Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Қидирувда бўлган оилавий фирибгарлар Тошкентда қўлга олинди (видео)

Қидирувда бўлган оилавий фирибгарлар Тошкентда қўлга олинди (видео)

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан пойтахтимизда яширинча яшаб келаётган оилавий фирибгарлар қўлга олинди, дейилади ИИББ мультимедиа маркази лавҳасида.

Мазкур шахслар фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун Фарғона филояти ИИБ томонидан қидирувга берилган эди. Жиноятчиларни қўлга олишда тезкор гуруҳга фаол қаршилик кўрсатилган.

Фирибгарлар гуруҳи одамларнинг ишончига кириб, тилла тақинчоқ ўрнига уларнинг қалбакиларини сотиш билан шуғулланиб келишган. Уларнинг режаси пухта бўлган: аввалига харидор ишонтирилади, сўнг унга ҳақиқий тилла кўрсатилади, ҳатто заргарга текширтириб унинг ҳақиқийлигини тасдиқлатиб ҳам олишади. Харидор пулни санаётган пайтида тақинчоқлар қалбакисига алмаштириб қўйилади.

«Мен бу ишни 20 йилдан бери қиламан», деган айбланувчилардан бири О.Соҳибова.

Юзлаб инсонларни чув туширган О.Соҳибова аввал ҳам бир неча маротаба судланган. Охирги марта у 2013 йили 6 йилу 7 ойга озодликдан маҳрум этилган. Амнистия туфайли унинг ўталмай қолган 4 йили ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган. Берилган озодлик ушбу аёл учун фирибгарлик орқали мўмай пул топиш дардидан устун бўла олмади. У ҳатто ўз фарзандларини ҳам ушбу қинғир жиноятга бошлади. Алдов туфайли доим одамлардан қочиб юриши сабаб бу оиланинг ҳатто муқим яшаш жойи бўлмаган. Бунинг оқибатида фарзандларининг биронтаси ҳатто ўрта мактаб таълимини ҳам олишмаган.

«Пул санашни биламан. Аммо ёзишни билмайман», дейди О.Соҳибованинг ўғли.

Қидирувга берилган гуруҳ Тошкент шаҳри, Учтапа туманидаги хонадонларнинг бирида ушланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг