Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Туман адлия бўлимларининг жамият ва халққа қандай фойдаси тегаяпти?

Туман адлия бўлимларининг жамият ва халққа қандай фойдаси тегаяпти?

Фото: Адлия вазирлиги

Президент фармони билан туманларда адлия бўлимлари фаолияти йўлга қўйилганидан хабарингиз бор. Хўш, бу бўлимлар қандай ишларни амалга оширмоқда? Халқ улар фаолиятидан розими? Улар жамиятда қандай ўзгариш қилаяпти?

Каттақўрғон туманидан Самарқанд шаҳар марказига, яъни адлия бошқармасига етиб бориш учун юз чақирим масофани босиб ўтиш керак. Бунга тахминан 1-1,5 соат вақт кетади. Шу куни ишинг битса яхши. Битмаса-чи, яна ортга равона бўласан. Баъзан арзимаган битта ҳужжат учун яна шунча йўлни босиб уйга қайтишга тўғри келарди. Аммо бундай оворагарчиликларга чек қўйилди. Туман адлия бўлимлари фуқароларнинг муаммоларини шу ернинг ўзида бартараф этишга имкон яратди. Мазкур туманда адлия бўлими тузилганига 20 кундан ошди. Аммо шу кичик фурсатда 33 нафар инсоннинг муаммосини ҳал қилишга улгурди. Бўлимда тўрт нафар ҳуқуқшунос фаолият юритмоқда. Каттақўрғон туман адлия бўлими бошлиғи Ўткир Ҳакимовни олиб борилаётган ишлар юзасидан суҳбатга тортдик:

— Адлия бўлимлари айнан туманларда ташкил этилгани фуқароларга қулайлик яратди. Ҳуқуқий билимларнинг етишмаслиги, баъзан эса ўзбекона андиша деймизми ёки бирон муаммо юзасидан қайси идоранинг эшигини тақиллатиш кераклигини билмасдан фуқаролар сарсон бўларди. Баъзан шундай муаммолар бўладики, уларни суд орқали ҳал этиш керак. Суд ишлари эса маълум миқдорда давлат божини талаб қилади. Шунингдек, бирон муаммога ҳуқуқий тушунтириш беришда адвокат хизмати кўрсатилиши учун ҳам давлат божи тўланади. Адлия бўлимларининг ташкил этилиши эса одамлар учун ҳам ҳуқуқий жиҳатдан, ҳам иқтисодий жиҳатдан қулай бўлди.

Масалан, фуқаролар мурожаати юзасидан судга даъво аризалари адлия бўлимлари томонидан киритилади. Бу фуқародан иқтисодий чиқим талаб қилинмайди дегани. Ёки ҳуқуқий тарғибот йўналишини олайлик. Бугунги кунгача 1641 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат идораларига етказилди. Бу рақам қуруқ гап эмас. Демак, шунча ҳужжатдан давлат идоралари хабардор қилинди. Энди улар фуқаролар билан ишлашда эскирган, яъни, ўз кучини йўқотган қонун ҳужжатларидан фойдаланмайди. Жамиятда давлат идоралари ходимлари томонидан йўл қўйиладиган хато камаяди. Шу билан бирга одамларда давлат идораларига ишонч пайдо бўлади.

Яна бир гап. Муаммолар қачон яққол кўзга ташланади? Одамлар дилидагини қачон очиқ-ойдин айта олади? Бу борада адлия бўлими сайёр қабуллар ўтказаяпти. Баъзи одамларга ҳуқуқий тушунтиришлар бердик. Ҳуқуқий тушунтиришлар сони шу йигирма кун учида 80 дан ортди. Кўплаб муаммолар шу тариқа жойида бартараф этилди. Баъзи муаммолар юзасидан судга даъво аризаси киритдик. Барча ҳаракатларимиз халқимиз учун, одамларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш учун қаратилган. 

Камолиддин Аҳмедов,

Каттақўрғон туман ҳокимлиги бош юрисконсульти:

— Адлия бўлимларидан қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш бўйича маслаҳат олиш имкониятига эга бўлдик. Бу эса фаолиятимизда хато ва камчиликлар келиб чиқишининг олдини олади. Маҳаллаларда тарғибот ишларининг кенг йўлга қўйилиши аҳолининг ҳуқуқий саводсизлиги ортидан келиб чиқадиган муаммоларнинг олдини олади. Шу билан бирга туманда жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик каби иллатларнинг олдини олишда адлия бўлимларининг фаолияти муҳим. Бунда туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорликда иш олиб бораяпти. Бундай имконият фуқароларнинг қонунларга ҳурматини, адолат қарор топишига ишончини мустаҳкамлайди. 

Элҳомиддин Шарипов,

Каттақўрғон туман «Каттаминг» маҳалла фуқаролар йиғини раиси:

— Туманимизда адлия бўлими ташкил этилганидан хурсандмиз. Шу кунга қадар маҳаллаларда аниқланган муаммолар асосан одамларнинг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги туфайли келиб чиққан. Фуқароларимиз у ёки бу масалада маҳалла идорасига мурожаат этганида маслаҳат берувчи мутахассислар етарли эмаслиги сабабли улар муаммога ечим топа олмай сарсон бўлар ва юқори ташкилотларга мурожаат этишларига тўғри келарди.

Эндиликда адлия бўлими ҳуқуқшунослари билан бир неча бор тарғибот тадбирларини ўтказдик. Ўзингиз ўйланг, бугун Каттаминг маҳаласида 793 та хонадон бор. У ерда 2363 киши яшайди. Уларнинг ўзига яраша муаммолари бор. Энг муҳими, адлия бўлими ходимлари уйма-уй юриб, муаммоларга ечим топишга ҳаракат қилишаяпти.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг