Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Давлатлар олтин валюта захираларини нима учун тўплайди?

Давлатлар олтин валюта захираларини нима учун тўплайди?

Қиролича Елизавета II Англия банкларидан биридаги олтин захираси сақланадиган жойни кўздан кечирмоқда. 2012 йил 13 декабр.

Фото: The Independent

Яқинда Ўзбекистон Марказий банкининг очиқланган маълумотларида давлатимиз 26 миллиард доллар қийматдаги олтин-валюта захираларига эга эканлиги маълум қилинди. Хўш, бу бойлик нима учун тўпланган, умуман давлатлар қандай мақсадларни кўзлаб олтин-валюта захираларини шакллантирадилар?

Ўзини ҳурмат қилган, эҳтиёт чораларини кўрган ҳар қандай инсон, оила эртанги кунини ўйлайди.  Давлатни ҳам йирик бир оилага қиёслаш мумкин. Келажакни режалаштирган давлатлар албатта ўз олтин-валюта захираларини сақлашни ва кўпайтириб боришни мўлжаллайдилар.

Давлатларнинг олтин-валюта захиралари асосан хорижий валюта (АҚШ доллари, Евро, япон иенаси, Англия фунт стерлинги), қимматбаҳо унсурлар (олтин, олмос, платина), махсус облигациялар ва Халқаро валюта жамғармасига киритилган маблағлар орқали шакллантирилади ҳамда кучли назорат остида сақланади.

Бу шаклдаги бойликлар тўпланишининг ўзига хос сабаблари бор: санаб ўтилган валюталар дунёнинг барча давлатларида қабул қилинади, олтин каби қимматбаҳо металлар одатда ўз қийматини йўқотмайди ва уларни зудлик билан сотиш мумкин, харидоргир облигациялар эса оз бўлса-да, фойда келтириб туради.

Фото: coinnews.net

Олтин-валюта захираларини сақлашдан бир неча мақсад кўзланади:

  1. Миллий валюта курсини кескин тушиб кетишдан асраш;
  2. Кутилмаган вазиятларда (ҳарбий ҳаракатлар, халқаро иқтисодий инқироз, эмбарго, экспортнинг кескин тушиб кетиши) иқтисодни қўллаб-қувватлаш;
  3. Бюджетдаги камчиликларни тўлдириш, ҳар қандай ҳолатда ҳам ижтимоий ҳимояни сақлаб қолиш;
  4. Имконият бўлганда фойда олиш.
Фото: David Levenson / Alamy

Олтин-валюта захиралари бўйича етакчи давлатлар рўйхати бир неча йиллардан буён ўзгармай келмоқда. Яққол етакчи бўлган АҚШ сўнгги йилларда олтин захираларини сарфламай (шунингдек кўпайтирмай) бир хил миқдорда сақлаб келаяпти (8133 тонна). Ҳолбуки ўтган асрнинг эллигинчи йилларида АҚШнинг олтин захираси 20 минг тоннадан ҳам ортиб кетганди (20663 тонна).

Етакчи давлатларнинг валюта захиралари
(2017 йил ХВЖ маълумотларига кўра, млрд. долл.)

1  Хитой 3345
2  Япония 1318
3  Швейцария 765
4  Саудия Арабистони 514
5  Тайван (Хитой тасарруфида) 433
6  Ҳонконг  (Хитой тасарруфида) 430
7  Россия 405
8  Корея Республикаси 376
9  Бразилия 376
10  Ҳиндистон 375
11  Сингапур 264
12  Германия 197

 

Фото: The Daily Economist

 

Энг кўп олтин захираларига эга давлатлар ўнлиги
(2017)

Давлат Тонна олтин
1 АҚШ 8133,5
2 Германия 3373
3 Италия 2451,8
4 Франция 2435,6
5 Хитой 1842,6
6 Россия 1778,9
7 Швейцария 1040
8 Япония 765,2
9 Нидерландия 612,5
10 Ҳиндистон 557,8

Қизиқарли фактлар:

  • АҚШ олтин-валюта захираларининг 75 фоизини олтин шаклида сақлайди;
  • Италиянинг олтин захиралари миқдори 1999 йилдан буён ўзгармасдан келмоқда;
  • Хитой олтин-валюта захираларининг 2 фоизигина олтиндан иборат;
  • Россия сўнгги бир йил ичида ўз олтини миқдорини 200 тоннага ошира билди;
  • Швейцария аҳоли сонига нисбатан ўз олтин захираси (1040 тонна)нинг миқдори бўйича мутлақ етакчи ҳисобланади. Бу давлатнинг ҳар бир фуқаросига давлатнинг 140 грамм олтини тўғри келади;
  • Япониянинг олтин захираси ҳам 16 йилдан буён ўзгармас миқдорда сақланмоқда ва бу захира умумий бойликнинг 2,3 фоизинигина ташкил қилади;
  • Ҳиндистон 557,8 тонна олтин захираси билан ўнликни якунлаган бўлсада, аҳолиси томонидан олтин харид қилиш кўрсаткичлари бўйича сўнгги йилларнинг мутлақ етакчиси ҳисобланади.

Аброр Зоҳидов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг