Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хорижий фуқаролар фарзандларининг Ўзбекистон мактабларида ўқиши қай тартибда амалга оширилади?

Хорижий фуқаролар фарзандларининг Ўзбекистон мактабларида ўқиши қай тартибда амалга оширилади?

Фото: «Idum.uz»

«1976 йилда Ўзбекистон Республикасида туғилганман. Турмуш ўртоғим Қозоғистон Республикаси фуқароси. Фарзандларим ҳам Қозоғистон Республикасида таваллуд топган. Ҳозирда Тошкент шаҳрида яшаяпмиз. Фарзандларимни Мирзо Улуғбек туманидаги мактабларнинг бирида таълим олишини хоҳлаяпман. Айтинг-чи, чет эл фуқароларининг фарзандларини Ўзбекистон Республикаси умумтаълим мактабларига қабул қилиш қай тартибда амалга оширилади?»

Хорижий фуқароларнинг фарзандларини Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 4 августдаги 169-сон қарори билан тасдиқланган «Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва ўқитиш тартиби тўғрисидаги низом»га мувофиқ амалга оширилади. Умумтаълим мактабларида хорижий фуқароларни ўқитиш Халқ таълими вазирлиги томонидан белгиланадиган таълим муассасаларида амалга оширилади. Хорижий фуқаролар Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тегишли таълим муассасасига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:

— ўқишга қабул қилиш ҳақида ариза;

— ўрганилган фанлар ва улар бўйича имтиҳонларда олинган баҳолар (баллар) кўрсатилган маълумоти ҳақидаги ҳужжатларнинг асл нусхалари ва нотариал тасдиқланган нусхалари;

— соғлиги тўғрисидаги тиббий хулоса;

— миллий паспорт ёки туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома;

— 4х6 см. ўлчамдаги 6 та фотосурат.

Ҳужжатларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби Халқ таълими вазирининг 2009 йил 6 июлдаги 180-сон буйруғи билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат умумий ўрта таълим муассасаларига хорижий фуқаролар томонидан ўқишга кириш учун ҳужжатларни тақдим этиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисидаги йўриқномада белгиланган. Унга кўра ҳужжатлар хорижий фуқаро ўқиш истагини билдирган мактаб маъмурияти қошидаги қабул комиcсиясига топширилади.

Қабул комиссияси томонидан ҳужжатлар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимига, сўнгра Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси, вилоятлар халқ таълими бошқармаларига, шундан сўнг Халқ таълими вазирлиги ҳузурида тузилган хорижий фуқароларни мактабга ўқиш учун қабул қилиш бўйича махсус комиссияга топширилади.

Ариза махсус комиссия томонидан 10 кунлик муддатда кўриб чиқилиб, хорижий фуқарони мактабга қабул қилиш ёки қабул қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилади. Махсус комиссиянинг хорижий фуқарони мактабга қабул қилиш тўғрисидаги қарори у билан шахсий шартнома тузиш учун асос бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг