Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қашқадарёда судланувчи Ёшлар иттифоқи кафиллигида суд залидан озод этилди

Қашқадарёда судланувчи Ёшлар иттифоқи кафиллигида суд залидан озод этилди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўртасида ўзаро ҳамкорлик Меморандумига асосан, Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми, «б» банди билан айбланган Суннат Шомуродовнинг жиноят иши бўйича жамоат ҳимоячиси сифатида иштирок этди.

Эндигина 23 ёшга тўлган С.Шомуродов Қарши туманидан. У бир гуруҳ тенгдошлари алдовига учиб, қорамол ўғирлаш мақсадида босқинчилик жиноятини содир этган.

Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман суди биносида ўтказилган очиқ суд мажлисида С.Шомуродовнинг жиноят иши кўриб чиқилди.

Суд жараёнида жамоат ҳимоячиси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Шомурод Сатторов томонидан судланувчи С.Шомуродовга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш, келгусида ушбу фуқарони кафилликка олиш таклифи билдирилди ва бу ҳақда кафолат хати тақдим қилинди.

Суд унинг қилмишини ўзи тўла англамаган ҳолда содир этгани, муқаддам судланмагани, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини инобатга олиб, унга нисбатан қўлланилган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазони бекор қилди ва судланувчи Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кафиллиги остида суд залидан озод этилди.

– Катта хато қилдим, – дейди С.Шомуродов. – Ота-онам ва яқинларимни юзини ерга қаратдим. Лекин, яна бир бор менга имконият берилди. Ваъда бераман, келажакда юртимга нафи тегадиган инсон бўламан.

Аҳрор Содиқов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг