Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

06 сентябр, 2019

Фарғонада МИБ ходими калтакланди

Инсайдер 06/09, 15:16 0 2031

Жорий йилнинг 30 август куни МИБнинг Риштон туман бўлими давлат ижрочиси М.О. ўз хизмат вазифасини бажариш давомида қарздор М.М.(1990 й.т.) ни «Учариқ» маҳалласи худудида учратиб қолган ва алимент тўловларидан бўлган қарзларини ундириш билан боғлиқ ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун уни ўзи билан бирга МИБ туман бўлимига бориши лозимлигини билдирган.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, қарздор М.М. уни ҳақорат қилиб, қонуний талабларига бўйсунмасдан фаол қаршилик кўрсатиб, уриб тан жароҳати етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан 5 сентябрь туман прокуратураси томонидан М.М нисбатан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Косон туманида ҳам МИБ ходимларига куч ишлатилган эди. 

16 август, 2019

Кун фотоси: Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва «Kun.uz» журналистларига тажовуз қилган ҳоким ўринбосари

Ҳодиса 16/08, 10:36 0 7407

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Олмазор тумани ҳокими Бахтиёр Раҳмонов (оқ футболкада) ва кечаги кун қаҳрамони — Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов (қора футболкада), деб фотохабар тарқатди телеграмдаги «Қўшни маҳалла» канали.

«Айни дақиқалар. Абдулла Қодирий номидаги истироҳат боғи ёнида. Афтидан, кечаги воқеалар муҳокама қилинаётганга ўхшайди...», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 14 август куни Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳабов суриштирув учун олдига келган «Kun.uz» ходимларига тажовуз қилган, уларнинг шахсий мулкига зарар етказганди.

Олий Мажлис депутати ва бошқа ташкилотлар Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг хатти-ҳаракатларини қоралаб, унинг жавобгарликка тортилиши масаласи кўрилиши лозимлигини қайд этишганди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг хабар беришича, «Kun.uz» сайти мухбири ва Олмазор туман ҳокими ўринбосари ўртасида юз берган нохуш ҳодисага алоқадор барча ҳолатларни аниқлаштириш учун вазият ўрганилмоқда. Ҳокимлик бугун соат 15:00 га қадар воқеа тафсилотларини маълум қилишини билдирган.

01 июн, 2019

Ҳотамжон Кетмонов партия раислигидан кетгани айтилмоқда

Жамият 01/06, 13:01 0 4474

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани айтилмоқда. Бу ҳақда «Human.uz» хабар берди.

Маълум қилинишича, унинг ўрнига Наманган давлат университети ректори лавозимида ишлаб келаётган Улуғбек Иноятов тайинланди.

Маълумот ўрнида, Ҳ.Кетмонов ХДПни 2013 йилдан буён бошқариб келган. У.Иноятов эса 2018 йил июн ойида ректорликка тайинлангунга қадар, халқ таълими вазири лавозимида ишлаб келган.

22 май, 2019

Сарвар Отамуродов «Миллий тикланиш» партиясидан кетди

Жамият 22/05, 13:52 0 4785

Сарвар Отамуродов бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан «Миллий тикланиш» партияси раҳбарлигидан кетган. Бу ҳақда «Davletovuz» канали хабар берди.

Ушбу хабар юзасидан «Миллий тикланиш» партияси матбуот хизмати билан боғландик. Матбуот хизмати ходими бу ҳақда ҳали хабари йўқлигини билдирди.

Қайд этилишича, Сарвар Отамуродов «Ўзагросуғурта» компанияси раҳбари этиб тайинланган.

Эслатиб ўтамиз, Сарвар Отамуродов 2016 йилнинг декабрида ўтказилган Ўзбекистон президентлиги сайловида «Миллий тикланиш» партиясидан номзод сифатида иштирок этган.

 

21 май, 2019

Молия вазирига биринчи ўринбосар тайинланди

Иқтисодиёт 21/05, 22:33 0 4117

Айтишларича, Тимур Ишметов молия вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. Бу ҳақда телеграмдаги «davletovuz» канали хабар берди.

У бунгача 2017 йилнинг июль ойидан буён Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди. Ундан аввал эса Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Тимур Ишметов 1979 йили Тошкент шаҳрида туғилган. 2000 йили Тошкент Молия институтининг Молия ва кредит факультетини, 2005 йили Бирмингем университетининг International Money and Banking йўналиши бўйича магистратурасини, 2007 йили Тошкент Давлат Юридик институтининг «Ҳуқуқшунослик» факультетларини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2000 йили Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида иқтисодчи вазифасида бошлаган.

2017 йил апрель ойига қадар турли лавозимларда ишлаб, Марказий банкнинг Монетар операциялар департаменти, Халқаро резервларни бошқариш департаменти, Ички валюта бозоридаги операциялар департаменти, Валютани тартибга солиш ва назорат қилиш департаментларига раҳбарлик қилган.

10 май, 2019

Президент ташрифидан сўнг Учтепа ҳокими ва уч сектор раҳбарлари бўшатилгани айтилмоқда

Иқтисодиёт 10/05, 23:47 0 6721

Бугун, 10 май куни президент Шавкат Мирзиёев Учтепа туманида бўлиб, туман раҳбарлари, маҳаллалар раислари, зиёлилар, мутасаддилар билан учрашув ўтказгани ҳақида хабар бергандик.

Учрашувда давлатимиз раҳбари туманда саноат ишлаб чиқариши Тошкент шаҳри кўрсаткичидан 2 баробар камлиги, бошқа соҳалар ҳам энг паст даражада эканини кўрсатиб ўтганди.

Шайхонтоҳур тумани депутати Бобур Расулов маълум қилишича, йўл қўйилган камчиликлар сабаб Тошкентнинг Учтепа тумани ҳокими Шуҳрат Атамуҳамедов ва яна уч сектор раҳбари (прокурор, ИИБ ва солиқ бошлиқлари) лавозимидан озод қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Шуҳрат Атамуҳамедов бундан бир йил аввал Учтепа тумани ҳокими этиб тайинланганди.

Қурилиш вазири Абдуқаҳҳор Тўхтаев яна ҳокимликка қайтди

Жамият 10/05, 23:27 0 7289

Қурилиш вазири лавозимида ишлаб келган Абдуқаҳҳор Тўхтаев Шайхонтоҳур тумани ҳокими этиб тайинланган.

Бугун, 10 май куни бўлиб ўтган Шайхонтоҳур Халқ депутатларининг навбатдан ташқари сессиясида унинг номзоди бир овоздан тасдиқланган. Бу ҳақда Шайхонтоҳур тумани депутати Бобур Расулов маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Абдуқаҳҳор Тўхтаев қурилиш вазири этиб тайинлангунига қадар Тошкент шаҳар ҳокими (2005-2011), Жиззах шаҳар ҳокими (2016-2017) ҳамда Олмазор туман ҳокими (2017-2018) бўлиб ишлаган.

Шунингдек, Шайхонтоҳур тумани ҳам унга бегона эмас, у 1996-1999 йилларда шу туманни бошқарган.

04 май, 2019

«Маданият ва маърифат» телеканали раҳбари лавозимидан озод этилгани айтилмоқда

Инсайдер 04/05, 12:00 0 4541

Айтишларича, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, «Маданият ва маърифат» телеканали раҳбари Фарҳод Тўраев эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда «Xabar.uz»га ЎзМТРКдаги манба хабар берди. 

Шунингдек, унинг ўрнига «Оила ва жамият» газетаси бош муҳаррири Воҳид Луқмонов тайинланиши кутилмоқда.

Фарҳод Тўраев «Маданият ва маърифат» телеканалига 2018 йил август ойида директор сифатида тайинланган. Аввал Самарқанд телевидениесида ҳам фаолият юритган. 

17 март, 2019

МИБ ўзининг «мажбурий» мақомидан айрилиши мумкин

Инсайдер 17/03, 12:29 0 3633

Сўнгги вақтларда Мажбурий ижро бюроси ҳақида янграётган кўплаб фикрлар, эътирозлар, танқидлар ортидан, ниҳоят, бу хизмат фаолияти қайта кўриб чиқиладиганга ўхшайди.

«Xabar.uz»да эълон қилинган мақолаларнинг бирида Ўзбекистон тарихида МИБ мисолида мисли кўрилмаган воқелик — прокуратуранинг қонуний тижорийлашуви жараёнини бошимиздан кечираётганимиз ҳақида мулоҳаза юритилганди. Унда МИБнинг вазифаси мажбурият эмас, аслида хизмат экани эслатилганди.


Мавзуга оид: МИБ: «Қарзингиз бўлса нохуш вазиятга тайёр туринг...»


Ўзи аввал бошданоқ бу ташкилотнинг прокуратура тизимида бўлиши турли баҳсларга сабаб бўлаётган эди. Давлатнинг жазоловчи механизмига айланиб қолиши, албатта, унинг обрўсини оширмайди.

МИБ Адлия вазирлиги ҳузурида ёки алоҳида мустақил ташкилот сифатида, ҳеч бўлмаганида, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги қошида ташкил этилиши кераклиги таклиф қилинганди.

«Xabar.uz»нинг манбаси хабар беришича, яқин вақт ичида Мажбурий ижро бюроси фаолияти қайта кўриб чиқилиши кутилмоқда.

Маълум бўлишича, ҳозирда бир неча вариант кўриб чиқилмоқда ва улардан бири танланиши мумкин:

  1. МИБ Бош прокуратура ҳузурида қолади ва унинг номидаги «мажбурий» сўзи олиб ташланиб, бюрога айлантирилади.
  2. МИБни алоҳида мустақил ташкилот сифатида йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилади.
  3. МИБ Бош прокуратура таркибидан чиқарилиб, Адлия вазирлиги ҳузурида фаолият олиб борувчи хизматга айлантирилади.

Шунингдек, бюро таркиби катта қисқартиришларга тушиши ҳам айтилмоқда.

Аввалроқ, мажбурий ижро бюроси қошидаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази» давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилганди.

Куни кеча эса, Президент фармони билан Ўзбекистон прокуратура органлари тизимида айрим лавозим (жумладан, Бош прокурор ўринбосари лавозимларининг иккита штат бирлиги) ва бошқармалар тугатилди, Агросаноат инспекцияси Бош прокуратурадан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди. Мазкур ҳужжатдан прокуратура органларида кадрлар сиёсатини қайта кўриб чиқиш, тизимни ўз лавозимига нолойиқ, профессионал ва ахлоқий талабларга жавоб бермайдиган ходимлардан тозалашга доир вазифалар ҳам ўрин олди.


Мавзуга оид: Қонундаги бўшлиқми бу ёки «Острогорский-мострогорский»лардан қолган мерос?


Бу ўзгаришлар нимани англатади?

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда инсон манфаатлари, тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш масалаларига деярли ҳар бир чиқишида алоҳида тўхталади, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши каби ҳолатлар учраб турганини кескин танқид қилиб келади. Бу борада вазият сезиларли даражада ўзгарди. Халқаро ҳамжамият Ўзбекистон ҳукуматининг ушбу қадамларини олқишламоқда.

Бу йўналишда президент томонидан белгилаб берилаётган чора-тадбирлар инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳамон давом этаётганини ва олдинда бизни жиддий ўзгаришлар кутиб турганини билдиради.

19 феврал, 2019

Шавкат Мирзиёев Сирдарёга учиб кетди

Сиёсат 19/02, 10:08 0 2051

Президент Шавкат Мирзиёев бугун 19 февраль куни ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюради.

«Xabar.uz» манбасининг хабар беришича, президент Сирдарёга вертолётда учиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг охирги сафари Жиззах вилоятига бўлганди.

01 феврал, 2019

ЎзМАА Президент администрацияси таркибига киритилади. Комил Алламжоновнинг мақоми оширилади

Инсайдер 01/02, 20:58 0 1773

Айтишларича, Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги фармон ва қарорни имзолаган. Бу ҳақда телеграмдаги «davletovuz» канали хабар берди.

Унга кўра, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айлантирилган. Агентлик директори эса лавозим бўйича давлат раҳбари маслаҳатчиси биринчи ўринбосарига тенглаштирилган.

Шундай қилиб, агентлик ҳукумат таркибидан чиқарилган ҳамда давлат ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдаги ваколатли органга айлантирилган. Оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, вазирлик ва идоралар матбуот хизматлари фаолиятини яхшилаш ҳамда давлат органлари очиқлигини таъминлаш унинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Бундан келиб чиқадики, давлат ахборот соҳасини ислоҳ қилишни бошлаган. Бу ислоҳотга эса Президентнинг собиқ матбуот котиби К.Алламжонов масъул бўлади.

31 январ, 2019

Хоразмда яна бир суд ходими пора билан қўлга олинган

Инсайдер 31/01, 18:48 0 1210

Хабарларга қараганда жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди судья ёрдамчиси пора билан қўлга тушган. Пора миқдори катта  эмас: икки юз эллик минг сўм!

«Xabar.uz» манбасига кўра, судья ёрдамчиси шу пул эвасига бир фуқаронинг маъмурий суддаги «иши»ни ижобий ҳал этишга ваъда берган. Бироқ...

Мазкур воқелик юзасидан ваколатли органлар томонидан ҳозирча ҳеч қандай маълумот берилгани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, яқинда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг судьяси 12 минг АҚШ долларини пора тариқасида олаётганда қўлга тушган эди.

28 январ, 2019

Инсайдер: Ҳукумат таркиби ва вазирликларда қатор ўзгаришлар юз бермоқда

Инсайдер 28/01, 10:38 0 1162

Айтишларича, мамлакатда «ихчам Ҳукумат»ни шакллантириш бўйича саъй-ҳаракатлар бошланган. Шу кунларда ҳукумат таркибида, шунингдек, марказий вазирлик ҳамда идоралар раҳбариятида қатор ўзгаришлар юз бериши кутилмоқда. Бу ҳақда телеграмдаги «davletovuz» канали хабар тарқатди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Элёр Ғаниев Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган.

Суҳроб Холмуродов

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси Суҳроб Холмуродов эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган. У бошқа лавозимга ўтказилган.

Баҳодир Юсупов.

Қишлоқ хўжалиги вазири Баҳодир Юсупов ҳам лавозимидан озод қилинган.

Жамшид Хўжаев.

Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланган.

Сардор Умурзоқов.

Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ташқи савдо вазирлиги қўшилиб, ягона вазирликка айлантирилган. Инвестициялар ва ташқи савдо (вазирлик номига аниқлик киритилади) вазири этиб «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси Сардор Умурзоқов тайинланган. Суннатулла Бекенов, Лазиз Қудратов, Шуҳрат Вафоев, Бадриддин Абидов янги вазирга ўринбосар бўлган.

Ҳозирча бу хабарлар расмий тасдиқлангани йўқ. Ушбу тайинловларга яқин вақт ичида аниқлик киритамиз.

02 ноябр, 2018

Бош прокурорга янги ўринбосар тайинланди

Инсайдер 02/11, 20:29 0 1038

Рашид Насруллаевич Раҳматов Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Бу ҳақда «Xabar.uz» манбаси хабар бермоқда.

Рашид Раҳматов бунга қадар Қорақалпоғистон Республикаси прокурори лавозимида ишлаб келаётган эди.

01 ноябр, 2018

Ҳукумат ис газидан ўлимлар сони ортаётганидан ташвишда. Очилбой Раматов бошчилигида комиссия тузилди

Жамият 01/11, 20:37 0 1146

31 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида бир оиланинг тўрт фарзанди ҳалок бўлди. 28 октябрь куни Риштон туманида икки киши ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Сўнгги вақтларда ис газидан заҳарланиш оқибатида бу каби фожиали ҳолатлар кўп кузатилмоқда. «Xabar.uz»нинг ҳукуматдаги манбаси хабар беришича, бугун, 1 ноябрь куни бош вазир томонидан ўтказилган селектор йиғилишида ушбу масалага ҳам тўхталиб ўтилган.

Ҳукумат топшириғига биноан, бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида шахсий уйларда иситиш печлари ва иситиш тизимларини текшириш ва назорат қилиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилган. Шунга мос равишда вилоят ва туманларда ҳам намунавий кўринишда комиссиялар тузилиши вазифаси ҳам топширилган.

12 июл, 2018

Самарқандда ҳоким алмашгани ростми?

Жамият 12/07/2018 0 906

Кеча, 11 июль куни қатор интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти ҳокими ва унинг икки ўринбосари, шаҳар ҳокими ва унинг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари ишдан  кетгани ва ҳатто ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар тарқалди.

Самарқанд шаҳридаги қурилиш ишларига ер ажратилиши, аниқроғи, ҳокимият раҳбарияти пора эвазига қурилиш компанияларининг қурилиш қилишига рухсат бераётгани сабаб бундай чоралар кўрилгани маълум қилинди. Ҳатто шаҳар марказида турар-жой мажмуасини қураётган ширкатларнинг мутасаддилари мамлакатдан қочиб чиқиб кетгани айтилди. Албатта бу хабарлар расман тасдиқланмади.

«Дарё» нашри олиб борган суриштирувларига кўра, ҳоким ва унинг ўринбосарлари қўлга олингани ҳақидаги хабарлар ўз тасдиғини топмаган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ҳам ҳоким ва унинг ўринбосарлари қўлга олинганини рад этган. Хабарларда ҳибсга олингани айтилган Самарқанд шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Бобур Элмуродов «Дарё» мухбири билан учрашган. Элмуродов ўз ишини давом эттираётгани ва фуқароларни қабул қилаётгани айтилади.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати ҳам ҳоким ва унинг ўринбосарлари қўлга олингани бўйича ҳеч қандай маълумот келиб тушмаганини таъкидлаган.

Самарқанд шаҳри ҳокими ва унинг ўринбосарлари қамалгани ҳақидаги хабарни биринчи бўлиб чоп этган нашр эса ушбу янгиликни сайтдан ўчириб ташлаган.

Аммо бугун, 12 июль куни навбатдаги хабарлар тарқалди. Айтишларича, Сурхондарё вилояти ҳокими Самарқанд вилоятига, Сурхондарё вилоятига Тошкент вилояти прокурори ҳоким этиб тайинланган. Бу хабарлар ҳам ҳали расман тасдиғини топгани йўқ.

Воқеалар ривожини кузатишда ва маълумотларни аниқлаштиришда давом этамиз. Бизни кузатиб боринг.

18 май, 2018

Тошкент шаҳар ҳокимлиги янги бинога кўчмоқда

Жамият 18/05/2018 0 1151

Яқин кунларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги янги бинога кўчиб ўтиши режалаштирилган. Бу ҳақда «Xabar.uz» манбаси хабар берди.

Маълумотларга кўра, ҳокимлик шаҳардаги Ислом Каримов кўчасига кўчиши режалаштирилган. Бу кўчада ҳозир янги мегаполис — «Tashkent city» халқаро бизнес маркази қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 26 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Бош вазир Абдулла Арипов иштирокида навбатдан ташқари бўлиб ўтган 35-сессияда Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига Жаҳонгир Ортиқхўжаев номзоди бир овоздан тасдиқланган эди.

28 апрел, 2018

Ўзбекистонда Қандолатчиликни ривожлантириш уюшмаси ташкил этилди

Иқтисодиёт 28/04/2018 0 719

Юртимизда қандолатчилик соҳасини янада ривожлантириш ва бу соҳадаги ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги замонавий ёндашувларга асосланган Қандолатчиликни ривожлантириш уюшмаси ташкил этилди.

«Xabar.uz»га маълум қилинишича, ушбу уюшма барча қандолат маҳсулотлари билан фаолият юритувчи ҳамюртларимизга кўмаклашиш, рағбатлантириш ва уларнинг экспорт салоҳиятини ошириш учун хизмат қилади.

Уюшма раҳбари этиб Мухтор Мансурхаджаевич Умаров тайинланган.

25 январ, 2018

Ўзбекистон футбол федерациясининг номи ўзгарди

Спорт 25/01/2018 0 117

Бугун, 25 январь куни Ўзбекистон футбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтиши ҳақида хабар берган эдик.

Навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси деярли бир ярим соатлик кечикиш билан бошланди. Бу ҳақда тадбирда қатнашаётган «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталининг махсус мухбири хабар берди.

Конференция ЎФФнинг ўтган ойлардаги фаолияти билан боғлиқ видеоролик намойиши билан бошланди. Қайд этилишича, Ўзбекистон футбол федерацияси энди Ўзбекистон футбол ассоциацияси деб номланади.

Эслатиб ўтамиз, ушбу конференцияда ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов истеъфога чиқиб, ўрнига бошқа раҳбар сайланиши кутилмоқда.

ЎФФ конференцияси: бугун федерацияга янги президент сайланади

Спорт 25/01/2018 0 55

Бугун, 25 январь куни Ўзбекистон футбол федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтади. Унда федерацияга янги раҳбар сайланиши кутилмоқда.

Айни пайтда конференция делегатлари ва иштирокчилари ўз ўрнини эгалламоқда. «Xabar.uz» ахборот-таҳлилий порталининг махсус мухбири ушбу тадбирда иштирок этмоқда.

Мухбиримизнинг хабар беришича, бугунги конференцияда Умид Аҳмаджонов ўрнига Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов сайланиши кутилмоқда. Бу ҳақда кейинроқ расман хабар берамиз.

Эслатиб ўтиш керак, кеча «Халқ сўзи online» нашрига интервью берган ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов федерациядаги раҳбарлик ваколатини топширишини айтган эди.

Яна