Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Долларнинг қизиқарли тарихи

Долларнинг қизиқарли тарихи

Чоп этилган пулларнинг 30-50 фоизи АҚШ ҳудудидан ташқарига чиқиб кетади.

Фото: «Xabar.uz»

Асрларки, унга бўлган қизиқиш сусаймаган. Чунки давлатлар захирасининг 50-70 фоизи мана шу валютада сақланади. Бугунги ҳикоямиз бойликнинг ўзига хос рамзларидан бири бўлган Америка Қўшма Штатлари доллари ҳақида.

Доллар сўзининг келиб чиқишини XVII-XVIII асрларда Германияда зарб қилинган ва «талер» деб номланган кумуш тангалар билан боғлашади. Данияда талерлар «далер» тарзида талаффуз қилинади. Инглизлар унга янада жарангдор – доллар номини беришади. Америка қитъаси испанлар колонияси бўлгани боис бу ҳудудда испан тангалари ишлатиб келинарди. Америка Қўшма Штатлари узоқ давом этган урушдан сўнг мустақилликка эришади ва 1785 йилда бу давлатнинг пул бирлиги доллар деб эълон қилинади.  АҚШнинг биринчи долларлари 1794 йилда кумушдан зарб қилинган. 

Доллар муомалага киритилган вақтдан бошлаб АҚШ ҳукумати унинг қийматини олтин билан боғлаган. 1792 йилда олтиннинг бир унцияси 19,3 доллар деб белгиланган. 1834 йилда АҚШнинг олтин захираси етарли бўлмаганлиги туфайли унция баҳоси 20,67 долларга кўтарилган. Бу қиймат асрлар давомида ўзгариб борса-да, долларнинг олтин билан баҳоланиши ва боғлиқлиги сақланиб қолинаверган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин заифлашиб қолган Европа давлатларининг миллий валюталари ҳали тикланмаган иқтисод туфайли қадрсизлиги, долларнинг АҚШ ҳукумати томонидан олтинга алмаштирилиши бўйича кафолат ўз ишини қилади. Доллар кўҳна қитъага оқиб кела бошлайди.

1944 йилда Бреттон-Вудс келишувига асосан АҚШ ҳукумати 35 доллар эвазига бир троя унцияси миқдорида олтин бериш мажбуриятини олади, олтин асосий валютадан захира валютасига айланади.

1960-йилларга келиб бу қийматни сақлаб туриш ҳам муаммога айланади. Олтиннинг нархи яна кўтарилиб кетади. 1971 йилда 38 долларга, 1973 йилда 42,22 долларга тенг бўлади. 1971 йилда президент Ричард Никсон долларнинг олтин билан боғлиқлигига чек қўяди, бу хабар расман 1976 йилдагина эълон қилинади. Ўша йилда Ямайкада бўлиб ўтган учрашувда валюта тизимларининг ўзгарувчан курси йўлга қўйилади, олтин эркин нархда сотила бошлайди.

Бу олтиннинг валюта хусусиятини йўқотганини, доллар захира валютасига айланганини англатарди. «Энди долларнинг дунё бўйлаб ҳукмронлигига чек қўйилди, олтинга алмашилмайдиган валюта ўз қадрини йўқотади» дея фикр юритганлар тез орада хато қилганларига амин бўладилар. Бу вақтга келиб АҚШ доллари ҳар қандай олди-бердида қулайлиги билан қадр қозониб улгурганди.

 

Доллар ҳақида фактлар:

  • АҚШ доллари давлат пул бирлиги сифатида Маршалл ороллари, Салвадорда ҳам ишлатилади. Шунингдек Зимбабвенинг амалдаги валютасидир.
  • 1861 йилдан кейин чиқарилган ҳар қандай федерал банкнот ҳозирги кунда ҳам тўлов воситаси сифатида қабул қилинаверади. Яъни ҳар қандай «эски» пуллар ҳам ўтаверади.
  • Биз билган ва кўрган 1, 5, 10, 20, 50, 100 долларликлардан ташқари 2, 500, 1000, 5000, 10 000, 100 000 долларликлар ҳам бор. Икки долларлик жуда кам нусхада чиқарилган бўлса, катта қийматдаги пуллар фақат банклараро тўловларда ишлатилган. Тўловларнинг электрон тизими (пул кўчириш) йўлга қўйилгач, бу пуллар муомаладан олинган. Лекин бу банкнотлар ҳануз кимларнингдир қўлида бор ва уларнинг нумизматик қиймати номинал қийматидан бир неча баробар ортиқ.
  • Тангаларнинг ҳам ўз номлари бор: 1 центлик — пенни, 5 цент – никел, 10 цент – дайм, 25 цент – квотер, 50 цент – хаф деб юритилади.
  • Ҳар куни АҚШда 35 млн. дона турли номиналдаги банкнотлар ишлаб чиқарилади. Уларнинг умумий қиймати тахминан 650 миллион долларга тенг. Бу пулларнинг 95 фоизи яроқсиз пуллар ўрнига ишлатилади. 2005 йилда бир банкнотни чоп этиш учун тахминан 5,7 цент сарфланиши ҳисоблаб чиқилган.
  • АҚШ федерал захира тизими маълумотларига кўра 1 долларлик 22 ойда, 5 долларлик 24 ойда, 10 долларлик 18 ойда, 20 долларлик25 ойда, 50 долларлик 55 ойда янгисига алмаштирилади. Юзталик энг кўп «яшайди», у 60 ой айланиб юради. 
  • Долларнинг яшил рангда товланиши сабаби ҳам қизиқ. 1869 йилда АҚШ молия вазирлиги Филаделфиянинг «Messers J. М. & Сох» компаниясига янги пуллар чоп этиш бўйича буюртма беради. Унгача бўлган даврда доллар асосан оқ-қора рангда бўлиб, фақат бир четигина яшил рангга бўялган. Фотографиянинг пайдо бўлиши туфайли оқ-қора рангдаги пуллар осонгина қалбакилаштирила бошланди. Бунинг олдини олиш мақсадида банкнотларга бошқа ранглар қўшишга қарор қилинади. Фабрикаларда кўп миқдорда яшил бўёқлар борлиги, бошқа ранглар қўшимча харажатлар келтириб чиқариши мумкинлиги учун шу рангга зўр берилади ва доллар «кўк» (тўғрироғи «яшил») деган яна бир синонимга эга бўлади. Охирги йилларда чоп этилаётган банкнотларда қизил ранг ҳам пайдо бўлди. Ҳар куни доллар ишлаб чиқариш учун тахминан 20 тонна бўёқ сарфланади.
  • Доллар энг кўп қалбакилаштириладиган валютадир. Шунинг учун АҚШда қалбакилаштиришга қарши курашга доим қаттиқ эътибор берилади. Доллар қоғозини фақат битта компания ишлаб чиқаради ва бу компанияга АҚШ ҳукуматидан ташқари ҳар қандай жойга маҳсулот сотиш тақиқланган. Бўёқлар формуласи АҚШнинг Гравировка ва муҳр бюроси сири ҳисобланади. 1990 йилдан бошлаб доллар ҳимояси янада кучайтирилди. Унга қўшимча иплар ва микромуҳр қўйила бошланди. Ҳар 7-10 йилда банкнотлар дизайни ўзгартириб турилади. Доллар фақат иккита фабрикада — Техас ва Вашингтонда тайёрланади ва бу корхоналарда уч мингга яқин ходим ишлайди.
  • Чоп этилган пулларнинг 30-50 фоизи АҚШ ҳудудидан ташқарига чиқиб кетади.
  • Номинал қийматидан қатъи назар ҳар қандай банкнот тахминан 1 грамм оғирликка тенг.
  • Банкнотларнинг асосий дизайни 1928 йилда тасдиқланган ва унга кўра пулларда асосан АҚШ президентлари суратлари тасвирланади: 1 долларликда АҚШнинг 1-президенти Жорж Вашингтон, 2 долларликда 3-президент Томас Жефферсон, 5 долларликда 16-президент, Шимол ва Жануб ўртасидаги уруш ғолиби Авраам Линколн, 10 долларликда АҚШ асосчиларидан бири, биринчи молия вазири Александр Ҳамилтон, 20 долларликда 7-президент Эндрю Жексон, 50 долларликда 18-президент, гражданлар уруши қаҳрамони Улисс Грант, 100 долларликда олим, публицист ва моҳир дипломат Бенжамин Франклин сурати туширилган.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг