Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда суд раиси ёрдамчиси қотиллик қурбони бўлди

Тошкентда суд раиси ёрдамчиси қотиллик қурбони бўлди

Кеча қатор интернет сайтларида Тошкент шаҳар Сирғали туман маъмурий суди раиси ёрдамчиси О. Шомақсудов қотиллик қурбони бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Айтилишича, Сирғали туман маъмурий суди раис ёрдамчиси вазифасида ишлаган О. Шомақсудов ўз таниши, собиқ ЙҲХ ходими, илгари икки марта судланган Рустам Эргашев (1964 й.т.) томонидан қасддан ўлдирилган. У қабиҳ ишини марҳумга аввал мева шарбатига уйқу дори аралаштириб ичириб, ўзини билмайдиган даражага келтиргач, бошига оғир жисм билан урган ҳолда амалга оширган.

Нияти амалга ошгач, Р.Эргашев таниши — муқаддам икки марта судланган Баҳром Амановни (1966 й.т.) чақириб, О. Шомақсудовнинг жасадини йўқ қилишда ёрдам беришини сўрайди. Эвазига Сирғали туманида янги қурилаётган уйлардан олиши учун дастлабки бадални тўлаб беришни ваъда қилади. Шу тариқа икковлон хушсиз ҳолдаги О. Шомақсудовни «Нексия»да Зангиота тумани ҳудудида олиб боришади ва оғзи очиқ қувурга ташлаб, устида тупроқ тортиб юборишади. Бу пайтда О. Шомақсудовнинг жони узилмагани кейинчалик ўтказилган экспертиза тасдиқланади...

Воқелик 2019 йилнинг 26 февраль куни содир бўлган. Олиб борилган тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида Р. Эргашев ва Б. Амонов 4 март куни ҳибсга олинади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати воқеликни тасдиқлади. Бироқ мазкур қотиллик жинояти бўйича тарқатилган хабарларда ноаниқликлар ҳам йўқ эмас.

Чунончи, хабарларда Р. Эргашев ва Б. Амоновга нисбатан қотиллик ва бошқа жиноятлар бўйича айбловлар эълон қилингани ва тергов ҳаракатлари кетаётганига айтилади. Йўқ, бундай эмас. Мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари аллақачон тугаб, ҳатто суд ҳукм чиқариб бўлган.

Яъники, 2019 йил август ойнинг 27 куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси О.Қличев раислигида (халқ маслаҳатчилари Х.Рихсиева, Г.Қосимова) ўтказилган суд якунига кўра ҳар иккала судланувчи Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «в,ж,и,п» бандлари, 267-моддаси 2-қисми «г» банди ва 227-моддаси 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Унга кўра, Р.Эргашев 20 (йигирма) йил муддатга, Б. Амонов эса 17 (ўн етти) йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг