Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Русланбек Давлетов Жаҳон банки мутасаддилари билан онлайн учрашув ўтказди

Русланбек Давлетов Жаҳон банки мутасаддилари билан онлайн учрашув ўтказди

Жорий йилнинг 6 октябрь куни  Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р. Давлетов ва Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари М. Мантонавелли видеоконференцалоқа форматида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилди.

Онлайн учрашувда, шунингдек, Жаҳон банкининг Вашингтондаги бош офиси вакиллари ҳам иштирок этди.

Адлия вазири Р. Давлетов мулоқот иштирокчиларига вазирлик фаолияти, унинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширишдаги роли, шунингдек мамлакатимизда нафақат фуқаролар, балки бизнес учун ҳам қулай шароит яратишнинг устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди.   Хусусан,  ҳозирги вақтда «тартибга солиш гильотинаси» механизмдан фойдаланган ҳолда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги қонун ҳужжатларни мақбуллаштириш, мамлакатимизнинг қатор сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш, аҳолининг муҳтож қатламларига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, медиация институтини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди. У мазкур йўналишлардаги лойиҳаларни амалга оширишда Жаҳон банки билан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим эканини қайд этди.

Ўз навбатида М. Мантонавелли Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ва самарадорлигига юксак баҳо бериб, ҳамкорлик қилишга ва Адлия вазирлигининг мамлакатимиздаги ўзгаришларни илгари суриш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди.  

Жаҳон банкининг давлат сектори бўйича мутахассиси Халид Малик Адлия вазирлиги ташаббуси «тартибга солиш гильотинаси» механизмига доир илғор дунё тажрибасидан норматив ҳужжатларни мақбуллаштиришда фойдаланиш муҳим эканини алоҳида эътироф этар экан, мазкур йўналишда ҳамкорлик қилиш масаласини кўриб чиқишга тайёр эканини таъкидлади.

Учрашув якуни бўйича ҳозирги вақтда Жаҳон банки томонидан ишлаб чиқилаётган кейинги 5 йилга мўлжалланган Ўзбекистон учун ҳамкорлик дастури («The Country Partnership Framework for Uzbekistan») доирасида Адлия вазирлиги ва Жаҳон банкининг ҳамкорликдаги лойиҳаларини муҳокама қилиш бўйича келишувга эришилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг