Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бир вилоятдан 735 минг мурожаат

Бир вилоятдан 735 минг мурожаат

Ҳозирда кўплаб солиқ тўловчилар ўз шахсий кабинетига эга.

Фото: «norma.uz»

Бугунги кунда ҳар бир соҳага замонавий ахборот технологиялари ва илғор автоматлаштирилган таҳлил услублари жорий этилиб, интерактив хизматлардан фойдаланиш тобора оммалашиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг "Электрон давлат хизматлари – my.soliq.uz" порталида аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун кенг қулайликлар яратилмоқда.

Эндиликда солиқ тўловчилар солиқ органларига боришларига ҳожат ҳам йўқ. Негаки, порталда юридик, жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун солиқ тўловчининг шахсий кабинетлари жорий этилган. У орқали назорат-касса машиналарни рўйхатдан ўтказиш, ортиқча солиқ тўловларни қайтариш тўғрисида аризаларни, солиқ ҳисоботлари ва декларацияларни давлат электрон кўринишда юбориш каби ишларни бажариши мумкин. Қолаверса, тўланган суммалар, солиқ қарзи мавжуд эмаслиги, ортиқча тўлов каби маълумотларни ҳам олиш имконияти бор.

Порталнинг қулайлиги бу - керакли хизматларни тез ва осон қидириш мумкинлигида. Яъни, давлат солиқ хизмати органларининг барча электрон давлат хизматлари - интерактив ва ахборот давлат хизматларига сараланган. Ҳар бир хизматда фойдаланувчилар учун қўлланма ва хизмат бўйича жавобгар шахс тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган.

- Ҳозирда Давлат солиқ қўмитасининг «Электрон давлат хизматлари - my.soliq.uz» портали орқали 35 турдаги электрон давлат хизматлари кўрсатилмоқда, - дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот технологиялари бўлими бошлиғи Хайрулло Солижонов. – Шундан 15 таси ахборот давлат хизматлари, 20 таси интерактив давлат хизматлари таркибига киради. Айтиш мумкинки, вилоятимизда мазкур хизматлардан фойдаланувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Ҳозирга келиб, 43 мингга яқин солиқ тўловчи ўз шахсий кабинетига эга.

Андижон вилояти давлат солиқ хизмати органлари томонидан олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ўтган йили тўғридан-тўғри мулоқотсиз электрон хизмат кўрсатиш кўрсаткичи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларда 5, жисмоний шахсларда эса 3,3 баробар ортган. Вилоят бўйича 2016 йилда шахсий кабинет орқали 11 минг нафар солиқ тўловчидан 50 мингдан кўпроқ, ўтган йилда эса 43 минг нафар фойдаланувчи томонидан 735 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Албатта, бу порталнинг янада такомиллашгани, кўрсатилаётган хизматларнинг сони ва сифати ортганлиги самарасидир.

- «Солиқ тўловчининг шахсий кабинети» амалиётга татбиқ этилгани аҳолининг барча қатлами учун манзур бўлгани шубҳасиз, - дейди Пахтаобод туманидаги «Пахтаобод 114-қурилиш» масъулияти чекланган жамияти ҳисобчиси Ҳакимжон Усмонов. - Гапнинг очиғи, авваллари бир неча кунимиз солиқ идорасида ўтарди. Айниқса, ҳисоботни топширадиган кунлари навбат кутишдан безор бўлардик. Бунинг устига ҳисоботда бирор камчилик бор бўлса, яна бошқатдан тайёрлаб келишимизга тўғри келарди. Ҳозир-чи?! Энди бемалол, иш жойимизда, ҳаттоки уйимизда ҳам ҳисоботлар ва бошқа ишларни куннинг исталган пайтида шахсий кабинет орқали амалга оширяпмиз. Қисқаси, ортиқча оворагарчилик, қоғозбозлик йўқолди. Муҳими, вақтдан ютяпмиз.

Аслида ушбу лойиҳанинг асосий мақсади ҳам шу. Солиқ тўловчиларнинг, айниқса, тадбиркорлик субъектларининг солиқ органларига боришларини камайтириш, вақт ва сарф-харажатларни тежаш билан бирга иш унумдорлигини оширишдир. Бу - халқ розилигига эришиш дегани.

Дилмурод ПАРПИЕВ, Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош мутахассиси.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг