Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Дунёдаги ўғирланган миллиардлар рейтинги: Гулнора Каримова нечанчи ўринда?

Дунёдаги ўғирланган миллиардлар рейтинги: Гулнора Каримова нечанчи ўринда?

Фото: «Спутник»

Яқинда Россия собиқ иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаев 2 млн. АҚШ доллари пора олаётганда қўлга тушиб, маҳкамага тортилди ва 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Россия тарихида вазирнинг судланиши ноёб воқеа бўлса-да, дунё миқиёсида йирик давлат арбобларининг порахўрлик ортидан қамалиши тез-тез учраб турадиган ҳодиса.

1. Хитой. Қатлдан ҳам қўрқишмайди

2007 йилда Хитойда озиқ-овқат ва дори воситалари ишлаб чиқариш устидан назорат қилиш бошқармаси раиси Чжэн Сяоуй ҳибсга олинди. У лицензиялар беришда пора олаверган ва фаолияти давомида ноқонуний тарзда «арзимас» 780 минг доллар даромад кўрган. Лекин қатъий Хитой қонунларига кўра, у ўлим жазосига тортилди.

2. Испаниядаги 95 порахўр

2010 йилда Испанияда катта коррупцион жанжал кўтарилди ва турли даражадаги 95 амалдор ҳибсга олинди. Улар орасида икки нафар собиқ мэр, шаҳар кенгаши аъзолари, йирик тадбиркорлар бор эди. Умумий ҳисобда улар давлатнинг 902 миллион доллар пулини «еб» юборганликда айбландилар.

3. Молдова бош вазири ўғирлаган миллиард

Ўзи кичкинагина, умумий бюджети 7,5 миллиард доллар бўлган Молдова учун 1 миллиард долларнинг йўқолиши катта иқтисодий муаммолар келтириб чиқарди. 2015 йилда бўлиб ўтган бу можаро ортидан минглаб кишилар Кишинёв ва бошқа шаҳарларда норозилик намойишларига чиқдилар. Охир-оқибат давлат ғазнасидан ўмарилган миллиард бўйича давлатнинг амалдаги бош вазири Влад Филат айбланиб, жазога тортилди. Лекин ўша пуллар барибир топилмади.

4. Германияда ҳам бор...

Бир қарашда порахўрлик умуман тугатилган Германияда ҳам коррупцион можаро кўтарилганига нима дейсиз? Турли-туман маҳсулотлари билан дунё бўйлаб ном қозонган Siemens компанияси вакилларининг оффшор ҳудудларга ва Швейцария банкларига 420 миллион еврони олиб чиқиб кетиши нафақат бу компаниянинг, балки бутун Германиянинг обрўсига салбий таъсир қилди. Шундан кейин компаниянинг 230 нафар турли даражадаги амалдорлари ишдан ҳайдалди.

5. Атомлар ва миллиардлар

Россия махсус хизмати ходимлари «Росэнергоатом» давлат компаниясининг бир нечта порахўр амалдорлари 20 млрд. рублни жиғилдонларига уришганини аниқлашган. Булар йирик ва мураккаб объектлар қурилишларида юқори малакали мутахассислар ўрнига оддий ишчиларни ишлатиб, шунча пулни ўзлаштириб юборишган.

6. Олимпиадалар ҳам яхши ўлжа

Шунингдек, Сочи олимпиадаси қурилишида ҳам 17 млрд рубл талон-торож қилингани бўйича жиноий ишлар очилган. Ўтказилиши кутилаётган ЖЧ-2018 учун стадионлар қурилиши бўйича ҳам анчагина гап-сўзлар бор.

7. ФИФА ва Швейцария

Йозеф Блаттер ва Мишел Платинининг ФИФАдаги қинғирликлар ортидан 150 миллион долларни ўзлаштирганлари тўғрисидаги хабар нафақат футбол ишқибозларини, балки бутун дунёни ҳайратга солди. Уларнинг айби ҳали суд томонидан исботини топмаган бўлса-да, кейинчалик футболнинг икки буюк корчалони соҳадан бутунлай четлаштирилди.

8. АҚШ ҳам четда эмас

2013 йили Пентагон ўз ҳарбий кемаларига турли давлатларда техник хизмат кўрсатиш учун 200 миллион долларлик шартномалар имзолайди. Энг қизиғи, бу маблағнинг 150 миллиони ҳарбий амалдорларнинг ҳамёнини қаппайтиради. Улар порани нафақат пул шаклида, балки турли кўнгилочар тадбирлар, саёҳатларга йўлланмалар, енгилтак жувонлар шаклида ҳам қабул қилишади. Биргина Таиланднинг ўзида 9 миллион доллар ўмарилгани аниқланади.

9. Чехиядаги 10 кг. олтин

Чехиядаги йирик пора билан боғлиқ шов-шув 2013 йилда бошланди. Ўшанда бир нечта амалдор, депутатлар ва ҳатто бош вазирнинг маслаҳатчиси Ян Надов қўлга олинди. Уларнинг уй-жойлари тинтув қилинганида 7 миллион АҚШ доллари ва 10 килограмм соф олтин топилди. Амалдорлар порани “ёғли” жойларга ишга жойлаштириш учун олишгани маълум қилинди.

10. Яна Россия...

Скольково илмий маркази қурилишида депутат Илья Пономарёв 750 минг долларни пора сифатида олганлиги тўғрисида анчагина шов-шув кўтарилган бўлса-да, вазият судгача бормади. Тез орада 2007 йилдан 2015 йилгача Сахалин губернатори вазифасида ишлаган Александр Хорошавиннинг уйидан 1 миллиард рубл нақд пул, Москвадаги квартирасидан 800 тадан ортиқ заргарлик буюмлари топилди ва бунинг соясида қолган олдинги можаролар босилиб кетди. Губернатор 5,6 миллион доллар пора олганликда айбланиб ҳибсга олинди.

Бу хорижда эълон қилинган коррупцион можаролар. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси томонидан 28.07.2017 йилда тарқатилган хабарга асосланадиган бўлсак, ватандошимиз Гулнора Каримова етакчилигидаги гуруҳ томонидан қайд этилган жиноят ишлари бўйича давлат ва фуқаролар манфаатларига етказилган зарарнинг умумий суммаси 1 трлн. 270 млрд. 200 млн. сўм, 1 млрд. 651,8 млн. АҚШ доллари, 26,1 млн. евро (миллий валютада жами 3 трлн. 746,8 млн. сўм)ни ташкил этади. Гулнора Каримовага АҚШ ҳукумати томонидан ҳам санкциялар жорий қилинган, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г.Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг