Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қўқондаги жиноий гуруҳ қотиллик ҳам содир этган бўлиб чиқди

Қўқондаги жиноий гуруҳ қотиллик ҳам содир этган бўлиб чиқди

Фото: «Uza.uz»

Қўқон шаҳрида одамларни ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб, ўзгаларнинг мулкини босқинчилик ва ўғирлик йўли билан талон-торож қилган жиноий гуруҳ қўлга олингани ҳақида хабар берилганди.

Собиқ ички ишлар ходими бош бўлган мазкур жиноий гуруҳ қотиллик жиноятини ҳам содир этган бўлиб, Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди томонидан уларга ҳукм ўқилди, деб хабар қилмоқда «ЎзА».

Суднинг ҳукмига кўра, М.Олимов Қўқон шаҳар ИИБ ҲООБ профилактика нозири лавозимида ишлаб келган даврда Ш. Назарова билан танишиб, шаърий никоҳ асосида унинг хонадонида яшаб келиб, қиз фарзандли бўлишиб, оила қуришга аҳдлашган бўлса-да, онаси унга уйланишига розилик бермасдан, 2014 йил январь ойида онасининг тавсиясига кўра К.Г билан қонуний никоҳдан ўтиб, унга уйланади.

Буни М.Олимов Ш.Назаровадан яширишга ҳаракат қилади. Аммо у бундан хабар топиб, К.Гнинг иш жойига бориб у билан ўзаро жанжаллашади ва М.Олимов қонуний турмуш ўртоғи К.Г билан яшашни давом эттирса, унинг жиноий шериклари билан амалга оширган қонунга хилоф ишлари ва ахлоққа зид қилмишлари ҳақида маълумотларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарларига топширишни билдиради. Шу билан топширмаслик эвазига 4 минг АҚШ доллари беришни талаб қилиб, уни қўрқитиб келади.

Шундан сўнг, М.Олимов, укаси Ж.Олимов ва шериги А.Бакиматовлар билан бир гуруҳ бўлиб, муқаддам содир этган жиноятларининг фош этилишини олдини олиш учун Ш.Назаровани қасддан ўлдириш ҳаракатига тушишади. Улар 2014 йил 25 апрель куни соат 00:18 ларда Ш.Назарованинг яшаш хонадони олдига келишиб, уни машинага ўтқизишади. Аёл қабиҳ ниятли бу кишиларнинг қўлида ўлим топди.

Шундан сўнг, олдиндан келишувга кўра, мазкур қотиллик жиноятини яшириш мақсадида унинг мурдасини қабристонга олиб келишиб, кўмиб юборишган.

Орадан йиллар ўтиб, уларнинг бошқа жиноятлари юзасидан олиб борилаётган тезкор тадбирлар давомида ушбу қотиллик жинояти ҳам фош этилди.

Жиноят ишлари Фарғона вилояти судининг ҳукми билан М.Олимовга аввалги жазони янги жазога қисман қўшилиб, узил-кесил ўташ учун 20 йил, Ж.Олимов ва А. Бакиматовларга эса 19 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди судланувчилар М.Олимов ва Ж.Олимовларга узил-кесил 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани айтилганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг