Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Суд раиси адвокатлар билан нималар ҳақида гаплашди?

Суд раиси адвокатлар билан нималар ҳақида гаплашди?

Судья ва адвокат «бир қозонда қайнамаслиги» маълум. Чунки, ҳар иккисининг йўриғи бошқа, йўналиши бошқа. Бироқ пировад мақсади битта: адолатга озор етмасин!

Шу нуқтаи назардан суд тизимидаги ислоҳотларни аҳолига тўғри етказиш, қонунчиликдаги ўзгаришларни тушунтириб боришда адвокатларнинг ўрни жуда муҳим. Шундай экан, ҳимоячилар билан ваколат доирасида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш суд жараёнида баъзан учрайдиган тушунарсиз ҳолатларнинг олдини олади.

Хоразм вилоят суди раиси Баҳодир Полвонов вилоятда илк марта ҳудудда фаолият кўрсатаётган адвокатлар билан учрашганининг туб сабаби шу.

Мулоқотда судья ва адвокат муносабатлари муҳокама марказида бўлиб, адвокатларнинг суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини ошириш ҳақида билдирган фикрлари эшитилди. Шунингдек, учрашувда касб этикаси, одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилиш ва коррупцияга йўл қўймаслик масалаларида ҳам обдон гаплашилди.

Баъзида айрим адвокатларнинг ножўя ва ноқонуний хатти-ҳаракатлари судни обрўсизлантириши, фуқароларнинг судга бўлган ишончига соя солишига  эҳтимолини юзага келтираётгани бор гап. Катта ҳаётий тажрибага эга бўлган адвокатлар бундай салбий ҳолатлар адвокатура тизимига нисбатан ҳам фуқароларнинг ишончсизлигини келтириб чиқаришини таъкидлашди.

Эътиборлиси, мулоқот якунида самарали фаолияти республика даражасида эътироф этилган бир гуруҳ аёл адвокатларга фахрий ёрлиқ топширилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг