Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Онамга дори учун пул керак» — фирибгарлик бўйича суд ҳукм чиқарди

«Онамга дори учун пул керак» — фирибгарлик бўйича суд ҳукм чиқарди

Фото: «Xabar.uz»

Шу йилнинг 23 сентябрь куни Яккасарой тумани жиноят ишлари бўйича судида бўлиб ўтган суд жараёнида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») билан жиноят содир этишда айбланиб, муқаддам судланган 24 ёшли Давлатбек Е.га ҳукм чиқарилди.

Тошкент шаҳар ИИББ хабар беришича, дастлабки тергов давомида Яккасарой тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ТБ катта терговчиси катта лейтенант Фаррух Назаров Давлатбекнинг жиноятга алоқадорлиги тўғрисида инкор этиб бўлмайдиган далилларни йиғган. Жиноят ишида олти нафар жабрланувчи ва битта гувоҳ иштирок этмоқда. Фирибгар томонидан унинг жабрланувчиларга етказилган умумий зарар 5 миллион сўмдан ошган.

Қайд этилишича, фирибгар ўтиб кетаётган машиналарни тўхтатиб, ҳайдовчилардан уйга келгандан кейин пулни қайтариб беришга ваъда бериб, дорихонада онасига дори сотиб олиш учун қарзга пул сўраган. Шу тарзда ишонувчан одамларнинг маблағларини ўзлаштириш билан шуғулланган.

28 июнь куни тахминан соат 12:00 да, Давлатбек 54 ёшли Фурқатбек И. нинг машинасига ўтирганида, унга 600 минг сўм жуда зарурлигини айтган. Давлатбекка ишонган ҳайдовчи унга пул беришга рози бўлади. У эса пулни тўлиқ қайтариб беришни ва уйга қайтгач, йўл ҳақини ҳам тўлашини ваъда қилган. Пулни олгач эса йигит воқеа жойидан қочиб кетган.

Бошқа ҳолатда 40 ёшли Пўлат З. фирибгарнинг касал онаси ҳақидаги ҳикояларига ишонган. Пўлат терговчига 1 июль куни ўз машинасида бегона одамни манзилга олиб бориб қўйиш учун миндирганини маълум қилди. Яккасарой туманидаги Ш. Руставели ва Бобур кўчалари кесишмасига етиб борган йигит, дорихонада онасига дори сотиб олиш учун ҳайдовчидан 100 AҚШ доллари миқдорида қарз сўради ва уйга келгандан кейин пулни қайтариб беришни ваъда қилди. Пўлат, унга ишониб 700.000 сўм беради. Йигит дорихонага бориб, 50 000 сўмга дори сотиб олди ва кейинроқ маълум бўлишича, кўп қаватли уйнинг кириш эшигидан кириб, уйнинг орқа тарафидан чиқиб, ғойиб бўлган.

Жабрланувчиларнинг ҳар бири фирибгарнинг ҳийла-найрангига тушиб қолганларини англаб, ички ишлар органларига мурожаат қилишди. Жиноят иши қўзғатилди. Суд жараёни ҳам бўлиб ўтди, унда Давлатбек Е. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Суд ҳукми билан унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш билан икки йил етти ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

«Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари! Сиздан илтимос, ҳаддан ташқари ишонувчан бўлманг ва сизга юракни эзувчи ҳикояларни баён қилувчи бегоналарга пул беришга шошилманг», дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг