Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ярим тунда «ҳунар кўрсатган» фуқаро «15 суткага кетди»

Ярим тунда «ҳунар кўрсатган» фуқаро «15 суткага кетди»

Фото: Xabar.uz

Каратин қоидаларини бузган яна бир фуқарога нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Олий суд матбуот хизмати маълум қилди. Шунингдек, хабарда қонундан «тегишли насибасини» олган шахс жорий этилган тартибни бузишдан ташқари майда безорилик ва ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларни ҳам содир этгани ҳам айтилади.

Иш тафсилотларига кўра, Ф.Шарипов (1988 йилда Тошкент вилоятида туғилган) 2020 йил 3 апрель куни қоқ ярим тунда жамоат жойида ниқобсиз юриб, устига-устак, маст ҳолатда Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ва Тошкент вилояти Қибрай тумани ўртасида ташкил қилинган блок постида ғалва кўтаради. Шу жойда хизмат бурчини ўтаётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари қонуний талабларини бажармай оғзидан «боди кириб-шоди чиқиши» оқибатида дарҳол қўлга олиниб, унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ҳужжатлар расмийлаштирилади.

Бўстонлиқ туман маъмурий суди уни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатларини содир этганликда айбдор деб топиб, 15 сутка «кесворди».

Олий суд матбуот хизмати қайд этадики, бугун юртимизда аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида карантин тартиби жорий этилган. Бу тартибга қатъий риоя этиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Буни унутишга ҳеч қимнинг ҳаққи йўқ! Карантин тартибини бузиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик муқаррар жавобгарликка сабаб бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг