Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

АҚШ Аляскани қандай қўлга киритган?

АҚШ Аляскани қандай қўлга киритган?

XX асрда очилган нефт ва газ конларининг ўзидан 200 миллиард долларга яқин даромад олинади.

Фото: «istoriarusi.ru»

Америка қўшма штатлари сафига 49-штат бўлиб кирган Алясканинг Россия томонидан сотиб юборилиши тарихдаги энг йирик ва шов-шувларга сабаб бўлган келишувлардан биридир. 1867 йилдаги давлатлараро шартномага кўра АҚШ 7 200 000 доллар эвазига умумий майдони 1 518 800 км² бўлган Аляска яриморолини атрофдаги кичик ороллар ва қирғоқдан наридаги 10 миля масофагача қўшиб сотиб олади. Энг қизиғи бу келишув кўпчилик ўйлаганидек Американинг ўта айёрлиги туфайли эмас, Россия тарафининг бу ҳудуддан қандай қилиб бўлса-да қутулиш, ҳар қандай суммага бўлса-да пуллаш иштиёқи кучлилиги туфайли амалга ошганди.

Аляска 1732 йилда Михаил Гвоздев ва Иван Фёдоровлар бошлиқ рус экпедицияси томонидан кашф этилган ва Россия империяси мулки деб эълон қилинганди. Узоқ йиллар бу ўлканинг империя учун бирор-бир нафи тегмади. Аляскадан давлат эмас, жисмоний шахслар фойдаланиб юришди. 1799 йилда Аляскада «Рус-Америка компанияси» деб номланган махсус монополистик ташкилот тузилди ва айнан шу ташкилот деярли 70 йил, Аляска сотилгунга қадар бу ҳудудни бошқариб келди.

Аляскани биз олтин, нефт ва беқиёс табиатга эга бой ўлка сифатида биламиз. Лекин у даврларда олтин ва нефт ҳали топилмаган, гўзал табиат эса ҳеч кимни қизиқтирмасди. Рус-Америка компанияси ташкил бўлиб шунча йил ишлади ҳамки давлатга бирор рубл фойда келтирмади. Боз устига бу компания давлат хазинасидан йилига 200 000 рубл дотация (ёрдам пули) ҳам оларди. Чексиз-чегарасиз бу ҳудудда бор-йўғи икки минг нафарга яқин руслар, ундан ҳам оз бошқа миллат вакиллари ва олтмиш мингга яқин маҳаллий ҳиндулар ҳамда эскимослар бир-бирлари билан адоватда яшашарди. Аляскада мустамлакачиларни қизиқтириши мумкин бўлган тузукроқ даромад манбаи йўқ, маҳаллий аҳоли ҳайвонлар мўйнасини пуллаб амал-тақал кун кечирарди. Аксига олиб бу ҳайвонлар сони ҳам руслар яшайдиган жойларда йилдан-йилга камайиб борар, ов қилиш учун маҳаллий аҳоли яшайдиган ички ҳудудларга кириб боришга эса ҳеч кимда юрак йўқ эди. Яна Аляскадан Сан-Францискога муз олиб бориб сотишар, ҳали музлаткичлар ихтиро қилинмаган бу даврда муз ҳам озми-кўпми пул бўларди.

Америка Аляскани сотиб олганидан кейинги ўттиз йил давомида ҳам аҳвол деярли ўзгармади. Мана шу йиллар ичида бу ерларни сотиб олган сиёсатчилар пулни шамолга совурганлар сифатида деярли халқ душманига айланишди.    

Аляскани сотиб юбориш фикри Шарқий Сибир губернатори граф Николай Муравьёв-Амурскийдан чиққанди. 1853 йилда у императорга ёзган хатида Россия бунчалар узоқда бўлган бу ўлкани сақлай олмаслигини, имкон бўлди дегунча Аляскани пуллаб, бу маблағни ички муаммоларни ҳал қилиш ҳамда Сибир, Амурбўйи ерларини ўзлаштиришга, Осиёдаги таъсирларни кучайтиришга сарфлаш лозимлигини батафсил тушунтиради. Турли хил урушларга аралашиб қолган, иқтисоди анча ночор аҳволга тушиб қолган Россия борди-ю Аляскага бирорта давлат ҳужум қилса ҳимоя қилолмаслиги аниқ эди. У даврларда бирор-бир ҳудудни босиб олиш ва ўз мулки деб эълон қилиш бутунлай қонуний бўлиш билан бирга одатий бир ҳол бўлган. Яъни Аляска сотилмаса ё борган сари қудрати ошиб бораётган АҚШ, ё Россия билан ёвлашиб юрган Англия эртами-кечми бу ҳудудга кўз тикиши ва эгаллаб олиши аниқ эди. Техасни Америка Мексикадан тортиб олгани ва камига Калифорнияни ҳам сотишга мажбур қилгани бу фикрнинг исботи эди.

Бу вазият император Александр IIнинг кичик укаси, буюк князь Константин Николаевични қаттиқ ўйга чўмдиради ва у Вашингтондаги Россия вакили, барон Эдуард Стеклга Аляскани сотиш лозимлиги уқтиради. 1857 йилда Россия ташқи ишлар вазирлиги бу таклифни кўриб чиқади ва маъқуллайди. Лекин бу масала АҚШда бошланган фуқаролар уруши туфайли кейинга қолдирилади. 1866 йилда Александр II нинг ўзи ҳам иштирок этган махсус кенгашда Аляскани камида 5 млн долларга сотишга қарор қилинади. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор эди. Ҳали асосий ва ягона харидор бўлган АҚШдан бирор-бир таклиф тушмаган, харидорга сотиб олишни таклиф этиш империя учун дунё ҳамжамияти олдида паст кетишдан ўзга нарса эмасди. Шунинг учун ишни ими-жимида ҳал қилиш бунақа ишларга уста бўлиб кетган барон Эдуард Стеклга юкланади.

1867 йилда Вашингтонга келган Стекл АҚШ давлат котиби Уильям Сюард билан учрашади. АҚШ Аляскани сотиб олиши учун қулай имконият борлигини тагдор гаплар билан писанда қилиб қўяди ҳамда биринчи таклиф АҚШ томонидан чиқишига эришади. Президент Жонсон бу фикрни маъқуллайди ва бу масала юзасидан Уильям Сюардни АҚШ вакили этиб тайинлайди. 1867 йил 30 мартда Аляска сотилиши бўйича иккитомонлама шартнома имзоланади. Аляска 7 200 000 долларга шу пулга яраша олтин бериш шарти билан сотилади.

Бу кўпми-камми?! Нарх борасидаги тортишувлар ҳануз давом этмоқда. Умумий майдони 1 518 800 км² бўлган Аляска яримороли ҳар бир квадрат километри учун 4 доллару 73 центга ёки бир гектари 5 цент атрофида пулланади. Текин бериб юборилган экан-да дерсиз? Лекин ўша даврларда бу жуда катта пул эди. Қиёслаш учун шуни айтиб ўтиш лозимки, деярли 15 штат ҳудудини қамраб олган, Аляскадан ҳам каттароқ 2 100 000 км² бўлган ва яхши ўзлаштирилган тарихий Луизиана французлар томонидан АҚШга 10 млн доллар эвазига сотилганди. Арзон сотилган деган фикр юритувчилар ҳам қайсидир маънода ҳақдирлар. Бойлик тушунчалари анчагина бошқачароқ бўлган у даврларда Нью-Йоркдаги ўша даврда ягона бўлган 3 қаватли суд биноси АҚШ ҳукуматига бутун Аляскага нисбатан қимматроққа тушганди.

1867 йилнинг 18 октябрида Аляска расман АҚШга топширилди ва катта тантанада Россия байроғи туширилиб, милтиқ ўқлари садолари остида АҚШ байроғи кўтарилади. Маҳаллий аҳолига танлаш имконияти берилади. Улар АҚШ фуқаролигини қабул қилишлари ёки Россияга қайтишлари мумкин эди. Шундоқ ҳам Аляскадан безор бўлиб юрган русларнинг кўпчилиги кемаларга ўтириб жўнаб қолишади. Ҳозир ҳам 18 октябрь ҳар йили Аляска куни сифатида нишонланади.

Шартномада келишилган маблағ орадан деярли бир йил ўтгандан сўнг, 1868 йилнинг 1 августида Стеклга топширилади. Бу маблағдан 21 000 доллари Стеклга мукофот сифатида, 10 000 доллар (!) келишув тўғрисида Петербургга хабар бериш учун телеграммага, 134 000 доллари АҚШ ҳукуматини бу келишувга кўндирган турли хил амалдорларга пора сифатида берилади.

Қизиқ факт, Россия Аляска сотилиши учун шунча пул пора беришга ҳам рози бўлган. Аляска учун олинган маблағ асосан Россия темир йўллари тизимини ривожлантиришга сарфланган.

Энди Аляска сотилганидан кейинги фактларга эътибор беринг:

  1. Аляска АҚШ тасарруфига ўтганидан сўнг 30 йил ўтиб бу ҳудуддаги Клондайк деган жойда олтин конлари топилади ва «Олтин талвасаси» бутун дунёдаги олтинтопарларни Аляскага чорлайди.
  2. XX асрда очилган нефт ва газ конларининг ўзидан 200 миллиард долларга яқин даромад олинади.
  3. 1988 йилда ҳисобланишича, Аляскадаги балиқчиликнинг ўзидан 1 кунда Аляска сотиб олинганидан кўра кўпроқ даромад олинаркан.
  4. Аляскани сотиб олиш орқали АҚШ тарихдаги энг фойдали битимни амалга оширган. Бу ўлкадан топилган пуллардан ташқари Аляска АҚШнинг бу сарҳадлардаги ҳарбий салоҳиятини ҳам ошириб юборганди.
7 200 000 долларлик чек

Аляска сотилиши билан боғлиқ миш-мишлар ва нотўғри фикрлар:

  • «Келишув пули тўланмаган ва Америка Россияни алдаган. Шунинг учун Россия Аляскани қайтариб олиши мумкин». Бунинг асло иложи йўқ. Чунки юқоридаги фикрлар ўз исботини топган тақдирда ҳам ҳар икки давлат қонунларида кўрсатилган даъво муддати аллақачон ўтиб кетган.
  • «Аляска сотилмаган. Балки 99 йилга ижарага берилган. АҚШнинг Аляскани ХХ асрга келибгина ўз сафига 49-штат сифатида қўшиб олганининг сабаби шу». Бу ҳам исботини топмаган миш-миш. Аляска сотилаётган даврда императорнинг обрўсини тўкмаслик мақсадида ўйлаб топилган ва қоғозга туширилган уйдирма.
  • «Аляска эвазига олинган олтинлар Россияга етиб келмаган. Йўлда қароқчилар талаб кетишган, қолган-қутганини ортган кема океанга чўкиб кетган». Буям бир миш-миш. Пуллар банкларгача етиб борган ва император хоҳишига кўра сарфланган.
  • «Аляскани узоқни кўра билмайдиган Екатерина II сотиб юборган». Буниси энди ҳеч қандай қолипга сиғмайди. Екатерина II 1796 йилда, Аляска сотилишидан 71 йил олдин ўлиб кетганди.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг