Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Русланбек Давлетов Америка юристлари ассоциацияси президенти билан учрашди

Русланбек Давлетов Америка юристлари ассоциацияси президенти билан учрашди

Бугун, 17 октябрь куни Адлия вазири Русланбек Давлетов юртимизга вазир таклифига биноан ташриф буюрган Америка юристлари ассоциацияси (ABA) президенти Роберт Карлсон билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ташрифдан кўзланган асосий мақсад — Ўзбекистон Республикасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа органлари фаолияти  билан танишиш, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасидаги сўнгги ижобий ислоҳотлар юзасидан масалаларни муҳокама қилишдан иборат. 

Томонлар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва қоидаларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш, амалдаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириш, келгусида Ўзбекистонда адвокатлар институти  ва юридик таълим тизимини ривожлантириш, шунингдек, қўшма тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, жумладан адлия органлари ходимларининг бошқа юридик фирмаларда стажировка ўташи соҳасида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.

Ўз навбатида Роберт Карлсон Адлия вазирлиги фаолияти билан яқиндан танишиш имконияти учун миннатдорлик изҳор қилди. У мамлакатда қонун устуворлиги, адлия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ижобий ўзгариш ва ислоҳотларни алоҳида қайд этди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ABA президентининг Бош прокуратура, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Судьялар олий кенгаши, Адвокатлар палатаси, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Тошкент давлат юридик университети раҳбарияти билан учрашувлари ташкил этилди.

Маълумот учун, ABA АҚШнинг йирик ва нуфузли жамоат ташкилоти ҳисобланади.  400 мингдан зиёд амалиёт ўтаётган юристлар, судьялар, давлат прокурорлари, адвокатлари, нотариуслари, илмий доира ва бошқа юридик касб вакиллари ассоциация аъзолари ҳисобланади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг