Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Энергия тарифлари – ҳақиқат қаерда?

Энергия тарифлари – ҳақиқат қаерда?

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда электр энергияси нархларининг оширилиши атрофида тортишувлар авж олмоқда ва аҳоли томонидан турли эътирозлар билдирилмоқда. Бир томонидан, аҳоли ўзи шундоқ ҳам барқорор таъминланмаган электр энергияси нархининг ошишидан норозилигини ифода этаётган бўлса, иккинчи томондан ишлаб чиқарувчилар нархларни кескин оширишга бўлган эҳтиёжни зарар кўриб ишлаётганликлари билан асосламоқдалар. Электр энергияси нархлари фақат бугун оширилаётгани йўқ.

Ҳозирги кундаги электр энергетикаси соҳасининг молиявий, иқтисодий ва технологик ҳолатининг таҳлили йиллар давомида оширилган нархлар бу соҳани ривожига сезиларли ижобий таъсир кўрсатди деб айта олмаймиз. Электр энергетикаси соҳасида нархлардан ташқари бошқа муҳим бўлган, аммо эътибордан четда қолган омиллар таҳлили бугун жуда ҳам долзарб. Ушбу мақолада нархларнинг ошиши ишлаб чиқариш ҳаражатларини қоплаш нуқтаи назаридан жуда муҳимлигини инкор этмаган ҳолда, мамлакат иқтисодий ривожига ижобий таъсир кўрсатиши учун электр энергетика соҳасини ислоҳот қилишдаги инобатга олиниши лозим бўлган бошқа муҳим жиҳатларни ҳам кўриб чиқамиз.

Ишлаб чиқариш жараёни бор экан, энергия ресурслари унинг асосий омилларидан ҳисобланади. Ресурслар нархларининг ошиши ёки пасайиши ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархига бевосита таъсир кўрсатади. Иқтисодий назарияга асосан, энергия ресурслари нархларининг ошиши, қисқа муддатда, маҳсулот ва хизматлар нархининг ошишига, аҳоли томонидан талабнинг пасайишига ва оқибатда иқтисодий фаоллик пасайиб, ишсизликнинг ошишига олиб келади. Mbanda ва Bonga-Bonga (2018) энергия тарифи ўсишининг иқтисодий ривожланишга таъсирини таҳлил қилади ва унга кўра, макро даражада тарифларнинг ошиши нархлар ва ишсизлик даражасини ошириб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини қисқаришига олиб келганини аниқлайди.

Бошқа томондан эса, нархларнинг ўсиши доимо у ёки бу ресурслардан фойдаланиш самарасини оширади. Юқори нархли ресурсларни бу ресурслардан максимал наф оладиган истеъмолчиларгина сотиб олади. Энергия ресурслари нархларининг ошиши камроқ ресурс сарфлаб кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқаришга мажбурлайди ва узоқ муддатда ишлаб чиқаришда самарали усулларнинг жорий этилишига ва иқтисодий самарадорликнинг ошишига олиб келади. Бундан ташқари, ер қаъридан олинадиган углеводородлар (газ, кўмир, нефть маҳсулотлари) эвазига ишлаб чиқариладиган энергия нархларининг ошиши муқобил энергия манбаларининг фойдалилик даражасини оширади ва истеъмолда рақобатбардош манбаага айланишига хизмат қилади. Бу эса ўз навбатида мамлакат учун атроф-муҳит ифлосланишининг камайиши, электр энергия ишлаб чиқариш манбааларининг диверсификацияланиши, янги тармоқ ва иш ўринларининг яратилиши каби бевосита ижобий таъсирларга эга. Шу билан бир қаторда, аҳоли яшаш давомийлигининг ошиши, иқлим ўзгаришига қарши кураш чораларининг кучайтирилиши, БМТ барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган кўрсаткичларга эришилиши каби билвосита ижобий самараларни ҳам беради. Бунга 70  йилларда нефть экспорт қилувчи мамлакатлар томонидан нефть нархининг кескин ўсиши кўпгина мамлакатлар иқтисодиётида ижобий таркибий ўзгаришларни амалга оширганлиги ва ишлаб чиқариш самарадорлигининг ўсишига замин яратганлигини мисол келтириш мумкин.

Бунинг устига, иқтисодиётнинг ҳар қандай тармоғи сингари, энергия ишлаб чиқариш ва етказиб бериш соҳаси ҳам ўзини ўзи иқтисодий жиҳатдан оқламаса, энергия ишлаб чиқариш имкониятлари аҳоли ва саноат эҳтиёжларидан ортда қолаверади ва узоқ муддатда вазият янада оғирлашиб бораверади. Justice Tei Mensah (2018) тадқиқотларига кўра электр энергиясининг тақчиллиги Африкадаги бандлик даражасига уч томондан салбий таъсир кўрсатган. Кенг миқёсдаги электр энергияси тақчиллиги:

- биринчидан, тадбиркорликка салбий таъсир кўрсатиши орқали янги корхоналар ташкил этишни қийинлаштиради;

- иккинчидан, мавжуд фирмаларнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари ва самарадорлигини чеклайди ва шу билан иш кучига бўлган талабни қисқартиради;

- учинчидан, ишбилармонлик муҳитининг бузилишига сабаб бўлади ва фирмаларнинг савдо ва экспорт рақобатбардошлигини пасайтиради.

Бошқа тарафдан, электрификация даражасининг яхшиланиши қишлоқ жойларда янги иш жойларининг яратилишига олиб келиб, хўжалик юритиш таркибининг транформациясига ёрдамлашади. David Lagakosb (2017) эмпирик усуллар билан қишлоқ электрификацияси Эфиопия қишлоқларида суғориш тизимларининг яхшиланишига ва ҳосилдорлик кўтарилишига ҳамда қишлоқдан шаҳарга миграция жараёнларини секинлаштиришга ҳисса қўшганини исботлаб берди.

Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқарилиши ва истеъмолидаги ҳолат

Ўзбекистон Республикасининг илк ривожланиш даврларида энергетика секторининг аҳамияти жуда катта бўлди. 1995-2014  йиллар мобайнида ушбу тармоқнинг саноатдаги улуши 26  фоизни ташкил этди. Энергия ресурслари экспорти (асосан табиий газ) худди шу даврда жами экспортнинг 13 фоизини ташкил этди ва давлат молиясининг асосий манбаларидан бири бўлиб хизмат қилди. Бироқ, улкан энергия ресурслари мавжуд бўлса-да, Ўзбекистондаги энергия таъминотини аъло даражада деб бўлмайди. Охирги йилларда республикамизнинг электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 60  млрд. кВт*соатни ташкил этиб, унинг 85% (66% табий газ, 19% кўмир) ер  қаъридан олинадиган углеводород ёқилғи турлари эвазига ва 13% ГЭС орқали ишлаб чиқарилмоқда. Яъни, электр энергиясини ишлаб чиқаришда қайта тикланувчи ва экологик жиҳатдан афзал энергия манбаларининг улуши кам.

Ундан ташқари, электр энергиясини тарқатиш тизимини молиялаштириш охирги 30 йил ичида оптимал даражадан анча паст бўлгани оқибатида ҳозирда фойдаланувчилар, корхоналар ва аҳоли учун ишончли энергия таъминотини ташкил этишнинг имкони мавжуд эмас. Айниқса, талаб юқори вақтларда (об-ҳаво кескин қизиб ёки совиб кетганда) авария ҳолатлари кўпайиб, турли асосли эътирозларни келтириб чиқармоқда. Ишлаб чиқарувчи ва турли босқичларда етказиб берувчи субъектлар ўлчаш ускуна ва услубларининг эскирган, номутаносиб ва шаффоф эмаслиги муаммони янада мураккаблаштирса, соҳада инсон омилининг юқорилиги уни бугунги боши берк кўчага киритиб қўйган.

Аҳолининг электр энергияси билан боғлиқ мурожаатларига эътибор берадиган бўлсак, энг кўп кўтарилган масалалар асосан электр энергиясидаги ўчириш ва узилишлар (60,9  %), электр тармоқ ускуналарини (симёғочлар ва трансформаторлар) таъмирлаш ва қуриш (13,8  %), электр ҳисоблагичлари (5,3  %), соҳа ходимларининг хатти-ҳаракатлари устидан шикоятлар (3,4  %) ҳамда электр энергиясидан асоссиз қарздорлик (2,8  %) билан боғлиқ.

Мурожаатлар динамикаси мавсумий характерга эга бўлиб, кунларнинг совиб кетиши ёки исиб кетиши натижасида электр таъминотидаги ўчиришлар ва узилишлар билан боғлиқ мурожаатлар сонининг кескин ошиб кетиши кузатилади.

1-расм. Электр энергия таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар динамикаси

Электр энергиясининг аҳоли томонидан истеъмолини мувозанатлаш учун ривожланган мамлакатлардаги каби талабнинг ошиши ва камайишини ҳисобга олувчи мураккаб нархлаш тизимларини қўллаш имкони мавжуд эмас. 0,4-10 кВ кучланишли тизимларни модернизацияланмаганлиги туфайли бундай инновацион, яъни тиғиз давр юкламасини имкон қадар силлиқлаштиришга хизмат қилдадиган иқтисодий механизмлар қўллаш имконияти мавжуд эмас.

Электр энергиясини ишлаб чиқариш ва тарқатиш тизимининг талаб даражасидаги фаолияти учун зарур тажриба ва малакага эга бўлган техник экспертлар ҳам етишмайди. (Эшчанов ва бошқ.,(2018))

Электр энергиясининг барқарор таъминланмаганлиги аҳоли билан бир қаторда, тадбиркорлар ва ишлаб чиқарувчилар фаолияти ва уларнинг фойдалилик даражасига таъсир кўрсатмоқда. Жаҳон банки (2016) иқтисодчиларининг ҳисоб-китобларига кўра республикамизда электр энергиясининг узлуксиз таъминланмаганлиги натижасида йилига ўртача 1,5 млрд. долл. ЯИМ йўқотилмоқда. Энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалиги секторларидаги эскирган ишлаб чиқариш технологиялари энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини янада пасайтирмоқда.

Ўзбекистонда электр энергиясининг тарифлари ва соҳа истиқболлари ўртасидаги муносабат

Ўзбекистон дунёдаги электр энергиясининг тарифлари абсолют даражада энг паст мамлакатлар қаторида туради, аммо нисбий (ЯИМга нисбатан нормаланган) тарифлар бўйича дунёдаги энг юқори кўрсаткичларга эга (Эшчанов ва бошқ., 2018). Бундан ташқари, электр энергияси тарифларининг валютадаги қиймати ўзгариши жуда беқарор тенденцияга эга. Миллий валюта курсининг 100% дан ортиқ қадрсизланиши энергетика соҳасига икки тарафдан таъсир қилди. Биринчидан, тарифларнинг валютадаги қиймати кескин пасайиши натижасида соҳанинг инвестициявий жозибадорлиги кескин тушиб кетди, иккинчи тарафдан соҳани модернизациялаш учун олинган жуда катта миқдордаги валюта қарзларининг фоизларини тўлаш хам икки баробарга қийинлашди. Натижада, охирги ўн йил ичида тарифларининг истеъмолчи томонидан тўланадиган миллий валютадаги нархи мунтазам оширилганига қарамай, ҳозирда тарифлар операцион ҳаражатларни қопламайди. Тарифларни шу даражада сақлаб қолган ҳолда, бу тизимга инвестициялар жалб қилиш ва электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш имконсиздир.
Боз устига, етказиб берилган электр энергияси учун истеъмолчиларнинг қарздорлиги ҳам юқорилигича қолмоқда. Электр энергияси бўйича қарздорликни ундириш жараёнлари 2017 йил июль ойидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига (Бюро) ўтиши билан янада мураккаблашган. Айниқса, электр энергияси бўйича асоссиз қарздорлик масаласининг кўриб чиқилиш жараёнлари мураккаблашганлигини кўришимиз мумкин.

Бошқа томондан, етказиб берилмаган энергия туфайли ёки узилишлар орқали келтирилган зарарни қоплаш бўйича етарли хуқуқий нормалар мавжуд эмас ва мавжудларини қўллаш амалиёти ҳам сустлигича қолмоқда. Бу борада етказиб берилмаган ёки узилишлар орқали келтирилган зарарни қоплаш бўйича қатъий нормалар белгилаш ва уларни қўллаш амалиётини кучайтириш зарур.

Статистик маълумотларга назар соладиган бўлсак, 90  йилларнинг ўрталаригача ЯИМ ва электр энергия ишлаб чиқариш ўртасида кучли боғлиқликни кўришимиз мумкин.


Манба: https://www.iea.org/countries/Uzbekistan/

2-расм. Ўзбекистонда ЯИМ ва электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг ўсиши

Кейинги даврда эса, республикамизда электр энергиясини ишлаб чиқариш динамикаси ЯИМ ўсиш динамикасидан сезиларли даражада паст бўлган. Коинтеграция методлари орқали ҳисобланганда, электр энергиясини ишлаб чиқариш 1 млрд. кВт*соат миқдорда ошганда қисқа муддатда 0,26  млрд. долл. ва узоқ муддатда 4,15 млрд. долл. ЯИМ ўсишига эришиш мумкин. Бундан кўринадики, Ўзбекистонда электр энергияси ишлаб чиқаришни ошириш ЯИМ ўсишига қисқа муддатда унчалик сезиларли таъсир кўрсатмайди. Бундай паст таъсирчанликка асосий сабаб истеъмол қилинган электр энергиясининг асосий қисми юқори қўшимча қиймат хосил қиладиган соҳаларда эмас, аксинча қишлоқ хўжалиги каби паст қиймат хосил қиладиган ёки уй хўжаликлари каби кўшимча қиймат хосил қилмайдиган секторларга тўғри келишидир.

Иқтисодий ривожланиш назариясининг алифбосида айтилганидек, ривожланиш жараёнининг энг муҳим босқичи бу структуравий ўзгаришларни амалга ошириш босқичидир. Бу босқичда мамлакат ишлаб чиқариш жараёнлари самарадорлиги паст секторлардан (қишлоқ хўжалиги) самарадорлиги юқори секторларга (саноат) кўчади. Фан техника ютуқларини жорий қилиш ва миқёс самарадорлигига эришиш хисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таннархи пасайтирилади. Бу эса ўз навбатида ахоли бюджетида озиқ овкат харажатлари улуши камайиши ва саноат маҳсулотларига бўлган талабнинг ошишига олиб келади. Кўпгина мамлакатларда айнан мана шу принципни инкор қилган ҳолда саноат корхоналарини очиб, маҳсулот ишлаб чиқариш бошланади. Оқибатда даромадларининг катта қисмини озиқ-овқатга сарфлаётган аҳоли томонидан саноат маҳсулотларига талаб етарли даражада бўлмайди ва бу саноат ривожини чеклайди.

Структуравий ўзгаришлар ишлаб чиқариш ресурсларининг ҳам мутаносиб тақсимланишини талаб қилади. Мустақиллик йилларига назар соладиган бўлсак, саноатнинг улуши икки баробардан ортиқ ўсганига қарамай, ҳали ҳам электр энергиясининг 45% қисмини қўшилган қиймат яратиш қобилияти паст бўлган қишлоқ (24%) ва уй хўжаликлари (21%) истеъмол қилмоқда. Айни шу сабабларга кўра, Ўзбекистон ҳар бир бирлик ЯИМ ишлаб чиқариш учун энг кўп энергия сарфлайдиган мамлакатлардан бири ҳисобланади. Мамлакатмизда энергия ишлаб чиқаришни ривожлантиришнинг стратегик режалари билан бир қаторда, уни турли инновацион йўллар билан иқтисодиётнинг турли секторлари ўртасида оптимал тақсимлашга олиб келадиган дастур ва режалар бўлмас экан, ишлаб чиқарган ресурсларимиз самарасиз секторларда қолиб кетаверади.

Энергияни самарадорлиги юқори ва қўшилган қиймат яратадиган секторлар орасида оптимал тақсимланишини таъминловчи нархлаш методларини яратиш шарт. Узоқ муддатли энергия самарадорлигини оширишни кўзда тутувчи инвестицион стратегик давлат дастурларини шакллантириш даркор. Айниқса, қишлоқ хўжалиги ва уй хўжаликларининг энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳимдир. Энергетика сектори электр энергияси ишлаб чиқариш ва етказиб бериш жараёнидаги катта йўқотилишларни камайтиришни ўз зиммасига олиши лозим.

Энергия ресурслари нархларининг ошиши нималарга олиб келади?

Илмий мақолаларда энергия ресурслари нархларининг ошишининг турли жараёнларга таъсири ўрганилган. Ушбу мақолада электр энергиясининг нархлари ошиши туфайли инфляциянинг ошиши оқибатида бўладиган макроиқтисодий ўзгаришлар таҳлил қилинди. Йохансен коинтеграцион методи ва вектор авторегрессив модели орқали инфляцион босимнинг ошиши оқибатида макроиқтисодий кўрсаткичларнинг 2,5 йил (10 чорак) давомида қандай ўзгариши сценарийси ҳисоблаб чиқилган. Қуйида келтирилган расмдаги (1-расм) ҳар бир блокда битта макроиқтисодий ўзгарувчига бир бирлик импулс берилганида иккинчи макроиқтисодий ўзгарувчининг вақт ўтиши билан қандай ўзгариши тасвирланган. Ушбу коинтеграцион моделдаги барча макроиқтисодий ўзгарувчилар бир-бири билан узвий боғлиқликда, бир тизим сифатида қаралади.

Кўриб турганимиздек, Ўзбекистонда ҳам макроиқтисодий даражада тарифларнинг ортиши инфляция даражасини орттиради. Инфляция даражасининг ортиши ўз ўрнида ЯИМ камайишига олиб келади ва биринчи йилда қисқариш кескин бўлади (1-блок). ЯИМ камайиши оқибатида ишсизлик 1 - 1,5 йил давомида ортади (2-блок). Инфляцион муҳит ташқи инвесторлар учун мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини камайтиради ва ташқи инвестициялар оқимини қисқартиради (3-блок).

3-расм. Импулс таъсирчанлик функциялари

Халқаро валюта фондининг прогнозларига кўра 2019 йилда кутилаётган инфляция даражаси юқорилигича қолади (16.5%).

Бундай юқори инфляцион босим даврида иш хақи ва энергия ресурслари нархининг оширилиши инфляция даражасига янада кучли босим кўрсатади. Салбий таъсирлар занжирининг биринчи қисмида инфляция даражасининг ошишини ҳисобга олган ҳолда, энергия нархлари оширилишининг салбий оқибатларини юмшатувчи қарши қўшимча чора-табдирларни амалга ошириш зарур.

Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ходими
Х. Обидов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг