Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Тошкент шаҳар суди судьяси мухбирни суд залидан четлаштирди

Тошкент шаҳар суди судьяси мухбирни суд залидан четлаштирди

Фото: «Газета.uz»

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси «Газета.uz» мухбирини «бозоркомлар» иши бўйича мажлис олдидан суд залидан четлаштирган.

Маълум қилинишича, 18 апрель куни 14:00 да Тошкентдаги бир қатор бозорлар раҳбарлари ҳамда шаҳар департаменти амалдорларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси режалаштирилган эди.

Мажлис олдидан мухбир судья котибидан суд жараёни аудиосини ёзиб олиш учун диктофондан фойдаланиш мумкинлигини сўраган. Котибнинг илтимоси билан унга журналист гувоҳномаси кўрсатган.

Судья Сардор Содиқов залга кириб келган вақтда бинода 70 нафарга яқин киши, жумладан 11 нафар судланувчи (иш бўйича жами 22 киши судланмоқда — таҳр.) ва 12 нафар адвокат йиғилган бўлган. Судланувчилардан бирининг адвокати мажлис олдидан судьяга журналистлар зални тарк этишини сўраб мурожаат қилди. У мазкур ишнинг оммавий ёритилишини истамаган ўз ҳимояси остидаги шахснинг айбсизлик презумпцияси масаласини тилга олди.

Сардор Содиқов журналистларга мажлисда иштирок этишни тақиқлай олмаслигини маълум қилган, бироқ ҳукм чиқарилгунига қадар иш ОАВда ёритилмаслик шартини қўйган. Унинг сўзларига кўра, ҳукм чиқарилганидан сўнг пресс-брифинг ташкил этилиб, жараён тафсилотлари маълум қилинади.

«Газета.uz» мухбири эса суд мажлисининг очиқ экани, қонунчиликка кўра, очиқ суд мажлисларида иштирок этиш ҳамда жараённи ёритиш ҳуқуқига эга эканини таъкидлайди.

Сардор Содиқов бошқа адвокатлар ва судланувчилардан ўзининг «Газета.uz» мухбирини залга қўймаслик тўғрисидаги илтимосини қўллаб-қувватлашини сўрайди. Улардан айримлари, жумладан залдаги кўпчилик одамлар унинг ғоясини маъқуллайди.

Судья яна бир марта журналист мажлисда иштирок эта олишини, бироқ уни кейинчалик ёрита олмаслигини таъкидлаган. Мухбир эса, шунга қарамасдан, суд мажлиси ҳақида ёзишини маълум қилади. Бу гапдан сўнг Сардор Содиқов унинг зални тарк этишига буйруқ берган. Асослар ҳақида сўзлар экан, у Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига мурожаат қилиб, очиқ суд мажлисларида алоҳида шахсларни суд залида бўлишини тақиқлаш ҳуқуқига эга эканини таъкидлаган.

Суд мажлиси залида тартибни сақлаб туриш учун зарур бўлган ҳолларда, суд айрим шахсларнинг суднинг очиқ мажлисларида ҳозир бўлишини тақиқлашга ҳақли. Бироқ «Газета.uz» мухбири ҳеч қандай тартибларни бузмаганини айтади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг