Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дастлабки 10 кун: Ўзбекистонда коронавирусдан касалланишлар сони қандай ўзгармоқда (инфографика)

Дастлабки 10 кун: Ўзбекистонда коронавирусдан касалланишлар сони қандай ўзгармоқда (инфографика)

Инфографика: «Xabar.uz»

Коронавирус касаллиги (COVID-19) Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан пандемия сифатида расман тан олинган 11 март кунидан сўнг тўрт кун ўтиб, 15 март куни Ўзбекистонда ҳам биринчи марта аниқланди.

Жонс Ҳопкинс университетининг сўнгги маълумотларига кўра, жаҳоннинг касаллик аниқланган 168 мамлакати ва ҳудудлари орасида вирусни юқтиришлар сони (49 нафар) бўйича Ўзбекистон 100-ўринда турибди.

Бугун, 24 март — Ўзбекистонга коронавирус кириб келганига роппа-роса 10 кун бўлди. Тафсилотлар ҳар куни сайтимизда маълум қилиниб бориляпти, бевосита юқоридаги инфографикадаги рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 16 март (7 нафар), 18 (7 нафар), 20 (10 нафар) ва 21  март кунлари (8 нафар) коронавирусни юқтириш бўйича энг кўп ҳолатлар аниқланган.

Ўзбекистон ССВ матбуот хизматига кўра, коронавирусга чалинган 49 нафар беморнинг 19 нафари эркак, 30 нафари хотин-қиз, шулардан 4 нафари вояга етмаганлар — болалар. Ёш жиҳатдан қарайдиган бўлсак, 0-9 ёшгача — 4 нафар, 10-19 ёшгача — 1 нафар, 20-40 ёшгача — 27 нафар, 40-50 ёшгача — 7 нафар ҳамда 50-59 ёшгача — 4 нафар, 60-70 ёшгача бўлган эса 6 нафарни ташкил этмоқда.

Бугун бўлиб ўтган брифингда Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори, Бош санитария врачи Баҳром Алматов Ўзбекистонда коронавирус қандай тарқалгани ҳақидаги тафсилотларни ошкор қилганди.

Брифингда хушхабар ҳам маълум қилинди: Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг 5 нафарида касаллик белгилари йўқолган, 14 кундан сўнг уларга уйларига жавоб берилади!

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг