Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Дадил ташаббус». Евроиттифоқ Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигига оид янги стратегиясини қўллаб-қувватлайди

«Дадил ташаббус». Евроиттифоқ Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигига оид янги стратегиясини қўллаб-қувватлайди

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати томонидан ишлаб чиқилган қишлоқ хўжалиги жабҳасида озиқ-овқат секторини ривожлантириш стратегияси лойиҳасини қўллаб-қувватлайди. Бу борада берилган расмий баёнотга кўра, ЕИ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳаси учун молиявий ёрдамни янада кенгайтириш ва янги стратегияни рўёбга чиқаришда ёрдам беришга тайёр.

«Биз фаровон ҳаётни таъмин этмоғи учун қишлоқ хўжалигини ривожлантириш тарафдоримиз», – дейди ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс.

«Қишлоқ хўжалиги мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши учун муҳим тармоқ ҳисобланади. Ҳукумат томонидан жамоатчилик муҳокамаси учун яқинда эълон қилинган стратегия лойиҳаси аниқ йўл харитасига эга. Ушбу стратегия расмий қабул қилиниб, амалга оширилгач, ҳукумат бу сектор учун янги ва такомиллаштирилган жамоат хизматларини яратиш, шунингдек, фермерлар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун зарур бўлган кўмак ва эркинликни таъминлаш имконига эга бўлади. У Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи етакчи мамлакатлар сафига қўшиши керак», – дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, мамлакат ҳукумати ушбу стратегия лойиҳасини эълон қилиш билан қишлоқ хўжалигидаги реал ва доимий ўзгаришларга содиқлигини ва қатъийлигини яна бир бор тасдиқлади.

«Агар ушбу стратегия лойиҳаси ҳозирги шаклда қабул қилинса, 2017 йил бошидан буён президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида жорий этилган ислоҳотлар ва эркинлаштириш тўлқинлари сақланиб қолади ва кенгаяди. ЕИ ушбу жараённи қўллаб-қувватлашга тайёр. Биз президентни ва унинг жамоасини ушбу дадил ташаббус билан табриклаймиз ва унинг расмий маъқулланишини кутамиз», – дейилади баёнотда.

Стратегияда пахта ва буғдой етиштиришнинг тарихий ёндашувидан бошқа муқобил экинларга босқичма-босқич ўтиш белгиланган. Бу эса Ўзбекистонга бошқа қимматбаҳо боғдорчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш борасида устунлик бериши мумкин.

ЕИ баёнотига кўра, пахта ва буғдой каби сувни кўп талаб қиладиган экинларга боғлиқликни камайтириш мамлакатнинг табиий захираларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Брюссель Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасига йирик грант маблағлари тақдим этиб келади. Хусусан, 2014-2020 йилларда икки томонлама ҳамкорлик доирасида қишлоқларни ривожлантириш, фермерлар ва қишлоқ аҳолиси даромадни кўпайтириш, секторнинг рақобатбардошлиги ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида 168 миллион евро ажратилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 13 сентябрда 2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Стратегияда пахта ва ғалла етиштириш бўйича давлат буюртмаси амалиётидан воз кечиш, вилоят ҳокимлари ва жойлардаги давлат идораларининг ердан фойдаланиш борасидаги мавжуд ваколатларини қайта кўриб чиқиш, фермерларга маҳсулот етиштириш ва бозор танлашда тўлиқ эркинлик бериш, ҳосилни суғурталаш механизмларини кучайтириш белгиланган.

Кузатувчиларга кўра, янги стратегия илмий асосланган ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экспортни кўпайтириш, аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳсулотлар ҳажмини бир неча баробарга оширишга хизмат қилади. Аграр тармоқда экспорт ҳажми 2018 йилда 2,3 миллиард долларни ташкил этган. Стратегияда белгиланаётган вазифаларни амалга ошириш натижасида бу кўрсаткични 2030 йилда 20 миллиард долларга етказиш мўлжалланмоқда.

С.Салим

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг