринчи турмуш ўртоғи билан тузилган никоҳ шартмонаси бекор қилинмаганлиги сабабли расмий имом-хатиб шаърий никоҳ ўқишдан бош тортган. Шундан сўнг С.Р. ўз хатти-ҳаракатларининг ноқонуний эканлигини била туриб, ўғли ва унинг бўлажак турмуш ўртоғига шаърий никоҳ ўқиб қўйган. 

Суд ҳар иккала ҳуқуқбузарнинг нафақа ёшида эканлиги, уларнинг қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, юқоридаги модда санкциясида белгиланганидан ҳам камроқ, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг 50 (эллик) баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади, деб ёзади Жиноят ишлари бўйича Боёвут тумани судининг раиси Шухрат ИСМАИЛОВ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг