Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Алишер Қодиров электр ва газ нархи ошишига фикр билдирди

Алишер Қодиров электр ва газ нархи ошишига фикр билдирди

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров электр энергияси нархлари ошиши мумкинлиги бўйича хабарларга муносабат билдирди. 

«Кейинги йилларда ривожланган мамлакатлардек яшашни, ҳуқуқ-эркинликларимиз ва даромадларимиз ривожланган давлатлар фуқаролариникидек бўлишини истаяпмиз.

Бундай фаровонликнинг пойдевори иқтисодиёт бўлса, иқтисодиётнинг юраги энергетикадир. Тартибга солинган энергия бозори бўлмаса арзон товар ҳам, инвестор ҳам, ишлаб чиқариш ва пировардида даромад манбаи бўлган иш ўрни ҳам бўлмайди. Дунёнинг бирон давлати энергия бозорини тартибли ташкил қилмасдан туриб ривожланишга эришмаган.

Бугун бу соҳа давлат монополиясида кун кечиряпти. Мутахассисларнинг айтишича, 1 киловатт энергиянинг таннархи тахминан 700-800 сўм атрофида. Ишлаб чиқарувчи компаниялар энергияни зарарига сотмоқда.

Газ ишлаб чиқарувчилар ҳам зарарига ишламоқда. Европада газнинг куби 10 минг сўмгача кўтарилди. Ҳукумат газ ва электр энергияси учун аҳолининг даромад даражасига мутаносиб нарх белгилашга ҳаракат қилаётганлиги албатта яхши, лекин бу сиёсат бутун иқтисодиётимизнинг юрак урушини белгилаб берадиган энергобозорни норентабел, инвесторлар учун Ўзбекистонни ишончсиз ва жозибасиз қилаётганини ҳам тан олиш керак.

Энергия компаниялари даромад кўрмаганидан кейин электр узатиш симларини ҳам газ қувурларини ҳам мунтазам таъмирлаш учун зарур бўлган триллионлаб маблағни бюджетдан ажратилишини кутишга мажбур бўлаяпти. Бюджетда эса бу триллионларни ҳар йили, бемалол ажратишнинг имконияти йўқ. Чекка жойларга энергоресурсларни етиб бормаслигининг асл сабабларидан бири ҳам шу.

Ҳар қанча сабаб топмайлик энергетика соҳаси эркинлаштирилмас экан миллий иқтисодиётимиз ривожланмайди, инвестициялар келмайди, ишлаб чиқаришлар йўлга қўйилмайди, иш ўринлари пайдо бўлмайди ва аҳоли даромадлари ўзгармайди. Юз йилдан кейин ҳам арзон газ ва электр энергияси беқадр бўлади, ўғирланади, инвесторлар бу сунъий бозорга ишонмайди ва биз давлатни айблаб, йўқсулликда умримиз ўтаверади», дея ёзади Қодиров.

Сиёсатчи СССР даврида нархни сунъий ушлаб туриш ҳалокатли бўлганини мисол қилиб келтирган. 

Электр-энергиясининг нархини 10-15 фоизга кўтариш ҳали муаммони ечими эмас, бу соҳа узоқ ислоҳ қилиниши керак. Ҳукумат 2030 йилга келиб нормал бозор тизимига ўтиб олишни режалаштирмоқда, дея фикрини якунлайди Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, Молия вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархлари ва тарифларини ўзгартириш тўғрисида»ги қарор лойиҳаси иш жараёнида эканини маълум қилганди. 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг