Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Опанинг қарзи учун сингилнинг уйи кетди

Опанинг қарзи учун сингилнинг уйи кетди

Ўзганинг бошига тушган савдони гапириш ноқулай. Оммавий ахборот воситаси орқали айтиш-ку, инчунин. Бироқ ҳар бир ишда ҳикмат бўлганидек, бировнинг билиб-билмай қилган хатоси бошқага сабоқ бўлиши мумкин.

Хуллас, воқелик шундай: Зулайҳо Ҳошимова (исм-шарифлар ўзгартирилди) «Қишлоққурилишбанк»нинг Қўқон филиалидан катта миқдорда қарз кўтарди. Банк шунчаки пул берадиган муассаса эмас. Кредит таъминоти учун гаровга мулк кўринишидаги нарса қўйилмаса, бир чақа бермайди. З. Ҳошимова гаров учун синглисига М. Ҳошимовага тегишли (унинг розилиги билан, албатта) Фурқат туманида намунавий лойиҳа асосида қурилган ҳовли-жойни қўйди.

Бахтга қарши, кредитни қайтаришда муаммога учраган аёл банкдан қарздор бўлиб қолди. Қарз миқдори кичкина эмас: 109 млн. 315,1 минг сўм!

Ҳисоб-китоб ва аниқ муддатга ўта қаттиқ турадиган банк қарздорнинг нолаларига қараб ўтиради дейсизми? Шартта фуқаролик судига берди. Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро суди бир деганда даъвони қаноатлантирди.

Ҳал қилув қарори кучга киргани ҳамоно унинг ижроси МИБ (мажбурий ижро бюроси)нинг Фурқат туманига юклатилди.

Давлат ижрочиси тегишли ҳаракатларни олиб борилиб, гаровга қўйилган уй-жой электрон-онлайн акцион савдосига чиқарилди.

Харидор ҳам ўзини кўп куттиргани йўқ. Саноқли ойда уй-жой сотилди. Тушган пулнинг маълум қисми қарздорликни қоплашга йўналтирилди.

Бундай ижро ҳужжатларини амалга ошириш маънан қийин. Ижрочилар ҳам одам: уй-жойида мосуво бўлаётган қарздорнинг кўз ёшлари эзиб юборади, рости! Бироқ, ижрочи ўз номи билан ижрочи-да — суд қарорини муҳокама этиш ваколати йўқ унда. Вазифаси — чеки тушган суд қарори ижросини таъминлаш, холос. Қолаверса, қонуннинг қаттиқ талаби кўзёшни ҳам, кўнгилбўшликни ҳам тан олмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг