Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Оилавий сирларни ошкор этган шахсга нисбатан жавобгарлик белгиланганми?

Оилавий сирларни ошкор этган шахсга нисбатан жавобгарлик белгиланганми?

Қамоқхонадаги маҳбус

Фото: «tafsilot.uz»

«Неча йилдан буён ён қўшним оиламиздаги сирларни билиб олиб, бутун маҳаллага жар солади. Нима қилишга ҳайронман. Тўғри, менда ҳам айб бор. Аввало, ўзим уйимиздаги ҳар бир гапни унга айтмаслигим керак эди. Аммо, нима қилай, «Ён қўшни — жон қўшни», деган гап бор. Маҳаллага кўчиб келганимиздан бери ишонган қўшним эди. Шу вақтгача унга айтган сирларимни маҳалла-кўйга ошкор қилиб юрганини билмагандим. Яқинда бошқа бир қўшнимдан эшитиб қолдим. Ўзига айтсам, тан олмайди. Нима қилсам экан-а?».

Эътиборни тортувчи мазкур шикоятга ўхшаш гапларни жуда кўп бор эшитганмиз, тўғрими? Биров қўшнисига, яна биров дўстига, ҳамкасбига ишониб, ўз сирини айтади, у билан бўлишади. Бироқ, беш қўл баробар бўлмаганидек, кимдир уни ўз сиридек сақласа, яна кимдир эшикма-эшик, кўчама-кўча юриб, сирни оғзида дўмбира этади ёхуд ўша сир орқали оилани «шантаж» қилади. Бу, албатта, ҳар кимнинг виждонига ҳавола. Аммо кимнингдир сотқинлиги бошқа бировнинг бошига тўқмоқ бўлиб тушиши керак эмас.

Кўпчилик фуқароларимиз бундай ҳолларда индамай ёки ўша инсон билан алоқа узиш билан чекланади. Бунга уларнинг ўз ҳуқуқларини билмасликлари асосий сабаб. Ахир, қонунларимизда оилавий сирни ошкор қилган инсонга нисбатан жавобгарлик белгиланган-ку!

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 99-моддасига кўра, оилавий сир инсоннинг шахсий номулкий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 46-моддасига биноан эса «Шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш — энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 141-моддасига кўра, «Шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) оғир оқибатларга олиб келган бўлса;

б) ғаразли ниятларда содир этилган бўлса;

в) хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса,

энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

Мазкур қонунлар нафақат оилавий сирларимизни тарқатган қўни-қўшниларимиз ва бошқа шахсларга, балки оммавий ахборот воситалари ва унинг ходимларига, орган ходимлари ҳамда бошқа ташкилот вакилларига ҳам тааллуқлидир. Шу боис, ўз ҳуқуқингизни қонун доирасида ҳимоя қилинг ва ҳеч кимга оилавий сирингиздан фойдаланишига йўл қўйманг.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг