Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Абадий мавзу»: Покистон, Ҳиндистон, Хитой ҳудудий низолари қандай бошланган? (харита)

«Абадий мавзу»: Покистон, Ҳиндистон, Хитой ҳудудий низолари қандай бошланган? (харита)

Фото: «Twitter»

Ҳиндистон ва Покистон қарама-қаршилиги халқаро муносабатлардаги «абадий мавзу». Ана шу «абадият»нинг ибтидоси Ҳиндистон Британия мустамлакаси бўлган даврнинг интиҳосидан бошланади, хусусан, 1947 йилдан бери баҳсли Кашмир чегарасини демаркациялаш масаласи ечимини топмай келяпти. Яқинда «Inosmi» сайтида Покистон, Ҳиндистон, Хитойнинг ҳудудий даъволари тарихига бағишланган хариталар берилди: минтақадаги зиддиятлар қисқа, лўнда тушунтирилган.

Кашмир

Тарихий Кашмир султонлиги ҳудуди ҳозир тўрт зонадан иборат:

  1. Озод Кашмир (ўзини мустақил деб эълон қилган, тан олинмаган, Покистон томонидан назорат қилинувчи давлат).
  2. Шимолий ҳудудлар — биринчи Ҳиндистон-Покистон уруши пайти Покистон эгаллаб олган туманлар.
  3. Жамму ва Кашмир — Ҳиндистон мухтор штати.
  4. Аксайчин — Ҳиндистон ва Хитой ўртасидаги баҳсли ҳудуд.

Британия Ҳиндистони

Замонавий Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва Мьянма ҳудудлари 1858—1947 йилларда Британия Ҳиндистони — Британ империясининг Жанубий Осиёдаги мустамлакаси таркибига кирган.


Покистон Шимолий ҳудудлари

Покистон Шимолий ҳудудлари аҳолисининг аксарияти — мусулмонлар. 2001 йилги аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Жамму ва Кашмир (Ҳиндистон) штати аҳолисининг 67 фоизи мусулмонлар, 30 фоизи ҳиндуизмга эътиқод қилувчилар, 2 фоизи сикҳлар, 1 фоизи буддистлар. Кашмирнинг Аксайчин ҳудудида деярли одам яшамагани боис ерли аҳолининг эътиқоди ҳақида маълумот йўқ.


Покистондаги этник гуруҳлар

Покистондаги энг йирик этник гуруҳлар: пуштунлар, белужлар, панжобликлар ва синдхлар.


Биринчи Ҳиндистон-Покистон уруши, 1947—1949 йиллар

Британия Ҳиндистонининг бўлиниши натижасида 1947 йилнинг 14 август куни мустақил Покистон Доминиони, 15 август куни Ҳиндистон иттифоқи эълон қилинди. Юзага келган этно-диний чегаралаш оқибатида миллионлаб қочоқлар оқими пайдо бўлди.


Озод Кашмир

Гарчи Покистон томонидан ўзини ўзи бошқарувчи мустақил ҳудуд сифатида расман тан олинсада, Озод Кашмир де-факто Покистоннинг бир қисми. Маъмурий маркази — Музаффаробод шаҳри. Ҳудуд мустақиллиги 1947 йилнинг октябрь ойида, биринчи Ҳиндистон-Покистон уруши бошланишидан аввал эълон қилинган.


Хитой-Ҳиндистон чегара уруши, 1962 йил

Низо тарихи Британия Ҳиндистони ва Тибет чегарасини демаркациялашга бориб тақалади. Ўшандан бери Аксайчин туманидаги баланд тоғли шўр чўл Хитой-Ҳиндистон муносабатларидаги «нозик жой». Хитой шу ердан Тибетга йўл тортган. Бу ерга кўз тикиб турган Ҳиндистон, табиийки, Хитой позицияси ҳудудда кучайиб кетишини истамасди, натижада юзага келган қуролли тўқнашувлардан сўнг, ҳудуд тўлиғича қўли баланд келган Хитой ихтиёрига ўтди.


Қирчинбулоқ (Шаксгама)

1962 йилги Ҳиндистон-Хитой урушидан сўнг Покистон раҳбарияти ХХР билан Кашмир чегарасини демаркациялаш бўйича музокараларга киришди. Покистон Қирчинбулоқ (Шаксгама)ни Хитойга берди, бироқ бу ҳудудга Ҳиндистон ҳам даъвогар. Майдони 5 100 квадрат километрлик бу водий 3 800 метр баландликда жойлашган. Оғир табиат шароитлари боис деярли одам яшамайди.


Назорат чизиғи

 

Назорат чизиғи — Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги юридик жиҳатдан тан олинмаган чегара Биринчи Ҳиндистон-Покистон урушидан сўнг пайдо бўлган. Симладаги 1972 йил 3 июлдаги Битим натижасида бу атама юзага келди. Ҳиндистон 1990—2004 йилларда Назорат чизиғида узунлиги 550 километрли, баландлиги 3,7 метрли сим тиканли тўсиқ барпо этган.


Иккинчи Ҳиндистон-Покистон уруши, 1965 йил

Иккинчи Ҳиндистон-Покистон уруши 1965 йилнинг августида бошланган. Урушга Тар саҳросидаги (Катта Кач) чегаравий низо сабаб бўлди. Ҳар икки мамлакат армиялари тўлиқ жанговар ҳолатда чегарага келтириб қўйилди. Жанговар ҳаракатларда, гарчи Ҳиндистон ва Покистон ўз зафарлари ҳақида бонг урсада, ҳеч бир томон катта устунликка эга бўлмади. БМТ Хавфсизлик кенгаши 22 сентябрь куни душман тарафларни жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чорловчи резолюциясини қабул қилди. Бу АҚШ ва собиқ Иттифоқ бетарафликни сақлаб қолган 60-йиллардаги камдан-кам низолардан бири.


Шарқий Покистон (Бангладеш)

Покистон Ислом республикаси 1971 йилгача икки қисм — Ғарбий ва ундан 1 600 километр олисдаги Шарқий қисмдан иборт эди. Ғарбий Покистонда сиёсий ва иқтисодий ресурсларнинг асосий қисми жамланган бўлиб, ундан ортганигина Шарқий Покистонга тегарди. 1970 йили рўй берган ва ярим миллион кишининг ёстиғини қуритган Бхола тропик циклони Шарқий Покистонда ҳукуматга қарши исён кўтарилишига сабаб бўлди. Исёнчилар ҳукуматни ҳаракатсизликда айблашарди. Парламент сайловларида Шарқий Покистон ваколатларини кенгайтириш тарафдори бўлган партия ғолиб чиққанидан сўнг мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетди. Вазиятдан фойдаланиб қолган Ҳиндистон Покистон мухолифатига ҳарбий кўмак берди.

Учинчи Ҳиндистон-Покистон уруши натижасида Шарқий Покистон ҳудудида 1971 йилнинг 16 декабрь мустақил Бангладеш давлати пайдо бўлди.


Сиачен низоси, 1984 йил

1972 йили белгилаб олинган Назорат чизиғи баланд тоғли Сиачен музлигига етиб бормаганди. Бу ҳудуд ҳуқуқий статусининг бошқарилмаслиги Ҳиндистон ва Покистон ўртасида навбатдаги қуролли тўқнашув келиб чиқиши учун яхши баҳона эди. Бу урушда кўп аскарлар душман ўқидан эмас, балки оғир об-ҳаво шароитидан ҳалок бўлди. Музликнинг катта қисми Ҳиндистон ихтиёрига ўтди. Аммо оғир табиат шароити бу ерда доимий контингент сақлаб туриш имконини бермагани боис, Ҳиндистон ва Покистон сиёсатчилари музликни чегаралаб олиш учун музокаралар столига қайтадан ўтиришга мажбур бўлишди.


«Исиш даври»

90-йилларнинг охирларида Ҳиндистон ва Покистон муносабатларида нибатан «исиш даври» бўлганди. Бироқ Нью-Дели билан яқинлашиш режасини Покистон ҳарбий элитаси вакиллари ўртасидаги зиддиятлар пучга чиқарди. Бунинг устига, ҳарбийлардан ташқари, Кашмир радикал ҳаракати жангарилари ҳам Покистон тарафида туриб курашарди. Расмий Ҳиндистон вакиллари низоларда «уруш» сўзини қўлламасликни маъқул топишди, покистонликлар эса қуролли тўқнашувларда қатнашишганини инкор этиб қўя қолишди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг