Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Асл қуёнчи сохта қуёнчидан арз қилди

Асл қуёнчи сохта қуёнчидан арз қилди

Мана шу қуённинг вазни 10 килограмм.

Фото: Икром Иброҳимов.

 Ёдингизда бўлса сайтимизда «Огоҳ бўлинг: «OLX»да қуён сотаман» номли хабар эълон қилинган, унда «Ассалому алайкум, «Xabar.uz» таҳририяти! «OLX.uz» сайти орқали андижонлик йигитлар фирибгарлик билан шуғулланаяпти. Энг зўр фландр қуёнларнинг расмини қўйиб, одамларни алдашаяпти» деган сўзлар бор эди.

«Гап шундаки, ана шундай эълонларнинг бирига ишониб, кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилдим. Суҳбат давомида у мен харидор бўлган фландр қуёнлари учун пулнинг ярмини пластик картага ўтказиб бергач, такси орқали юборишини билдирди.

Келишув бўйича айтилган 50 минг сўмни ўтказганимдан сўнг у пулнинг қолганини ҳам юборишимни талаб қилди. Табиийки, буни рад этдим, шундан сўнг у қуённи жўнатмаслигини айтди. Олган пулини қайтаришини талаб қилдим, аммо бунга жавобан рақамимни «қора рўйхат»га киритиб қўйди. Кейин суриштириб билдимки, улар худди шу усулда бошқаларни ҳам алдаб юрган экан.

Ҳурматли таҳририят ижодкорлари! Ушбу мурожаатимни ўрганиб, имкони бўлса, «Xabar.uz»да эълон қилсангиз. Токи бошқа юртдошларимиз мен каби алданиб қолмасин», — дейилган эди мурожаатда.

Юқоридаги мақола эълон қилингач, «OLX» вакиллари биз билан боғланди ҳамда мазкур эълон ўчирилганини маълум қилишди.

Шундан кейин ҳам таҳририятга кўплаб қўнғироқлар бўлди ва айнан шу эълон эгасидан қуён сотиб олмоқчи бўлганлар бу хабарни ўз вақтида эълон қилганимиз учун миннатдорчилик билдиришди. Ҳатто айримлари пулларини қайтариб ҳам олишди. Шу билан мавзу унутилгандек бўлди.

Аммо бу масала бутунлай кутилмаган тарзда давом этди ва таҳририятимизга қўнғироқ қилган Икром Иброҳимов эълондаги сурат аслида унинг акаси Иқбол Иброҳимовнинг сурати эканлиги, акаси чиндан ҳам қуёнчилик билан шуғулланишини айтиб, ўша фирибгар туфайли доимий харидорлари кўнглида шубҳа уйғонганини билдирди. Биз ундан акасининг ҳужжати ва ўша суратларнинг аслини таҳририятимизга йўллашини сўрадик.

Суратнинг интернетда тарқалган варианти ва асли. Фото: Икром Иброҳимов.

Қуйида Иқбол Иброҳимовнинг мактубини эътиборингизга ҳавола этамиз:

«Тўрт йилдан буён қуёнчилик билан шуғулланиб келаман. Ҳозир фландр, ризен ва обер зотли йирик қуёнларни боқаман. Айтишим керакки, натижалар кутганимдан ҳам ортиқ бўлмоқда. Даромади йирик уй ҳайвонлариникидан ҳам анча яхши, камхарж, бу жонивор тез кўпаяди. Афзаллиги шуки, юзталаб боқиш шартмас, ўнта ишчи қуённинг даромади кишини қониқтиради. Гўшт маҳсулдорлиги ҳам юқори, мазали ва шифобахш. Қизиққанлар ва мижозларимиз жуда кўп.

Аммо бундан фойдаланган фирибгарлар дарҳол осон пул ишлашнинг йўлини топишибди. Ижтимоий тармоқларга ва сайтларга суратларимни қўйиб, менинг номимдан қуён сотишаяпти. Содда юртдошларимизга маъқул келаётган томони қуённинг нархи 100 минг сўм, рекламасидаги сурат ҳам ўзининг эмас, менинг суратларим. Шундай қилиб бу соҳада ҳалол ишлаётганларнинг номини ёмонотлиқ қилишмоқда.

Яна бир қизиқ жиҳат: бу қуёнлар ўртача 7-10 килограммгача вазн тўплайди. Нари борса 12 кг.гача семириши мумкин, лекин бундайлари насл учун ярамайди. Фирибгарлар реклама қилганидек 18-25 кг.лик қуёнлар бўлмайди!

Мен ўзим харидор сифатида шулардан бирига қўнғироқ қилиб кўрдим. Айнан менинг фаолиятимни мақтаб, ўз қуёнимни ўзимга сотмоқчи бўлди ва олдиндан пластик картага пул ўтказишни сўради. Кейин мен ўзимни таништириб, нега бундай қилаётганини сўрашим билан рақамимни блоклаб қўйди. Аввало улар пулни олишади ва ўрнига ҳеч нарса беришмайди. Берганларида ҳам нари борса 1-2 килогача ўсадиган хашаки қуёнларни алдаб сотишади. Фирибгарларнинг ёлғонига ишониб қуён учун пул юбораётган юртдошларимизга маслаҳатим — ўз кўзингиз билан кўрмай туриб харид қилишга шошилманг».

Изоҳлар 1

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг