Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Олий суд раҳбарияти Тошкент вилоятида сайёр қабуллар ташкил этди

Олий суд раҳбарияти Тошкент вилоятида сайёр қабуллар ташкил этди

Фото: Олий суд матбуот хизмати

11 февраль куни Олий суд раҳбарияти ва судьяларининг Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларида сайёр қабуллари ташкил этилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

Сайёр қабулларда жами 330 дан ортиқ ёзма ва оғзаки мурожаат ўрганиб чиқилган. Ана шу мурожаатлар бўйича 312 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 31 та мурожаат юзасидан Олий судда кўриб чиқиш учун ариза қабул қилинган.

Энг кўп мурожаат Янгийўл тумани ва Олмалиқ шаҳри фуқароларидан келиб тушган. Янгийўл туманида 40 га яқин, Олмалиқ шаҳридан 11 та ёзма, 19 та оғзаки мурожаат бўлган.

Эндиликда судлар томонидан жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида сайёр суд мажлислари, ҳар ойда камида бир марта аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Мисол учун, республика судлари томонидан ўтган йили 565 минг 645 та ёки жами кўрилган ишларнинг 56 фоизи сайёр судларда кўрилган.

Фото: Олий суд матбуот хизмати

Олий суд раисининг ўринбосари Бахтиёр Исақовнинг айтишича, Олий суд раҳбарияти томонидан бевосита идорада 8912 нафар, сайёр қабулларда эса 9226 нафар, жами 15 минг 117 нафар фуқаролар қабул қилиниб, муаммоларга ечим топилган. Видеоконференция алоқа тизими орқали Олий суд раҳбарияти томонидан 2018 йилда 625 нафар фуқаро қабул қилинган.

Аввал Олий суд раҳбарияти қабуллари ойда бир марта ташкил этилган бўлса, бугунги кунда ҳар куни шахсий қабуллар ўтказилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг