Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Пора таклиф қилиш — бу ҳали жиноят дегани эмас!

Пора таклиф қилиш — бу ҳали жиноят дегани эмас!

Фото: «ALTAYNEWS»

Ҳуқуқ-тартибот идоралари эса бу ҳаракатни қасддан жиноятгача олиб бормоқда..., дейилади  Тошкент шаҳридаги «EGIDA» адвокатлик бюроси адвокати Абдураҳмон Ҳамидовнинг «Advokatnews.uz»да эълон қилинган мақоласида.

Охирги вақтларда оммавий ахборот воситаларида турли соҳа ходимларига пора берганларнинг ушлангани тўғрисидаги кўплаб хабарлар берила бошланди. Мисол учун:

  • бош ветеринар врач аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича жавобгарлигини енгиллаштириш учун прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимига 1 млн. сўм бераётганида ушланган;
  • фирма директори текширувда аниқланган қўшиб ёзиш ҳолатлари бўйича жавобгарлигини енгиллаштириш учун прокуратура терговчисига 300 АҚШ долларини бераётганида ушланган;
  • фуқаро электр тармоғига ноқонуний улангани учун солинган жарима миқдорини камайтириш эвазига Мажбурий ижро Бюроси ходимига 300 АҚШ доллари бераётганида ушланган ва ҳоказо...

Энди шу ўринда озгина мулоҳаза қилиб кўрайлик. Зеро, давлат идораларида охирги йигирма йил давомида коррупция жуда кучайиб кетгани ҳеч кимга сир эмас. Шу даврда кўплаб давлат идоралари мансабдор шахслари томонидан фуқаролар пора беришга мажбурланди, оқибатда одамлар шу қинғир иллатга ўрганиб қолдилар, оддий халқ учун ўз муаммоларини пора бериш ва таниш-билиш ёрдамида ҳал қилиш табиий ҳолга айланиб қолди. Шу боис, айниқса, юридик маълумотга эга бўлмаган оддий фуқаролар ҳаётий муаммолари билан бирон мансабдор шахс ҳузурига борганларида жавобгарликларини енгиллаштириш ёки муаммоларини бюрократик тўсиқларсиз ҳал қилиш эвазига (ушбу тўсиқларни ҳам улар пора ундириш учун атай ташкил қилинган деб ўйлайдилар) пора таклиф қилишдан чўчимайдилар, бу ўзлари учун хавфли эканини тушунмайдилар ҳам...

Қолаверса, аслида ҳам пора таклиф қилиш бу ҳали жиноят эмас. Қонунга кўра ўша порани бериш жиноят ҳисобланади! Яъни жиноят содир этишни ўз олдига мақсад қилиб, ушбу қилмишни режалаштираётган фуқаронинг бу ҳаракатлари ҳали жиноят ҳисобланмайди. Демак, бундай фуқарони учратган, унинг шу режасидан хабар топган мансабдор шахс уни жиноят устида қўлга тушириш учун бу ниятини амалга оширишга атай ундаши, ёлғондан бўлса ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин эмас. Аксинча, ушбу жиноятнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик чораларини кўриши лозим. Соддароқ қилиб айтганда, мансабдор шахс ўзига пора таклиф қилган фуқарога у содир этмоқчи бўлган қилмишнинг ҳуқуқий оқибатларини ҳамда ушбу қилмиш учун қонунда белгиланган жавобгарликни тушунтириши ва таклиф этилган порани олишни рад этиши шарт. Шунда фуқаро унга яна қайтадан пора таклиф қилмайди, муқаррар жиноятдан сақланиб қолади ва у кейинчалик ҳам бировга пора таклиф этмайди.

Кейинги пайтларда бошланган кампанияда эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ўзларига таклиф қилинган порани олишга розилик бериб, шу тариқа фуқароларни жиноят содир этишга бевосита ундаб, уларни қизиқтириб, порани олиш вақти ва жойини белгилаб, сўнг белгиланган вақт ва жойда яширин видеотасвир остида уларни пора бераётганларида далилий ашё билан «ушлаб», бундай ушлаш тадбири тўғрисида ОАВда шов-шувли хабарлар тарқатиш билан шуғулланаяпти. Энг ёмони, пора берган шахслар жавобгарликка тортилмоқда, лекин пора беришга ундаган ва қизиқтирган мансабдорлар кун «қаҳрамон»ларига айланиб, жавобгарликдан четда қоляптилар.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг «Прокуратура тўғрисида»ги, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги, «Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонунлари 2-моддасида, «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги ва «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги қонунлари 3-4-моддаларида ушбу давлат идораларининг асосий вазифалари белгилаб қўйилган бўлиб, ушбу вазифалар қаторига ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси масалалари киритилган.

Хўш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси деган тушунчалар ўзи нимани англатади?

Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тушунчасининг мазмуни — қилмиш ҳали жиноят ҳисобланмаган, яъни фуқаро жиноят содир этишни ўз олдига мақсад қилиб, ушбу қилмишни режалаштираётган даврда унга йўл қўймаслик, унинг олдини олишдан иборат.

Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси — ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ҳамда мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга барҳам бериш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабабларини ва уларга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш мақсадида қўлланиладиган ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг ҳуқуқий, ижтимоий, ташкилий, тарбиявий ва бошқа чора-тадбирлари тизими.

Қолаверса, «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида «Ички ишлар органларининг ходимларига кимнидир ғайриқонуний ҳаракатларни содир этишга бевосита ёки билвосита қизиқтириш, кўндириш, ундаш тақиқланади» деб аниқ белгилаб куйилганига алоҳида эътибор бериш лозим.

Шу ўринда айтиш керакки, пора таклиф қилиш ҳолатлари тўғрисида раҳбариятга хабар бериш ва пора таклиф қилган фуқароларни жиноят устида ушлаш чораларини кўриш вазифаси прокуратура ходимларига собиқ Бош прокурорнинг ташаббуси билан юклатилган эди. Бундан кўзланган мақсад прокуратура томонидан «коррупцияга қарши фаол кураш олиб борилаётгани»ни давлат раҳбарига кўрсатиш бўлгандир балки.

Шулардан келиб чиқадиган бўлсак, бугун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қонунларга асосан юклатилган асосий вазифаларини, яъни ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга йўл қўймаслик ва уларнинг профилактикаси билан шуғулланиш каби ишларни бажариш ўрнига ўзлари фуқароларни жиноят содир этишга ундаб ва қизиқтириб, қонунбузилиш ҳолатларини атай ташкил қилмаяптиларми деган савол туғилади.

Хуллас, бундай ноқонуний услублар билан коррупцияга карши «курашиш» амалдаги қонунчилик талабларига зид. Шу боис ушбу муаммони Ўзбекистондаги юрист олимлар, прокуратура, суд, адлия идораларининг масъул ходимлари ва адвокатлар муҳокамасига қўйиш, бу борада уларнинг ҳам фикрларини, муносабатларини эшитиб кўриш айни муддао бўлади деб уйлайман, деб ёзади адвокат.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг