Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Самандар Қўқоновнинг «иши» 25 йилдан сўнг Олий судда кўрилди. Ва...

Самандар Қўқоновнинг «иши» 25 йилдан сўнг Олий судда кўрилди. Ва...

Фото: «Xabar.uz»

Собиқ депутат Самандар Қўқоновга оид жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий судида кўриб чиқилди.

Бу ҳақда «Xabar.uz»га мазкур маҳкама матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатининг 1994 йил 23 августдаги ҳукмига кўра, Самандар Қўқонов (1945 йилда Сирдарё вилоятида туғилган, ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти олий, муқаддам судланмаган, собиқ Ўзбекистон халқ депутати, «Тоштранснефтмаҳсулот» корхонаси директори лавозимида ишлаган) Жиноят кодексининг (1959 йилги таҳрири) қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди.

Шу йилнинг 22 апрель куни С.Қўқонов ҳукмга нисбатан кассация тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят бериб, унда ўзини оқлашни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Олий судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан С.Қўқоновнинг шикояти жиноят иши материаллари билан кўриб чиқилди.

Олий суд судлов ҳайъатининг 2019 йил 10 июлдаги ажримига кўра, С.Қўқоновга нисбатан чиқарилган 1994 йилнинг 23 август кунги ҳукми ўзгартирилди. Айбловлардан айрим моддалар чиқариб ташланди, баъзилари қайта малакаланган бўлса (Жиноят кодексининг 1994 йилги таҳририга асосан), қолганлари ўзгаришсиз қолдирилди.

С.Қўқоновга нисбатан аввал тайинланган 20 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси ҳам ўзгартирилмади.

Таъкидлаш керак, С.Қўқонов тайинланган жазони тўлиқ ўтаб бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг