Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Олий суд мутасаддиларини саволларга кўмган Шэрон Рейес ўзбекчани ўрганишга тушди

Олий суд мутасаддиларини саволларга кўмган Шэрон Рейес ўзбекчани ўрганишга тушди

Шэрон Рейес.

Шэрон Рейес (Sharon Reyes) — голландиялик. «Global media creators» студияси продюсери. АҚШ фуқаролигига ҳам эга. Кўриниши ўзимизнинг тоғ қизларини эслатади. Бу бежизга эмас экан. Зоти осиёлик: онаси — япон, отаси — индонезиялик.

Яқинда бир гуруҳ маҳаллий ва хориж оммавий ахборот воистлари ходимлари учун Сирдарё, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларига пресс-тур уюштирилганидан хабарингиз бор. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилган мазкур турнеда Шарон Рейес хоним ҳам иштирок этганди.

Товонидан ўт чиқадиган ҳамкасбимизнинг ўз ишига муносабати, шунингдек, юртимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, миллий қонунчиликка бўлган катта қизиқиши эътиборимизни тортди. Ўзиям пресс-тур давомида туман, вилоят суди раисларидан тортиб то Олий суд мутасаддиларигача саволларга кўмиб ташлади. Айниқса, фуқаролик ва жиноий қонунчилигимизнинг ўзига хос қирралари, хусусан, оилавий, мулк ва меросга оид низолар, маълум тоифадаги судланувчиларга нисбатан татбиқ этиладиган енгилликлар борасида жўшиб саволларга тутишидан мутасаддилар яхшигина «терлашди» ҳам.

Суд мутасаддилари далиллар билан гапиришга одатланган. Меҳмон хонимнинг саволларига жавоб беришаркан, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, миллий қонунчилик ва суд амалиёти борасида қатор амалий қўлланмалар, адабиётлар, йўриқномалар чоп этилганини айтиб, улардан намуналар кўрсатди. Энг асосийси — қўлланмаларда қонуннинг «қаттиқ тили» юмшатилиб, кенг китобхонларга тушунарли тайёрланганига алоҳида урғу бердилар. Шарон Рейес қўшма лойиҳа доирасида ўзбек тилида чоп этилган қўлланмаларни бир-бир кўздан кечирар экан, ҳаммасидан бир нусхадан беришни илтимос қилди.

Илтимосни бажо қилишда муаммо йўқ, бироқ ажнабий журналист уларни қандай ўқийди? Балки мазмунини қисқа таржима қилиб бериш кифоядир?

Шэрон хоним таклифни мамнуният билан тингларкан, айтдики, қўлланмаларни Нидерландияга олиб кетаман, шу сабаб бўлиб, ўзбекчани ўрганишга тушсам, не ажаб?

Бир хорижликки шунча қизиқибди, Олий суд томонидан тайёрланиб, аҳолига бепул тарқатишга мўлланган мазкур адабиётлар билан биз ҳам танишиб қўйсак, фойдадан холи бўлмас.

1

«Оила ва никоҳ муносабатларидан келиб чиқувчи низолар бўйича суд амалиёти» амалий қўлланмасида никоҳ тузиш тартиби, унинг шартлари, тугатилиши, эр ва хотиннинг мулкий ва номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фарзандликка олиш ва уни бекор қилишнинг процессуал тартиби каби масалалар бўйича батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилган. Оила ва никоҳ муносабатларида низо ва келишмовчиликларга кўпроқ сабаб бўлаётган масалалар бўйича суд амалиётидан мисоллар, суд ҳужжатларидан намуналар ва тегишли Олий суд Пленумининг қарорлари берилган. 

2

«Ворислик ҳуқуқи» амалий қўлланмасида ворислик ҳуқуқи, васиятнома ва унинг турлари, васиятномани расмийлаштириш борасидаги мавжуд қонун талаблари, меросни қабул қилиш билан боғлиқ тартиб ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятлар юзасидан тушунтиришлар берилган. Шу билан бирга ворислик ҳуқуқи бўйича юзага келган ҳуқуқий муносабатларнинг халқаро келишув ва шартномалар асосида тартибга солиниши борасида умумий маълумотлар, мерос ҳуқуқини амалга ошириш жараёнида тузиладиган ҳужжатларнинг намуналари ҳам келтирилган.

3

«Ўзбекистонда мерос ҳуқуқи»да эса мерос қилиб қолдириш мумкин бўлган мулклар, васиятнома тузишнинг муҳим жиҳатлари, васиятномаларни тақсимлаш тартиби, меросни эгаллаш, мероснинг тақсимланиши, нотариал ҳаракатлар амалга оширилганлик учун тўланадиган давлат божи ставкалари ва бошқа масалаларга тааллуқли маълумотлар берилади. Маълумотлар қизиқарли инфографикалар, жадваллар, схемалар ва расмлар ёрдамида аҳолининг кенг қатламларига тушунарли тилда акс эттирилган. 

4

«Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш тартиби» номли амалий қўлланмада республикамиздаги мавжуд суд тизими, суднинг вазифалари, ваколатлари, жойлашган манзиллари ва уларга мурожаат қилиш тартиби оддий ва содда тилда баён қилинади. Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишдан олдин ҳал қилиниши керак бўлган масалалар, даъво аризаси, ариза ва шикоятларнинг шакли ва мазмунига қўйиладиган талаблар, уларни судга юбориш, давлат божини тўлаш, зарур ҳужжатларни илова қилиш билан боғлиқ тушунтиришлар ҳам ўз аксини топган.

5

Аҳолидан келиб тушаётган аризалар таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, фуқаролар кўпроқ қайси судга қандай тартибда мурожаат қилиш, ҳужжатларни расмийлаштиришга оид қандай талаблар мавжудлигини, суд жараёнларида ва суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишда нималарга эътибор бериш кераклигини сўрашади. «Судга мурожаат қилиш ва суд ҳужжатлари устидан шикоят бериш тартиби» рисоласи айни шу эҳтиёж ҳосиласидир. 

6

«Вояга етмаган болаларнинг таъминот олиш ҳуқуқи». Мазкур рисолада вояга етмаганларнинг ота-онадан моддий таъминот олишга бўлган ҳуқуқи борасидаги маълумотлар жамланган бўлиб, у рус ва ўзбек тилларида чоп этилди. Мазкур нашрда судга мурожаат этган ҳолда алиментни ундириш тартиби, вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент тўлови миқдорини аниқлаш, суд буйруғини чиқариш тўғрисидаги ариза ёки даъво аризаси билан судга қандай тартибда мурожаат қилиш, алимент ушлаб қолинадиган даромадларнинг турлари ҳамда алимент тўлашдан бош тортаётган шахсга нисбатан кўрилиши мумкин бўлган чоралар ҳақидаги ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

7

«Меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низолар» амалий қўлланмасида меҳнат ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар тушунчаси, уларнинг турлари, келиб чиқиш сабаблари, ушбу низоларнинг судларда кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши билан боғлиқ назарий ва амалий тавсиялар, қоидалар, йўл-йўриқлар берилган. Қўлланма фуқаролар, ташкилотлар, судьялар, адвокатлар, юридик соҳа мутахассислари, талабалар ва ҳуқуқшуносликка қизиқувчи китобхонларга мўлжалланган.

8

«Иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби» амалий қўлланмасида эса хўжалик судлари негизида ташкил қилинган иқтисодий судлар ҳақида умумий тушунчалар, иқтисодий судлар тизими, уларнинг манзиллари, ваколатлари, бошқа судлардан фарқли жиҳатлари, улар кўриб чиқадиган низоларнинг доираси оммабоп тарзда ёритилган.

9

«Кўчмас мулк ва мулк ҳуқуқи». Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади — аввало, инсонларнинг шахсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Ислоҳотларни руёбга чиқаришнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва маънавий асоси ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 36-моддасида ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли эканлиги, 44-моддасида эса ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши кафолатланган.

Мазкур қўлланмада мулкий ҳуқуқ ҳимоясининг ҳуқуқий асослари ҳақида кенг маълумот беради.

***

Мазкур амалий қўлланмалар фуқаролар, ташкилотлар ва давлат органларининг вакилларининг ўз ҳақ-ҳуқуқларини қонуний ҳимояда яқин ҳуқуқий маслаҳатчи бўлиши шубҳасиздир. Уларнинг электрон нусхаси Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий веб-сайтида жойлаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг